Мўмин-мусулмонлар интиқиб кутган Рамазон ойи ҳам кириб келди. Юртдошларимиз ўзгача кайфият ва шукуҳ билан ушбу фарз амалини адо этишмоқда. Айниқса, бу йилги Рамазони шарифда мамлакатимиздаги 1380 дан ортиқ жоме масжидларида таровеҳ намозлари ўқилаётгани, Қуръони карим хатм қилинаётгани барчамизнинг кўнглимизни шод қилмоқда.
Ўтган йили мўмин-мусулмонлар каронавирус пандемияси сабаб таровеҳ намозларини жамоат бўлиб ўқий олмаган, хатми Қуръон фазлидан баҳраманд бўлолмаган эди. Бу гал эса Аллоҳ таолонинг инояти билан ана шундай бахтга сазовор бўлмоқдамиз.
Афсуски, коронавирус хасталиги ҳали-ҳамон бутунлай бартараф бўлгани йўқ. Шунинг учун намозхонларимиз таровеҳ намозларида карантин қоидаларига қатъий риоя қилишлари талаб этилмоқда.
— Ҳар оқшом масжидга чиқиб, таровеҳ намозларини чиройли тарзда, ҳушу ва завқ билан адо этмоқдамиз, — дейди пойтахтимизнинг “Новза” маҳалласида истиқомат қилувчи Ойбек ота Отажонов — Ҳамма тиббий ниқобда, саломатлигимизга жиддий эътибор бермоқдамиз. Дуоларимизда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, шу билан бирга жаҳонга ташвиш солиб турган коронавирус касаллиги тезроқ бартараф бўлишини Аллоҳ таолодан илтижо билан сўрамоқдамиз.
Юртимиз масжидларидаги қуръонхонликлар бутун дунё мусулмонларида ҳавас ва шодлик уйғотмоқда. Айниқса, хорижда ишлаб, ўқиётган ватандошларимиз бу ҳақда илиқ фикрларини изҳор этишяпти.
— Ижтимоий тармоқларда ушбу хабарларни ўқиб жуда хурсанд бўлдим, — дейди Жанубий Кореянинг Пусон шаҳридаги Dong-A университети талабаси Олмосжон Қодиров. — Ҳамма юртдошларимга Рамазон ойи муборак бўлсин! Таровеҳ намозлари ҳамда хатми Қуръон савобларидан Ўзбекистонимиз тинч, осуда, янада равнақ топаверсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби кўпайтириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар.
Рўзадорлар мазкур дамларни ғанимат билиб, муборак ҳадиси шарифларга амал қилиб, ҳар қачонгиданда эзгу ва хайрли ишларга бош қўшмоқдалар. Хусусан, ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган кишилар ҳамда кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват улашилмоқда, беморлар ҳолидан хабар олинаяпти.
Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати ёғилиб турган Рамазон ойида барчаларимизнинг дуоларимиз қабул, муродимиз ҳосил бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Инсон ер юзидаги энг гўзал яратиқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Шундай экан, нега замон тараққий этгани сайин инсонлар бир-бирини етарлича қадрламай қўймоқда. Бари инсон учун хизмат қилишга яратилган бойлик, тилла-темир ва бошқа матоҳлар баъзан инсондан кўра кўпроқ авайлаб-асралмоқда. Бир чинни идишни авайлаганчалик бир кўнгилни авайламайдиган насллар пайдо бўляпти...
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарини ўқир эканман, шулар ҳақида ўйладим. Ушбу асар азиз ва мукаррам қилинган инсоннинг қадр-қиммати билан боғлиқ муаммолар муолажасига хизмат қилади. Унда одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаънини юксалтириш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёмон хулқ ва фитналардан узоқ юриш йўл-йўриқлари кўрсатилади.
Зеро, бугун ахборот тўқнашуви авж олган, ер юзининг турли нуқталари бир зумда алоқа боғлай оладиган бир пайтда инсоният низо ва можаролар гирдобида қолмоқда. Шундай экан, ҳозирги тараққиёт даврида одамийлик мезонларига риоя этиш, ўзаро аҳиллик муҳити яратиб, саодатли ҳаёт кечириш йўлида ушбу асар ҳам бир маёқ вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ.
“Инсон қадри” китоби ҳар бир ватандошимизга муборак ва манфаатли бўлсин!
Акбаршоҳ Расулов