Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:02
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2025, ,

Шайх Абдулфаттоҳ абу Ғудда ва Шайх Албоний ўртасидаги мунозара

10.11.2023   3499   3 min.
Шайх Абдулфаттоҳ абу Ғудда ва Шайх Албоний ўртасидаги мунозара

    Шайх Албоний ва ҳадис илмида усулий аллома бўлмиш шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда ўртасида илмий мунозара бўлган эди. Бу хабарни менга вафотидан олдин шайх Муҳаммад Мунир раҳимаҳуллоҳ Мадина шаҳрига келганида айтиб берган эди.

Бу мунозара Риёз шаҳрида бўлди.

Шайх Абдулфаттоҳ:

    – Сиз ҳадис илмининг олими ва муҳаддисмисиз?, – дея сўради.

Шайх Албоний:

    – Шундай дейишади, – деб жавоб берди.

Шайх Абдулфаттоҳ:

    – Унда бу илм санадларини қайси олимдан олгансиз, яъни қайси уламодан ўргангансиз?

Шайх Абдулфаттоҳ:

    – Ҳадис илми ҳадис аҳлидан ўрганилмас экан, китобдан илм олган инсон муҳаддис ҳисобланмайди! – деди ва яна давом этди:

    - Сиз наҳв ва сарф (араб тили грамматикаси) ва бошқа илмларда ҳам олиммисиз, деб сўради ва у ердагиларга "Саҳиҳул Бухорий"ни келтиришларини айтди. "Саҳиҳул Бухорий" китоби келтирилди.

Шайх Абу Ғудда китобнинг Ғазот бўлимини очиб, уни шайх Албонийга узатди ва:

     – Бизга мана шу ҳадисни ўқиб беринг, – деди.

Шайх Албоний ҳадисни ўқий бошлади. Ҳадисдаги "ирбаъуу" калимасига етганида эса фатҳа билан "арбаъуу", дея ўқиди.

Ушбу калима фатҳа билан "арбаъуу" деб ўқилса "тўрт оёқлаб юринг", деган маънони ифодалайди. Агар касра билан "ирбаъуу", дейилса, унда "тўрт киши бўлиб юринглар", деган маънони англатади. (мазкур ҳадисда эса мулойим бўлинглар, деган маънода келтирилган).

Шунда шайх Абу Ғудда:

     – Бўлди, сизнинг илмингиз даражасига "тўрт оёқлаб юриш"ингиз кифоя, илмда моҳир эмаслигингизга мана шу етади, – деди.

Сўнгра:

    – Эй "тўрт оёқлаб юрувчи", бориб аввал луғат илмини ўрганинг, сўнгра эса ҳадис илми билан шуғулланасиз, – деди.

Аммо Саудлар оиласи ҳадис илмида илмсизликлари боис, шайх Албонийни Исломий университетда бир муддат ҳадис илми бўйича мударрис қилиб тайинлашди.

Ўша мударрислик муддатида Албоний шогирдларга бундай деган эди:

    – Агар қўлимдан келганида эди, Мадина масжидидан Расулуллоҳнинг қабрини чиқариб ташлаб, масжиднинг яшил қуббасини бузиб ташлаган бўлар эдим.

Унинг шогирдларидан бири бўлмиш Жуҳаймон (Утайбий) эса 1400 ҳижрий йил бошида (1979 йил 20 ноябр) бомдод вақтида ҳарамга қурол-аслаҳали қўшин билан кириб Каъбатуллоҳни эгаллаб олди. Ҳарамнинг эшикларини ёпиб олиб, яқинларидан бирини “имом Маҳдий” дея эълон қилди. Каъбани тўплардан ўққа тутди. Ҳожи ва умрачилардан 1400 га яқин ҳалок бўлди ёки жароҳатланди.

Жуҳаймон бу ишларида Албонийдан олган дарсларига асосланган эди.

 Ушбу фитнали ишларидан сўнг Албонийни Саудиядан чиқариб юборишди. Баъзи одамлар эса бу инсонга алданиб қолишган ва ҳануз алданишмоқда. Кўплаб олимлар, хусусан шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда, шайх Абдуллоҳ Сирожиддин Ҳалабий бу ҳақда сўзлашган.

Бу инсон ҳақида шайх, муҳаддис Муҳаммад Аввома:

    – Албоний Ислом умматини парчалаб ташлади, – деган эди.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аҳли сунна вал жамоа кимлардан иборат?

22.12.2025   5108   2 min.
Аҳли сунна вал жамоа кимлардан иборат?

Бу уммат бошидан охиригача бир ақида – ашъарий-мотуридийлик ақидасида эди. Муфассирлар, ҳадис шориҳлари, фуқаҳолар, навҳ ва луғат уламолари, буларнинг деярли барчаси эътиқодда бир йўлни тутишган эди. Бу гапни исботлашга ҳожат йўқ, бу ҳақиқат экани кундек равшан аксиомадир. Уламоларнинг таржимаи ҳоллари ҳақида ёзилган китоблар олимларни бу мазҳабларга мадҳ ва мақтов ўлароқ нисбат берганини кўрасиз. Буюк уламолар ҳақида маълумотлар келтирилганда Имом Фалончи, мазҳаби шофеъий, ё ҳанафий, ақидада ашъарий ё мотуридий, дейилган. Кўпинча олимнинг тасаввуфдаги тариқатига ҳам тўхтаб ўтилади. Масалан, Имом Жунайд тариқатида бўлса, Жунайдий нисбати берилади.

Бу одат яқин-яқингача давом этиб келаётган эди. Бунга биров эътироз ҳам билдирмаган, инкор ҳам қилмаган. Бирон олим ҳақида гапирилар экан, фиқҳда тўрт мазҳабда қайсига эргашиши, ақидада ашъарийми мотуридийми қайси манҳажда экани ва тариқатдаги йўли баён қилинмай қолмаган. 

Бу дастур умматни шарқию ғарбини, шимолию жанубини минг йилдан бери ягона қалбга, ягона фикр атрофига жамлаб келади. Бирон одам оғриса, бутун тана ўша касал аъзо учун қайғуриб, даволашга киришарди. 

Тарихимизни зийнатлаб турган, бугунги шармандаликларни бир мунча тўсиб турган тарихий ғалабаларимиз ҳам шу ақида, шу тафаккур воситасида қўлга киритилган.

Ҳиттинда салибчиларни ер тишлатиб, Қуддусни қайтариб олган Салоҳиддин Айюбий ва унинг қўшини айни шу мазҳаб ва тариқатларда бўлишган. Биронталари бугунги салафийликни билган эмас. 

Музаффар Қутз, Зоҳир Бейбарс ва улар билан елкадош бўлган Изз ибн Абдуссалом каби уламолар мазҳабда бўлишган. Айни Жолутда мўғулларни тор-мор келтиришда ҳам асосий қуролимиз бирлик эди. Ўша пайтда бошини баланд кериб: “Бидъатчисизлар, ширк келтиряпсизлар, қабрларни зиёрат қилиш ширк”, деб қичқирадиган шаллақилар бўлмаганди. 
 
Султон Муҳаммадхон Фотиҳ ва унинг қаторидаги олим ва муршидлар динда бир манҳажни тутишган эди. Кофирлар қўлида қолиб кетган шаҳар (Қустантиния)ни фатҳ қилиб, машҳур ҳадисда келган башоратга* ноил бўлишди. Аммо ҳадис мусулмон ашъарий-мотуридий қўмондон ва унинг қўшини ҳақида эканидан қалблари ёниб, ҳасад қилаётган бугунги бемазҳаб тоифалар ҳадиснинг тасдиғини бузиб талқин қилишмоқда. (давоми бор)

Доктор Аҳмад Муҳаммад Фозил,
Истанбулдаги Султон Муҳаммад Фотиҳ жомеъаси,

исломий илмлар куллияси доктори

*Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қустантиния, албатта, фатҳ қилинажак. Унинг амири нақадар яхши амир, қўшини нақадар яхши қўшин!”. (Имом Аҳмад ва Ҳоким ривояти).

Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
Абдулбосит Абдулвоҳид ўғли таржимаси

МАҚОЛА