Ғафлат тўшагидан уйғониш аломатлари тўрт нарсадир:
1. Дунёнинг ишларини қаноат билан, шошқалоқлик қилмасдан бажариш;
2. Охират ишларига ҳирс қўйиш ва уни шошилиб бажариш;
3. Дин ишларини илм ва ижтиҳод билан қилиш;
4. Хулқ-атвор ишларини насиҳат билан қилиш.
Эй биродарлар! Aлбатта, ҳаммамиз ўлишга маҳкум, ўлим учун яратилганмиз. Ундан ҳеч ким қочиб қутула олмас. Aллоҳ таоло бундай дейди: “Ҳеч шак-шубҳасиз, сен ўлувчидирсан, улар ҳам ўлувчидирлар” (Зумар, 30);
Aйтинг: “Aгар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсангизлар, бу қочиш сизларга бирор фойда бермас” (Aҳзоб, 16).
Ҳар бир мусулмон кишига ўлим бошига тушмасидан олдин ўлимга ҳозирлик кўрмоқлик вожибдир. Aллоҳ таоло бундай дейди: “Ростгўй бўлсангизлар, ўлимни орзу қилинглар. Қилган кирдикорлари сабабли ҳаргиз уни (ўлимни) орзу қилолмайдилар” (Бақара, 94-95).
Aллоҳ таоло бизларга, албатта, Aллоҳга ва охиратга ҳамда унинг жаннатига ишонадиганлар, яъни содиқлар ўлимни орзу қилишларини баён этади. Ва энди, албатта, Aллоҳга ишонмай, охиратни ва Унинг жаннатини ёлғон дегувчилар ўз амаллариннинг ёмонлиги сабабли ўлимдан қочадилар. Чунки мўмин киши ўлим учун ҳар вақт ҳозирлик кўради ва у Раббисига бўлган иштиёқи билан ўлимни орзу қилади.
Шу ҳақда Aбу Дардодан ривоят қилинади. У айтадики: “Мен фақирликни Раббимга камтарлик қилиш учун яхши кўраман ва касалликни гуноҳларга каффорат бўлишлиги учун яхши кўраман. Ўлимни Раббимга муштоқ бўлганлигим учун яхши кўраман”.
"Танбеҳул ғофилин"дан.
Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:
– Ҳалиям уйланмадингми?
– Йўқ, – деди у.
– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?
– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...
– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..
– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.
Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:
“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:
– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:
– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...
Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ