Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Декабр, 2025   |   17 Жумадул сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:11
Қуёш
07:36
Пешин
12:20
Аср
15:13
Шом
16:58
Хуфтон
18:16
Bismillah
08 Декабр, 2025, 17 Жумадул сони, 1447

Каъбаи муаззамага “каъбапўш” ёпишнинг жорий бўлиши

25.03.2021   5191   5 min.
Каъбаи муаззамага “каъбапўш” ёпишнинг жорий бўлиши

Каъбани ёпинчиқ билан ўраш тарихи Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта боболари Аднон ибн Иддга бориб тақалади. У киши Каъбани ёпинчиқ билан ўраган кишиларнинг бири эканлиги ривоятларда келган. Баъзи маълумотларга кўра, Яман подшоси (Табаъ ал-Ҳумайрий) биринчи бўлиб жоҳилият даврида Маккани зиёрат қилгандан сўнг Каъбага ёпинчиқ ёпган ва биринчи бўлиб Каъбага эшик ва калит ясатган шахс ҳисобланади.

Жоҳилият даврида Яман подшосидан кейин яна кўпчилик Каъбани ёпинчиқ билан ўраган. Ваниҳоят, бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўртинчи боболари Қусай ибн Килобнинг қўлига ўтган. Қусай ўз қавмининг қабилаларини бир жойга йиғиб, бу ишда ҳар бир қабила имкониятига яраша ҳамкорлик қилишга чақирди ва шу тариқа барча ишларни тартибга солди.

Шундан кейин Абу Робиъа Абдуллоҳ ибн Амр Ал-Махзумий деган бадавлат савдогар Қурайшга: Каъбани бир йил сизлар ўранглар, бир йил мен ўрайман, деб маслаҳат солди, Қурайш бунга рози бўлди. Иш шу тарзда то Абу Робиъа вафот этгунча давом этди. Кейин, бу ишни Қурайш ўз қўлига олди.

Каъбаи муаззамани Каъбапўш билан ёпиш Байтуллоҳни улуғлаш ва эъзозлашнинг муҳим кўринишларидан бири ҳисобланади. Ислом тарихи бир жиҳатдан Каъбаи мушаррафани Каъбапўш билан ёпиш, уни тайёрлаш иши билан боғлиқдир. Чунки бу ишда ислом оламининг энг катта мутахассислари моҳир бўлиб, улар бу улуғ шарафга етишиш учун ўзаро мусобақалашганлар.

Каъбани ёпинчиқ билан ўралишининг ҳикмати, бу исломий шиорлардан бири эканлигидир. Зеро, бу ишни амалга ошириш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотдан сўнг саҳобаи киромлар қилган ишни давом эттириш демакдир. Дарҳақиқат, Макка фатҳ этилгандан кейин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида Каъбанинг устига Яманий мато ёпганлар, унинг сарф-харажатлари мусулмонларнинг байтул молидан бўлган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Хулафои рошидинлар даврида Абу Бакр ва Умар разияллоҳу анҳумо Каъбага Қибтий ва Яманий матодан Каъбапўш ёпганлари ривоят қилинган. Сўнг Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу иккита матони устма-уст қилиб ўраганлар. Бу амал исломдаги ўзига хос иш бўлган.

Кейинчалик Каъбапўшга оятларни ёзиш пайдо бўлди. Умавийлар давлати даврида Каъбага йилда икки марта Каъбапўш ёпиш одатга айланди. Биттаси Ашуро кунида, иккинчи марта Ийдул фитр байрамига тайёргарлик сифатида Рамазон ойининг охирида.

Аббосий халифалари Каъбага ёпинчиқ ёпиш ишига жуда катта эътибор бериб мато тўқиш, бўяш, ранг танлаш, бичимини ўзгартириш каби безаш ишларига алоҳида эътибор қаратди. Бу борада Миср давлатининг Танийс, Туна ва Шато минтақаси аҳолиси мутахассис бўлиб етишди. Халифа Маъмун ўз даврида Каъбаи мушаррафага йилда уч маротаба Каъбапўш ёпди.

Аббосийлар давридан бошлаб Каъбапўшга оятлар ёзиш пайдо бўлди. Халифалар Каъбапўшга ўз исмлари билан бирга, Каъбапўшнинг тўқилган жойи ва санасини қўшиб ёзишга одатландилар.

1927 йилда Саудия арабистони подшоҳи Абдулазиз Масжидул ҳарамга яқин бўлган Ажёд минтақасида Каъбаи муаззама устига ёпиладиган Каъбапўш ишлаб чиқарадиган корхона барпо этишга фармон берди. Ушбу корхонада Каъбапўш асосан қўл меҳнати орқали тўқилар эди. 1963 йилда Жарвал маҳалласида замонавий ускуналар ёрдамида  Каъбапўш тўқиладиган корхона барпо қилинди ва 1965 йилда замонавий ускуналар ёрдамида биринчи Каъбапўш тайёрланди.

1972 йилда подшоҳ Файсал томонидан Каъбапўш тўқиладиган корхонани “Уммул жавд” минтақасига кўчириш юзасидан фармон чиқарилди. 1976 йилда ушбу янги корхонада Каъбапўшни мукаммаллашган тарзда қисмларга бўлган ҳолда тайёрлаш ишлари бошланди.

 

1995 йилда Уммул жавд минтақасидаги Каъбапўш корхонасини назорат қилиш Ҳаж ва Вақфлар вазирлигидан Масжидул ҳарам ва Масжидун набавий ишларининг умумий бошқаруви раёсатига ўтказилди.

Икки Ҳарам Ходими подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз Оли Сауднинг ушбу ишга нисбатан эътибори кучли бўлганлигидан, уни янада ривожлантириш ва энг юқори даражага олиб чиқиш мақсадида 2016 йилда Каъбапўш корхонасини “Подшоҳ Абдулазиз номидаги Каъбабўш тайёрлаш мажмуаси” деб номланишига буйруқ берди.

 

Каъбапўш - ипакдан тўқилган қора рангли мато бўлиб, унга Қуръон оятлари олтин суви билан нақш қилиб ёзилган бўлади. У Каъбанинг устига ёпиб қўйилади ва бу ёпинчиқ йилда бир марта, Арафа кунининг тонгида алмаштирилади. Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни бомдод намозидан кейин Каъбаи мушаррафанинг ёпинчиғини алмаштириш маросими бўлиб ўтади. Каъбапўшни алмаштириш амалиёти 160 нафар шу соҳанинг мутахассисларидан иборат ишчи, хизматчилар томонидан амалга оширилади. Бу маросим одатга кўра ҳар йили шу кунда Масжидул ҳаром ва Масжидун набавий ишларининг умумий бошқарув раёсати бошчилигида ўтказилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари                 

Ҳомиджон Ишматбеков

 

 

Бошқа мақолалар

Унутилаётган суннатлар: Ёмғир ёққанда дуо қилиш

01.01.2021   10124   2 min.
Унутилаётган суннатлар: Ёмғир ёққанда дуо қилиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёға бошлаганда қуйидаги дуони ўқир эдилар: "Аллоҳумма, инний асалука хойроҳаа ва хойро маа фииҳаа ва хойро маа урсилат биҳ ва аъуузу бика мин шарриҳаа ва шарри маа фииҳаа ва шарри маа урсилат биҳ".

"Аллоҳим, Сендан бунинг (шамолнинг) яхшисини, ундаги яхшиликни ва у билан юборилган нарсанинг (ёмғирнинг) яхшисини сўрайман. Сендан унинг ёмонидан, ундаги ёмонликдан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонидан паноҳ сўрайман".

Ёмғир раҳмат ёки бало бўлиб келиши мумкин бўлгани сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шамол бошланса, (ёмғир яқинлашиб келаётганининг аломати бўлгани учун) кайфиятлари ўзгариб, безовта бўла бошлардилар. "Нега хавотирга тушдингиз?" деб сўрашса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Умматимга жазо келмадимикин деб қўрқаман", дея жавоб берардилар.

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турганимизда ёмғирда қолдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ёмғир тегиши учун кийимларини шимардилар. Биз: "Ё Аллоҳнинг Расули, нега бундоқ қилдингиз?" дедик. У зот: "Чунки у (ёмғир) ҳозиргина Роббимнинг ҳузуридан (даргоҳидан) келди", дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Бу иш йилнинг биринчи ёмғири ёғишни бошлаганда қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "...ёмғир пайтидаги дуо рад қилинмайди", дедилар.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ёмғирни дуолар билан қарши олайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД