2022 йилнинг март ойида Қорачой-Черкасияда 5 минг кишига мўлжалланган жомеъ масжиднинг тантанали очилиши режалаштирилган. Бу ҳақда республика раҳбари Рашид Темрезов вилоят аҳолиси билан жонли эфир вақтида маълум қилди.
"Биз айнан бир йилдан кейин – 2022 йилнинг 1 мартида – Черкесск шаҳрида республика масжидининг очилишини режалаштирганмиз", - дея губернаторнинг сўзларини келтиради Интерфакс.
Бўлажак мусулмон иншоотининг пойдевори 2007 йилнинг ноябрь ойида қўйилган бўлиб, бинонинг фаол қурилиши 2011 йилнинг апрель ойида бошланган эди. Масжид Византия услубида қурилган бўлиб, ҳар бири 52 метр баландликдаги тўртта миноралар билан безатилган.
Islam-today хабарига кўра, бугунги кунда республика жомеъ масжидининг майдони 4,2 минг квадрат метрни ташкил этади. Бино 5 минг кишига мўлжалланган бўлиб, масжид ҳовлисида ҳам адо этиладиган байрам намозларида 10 мингдан ортиқ намозхонларни ўз бағрига сиғдира олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Рамазон – меҳр-мурувват ва шукроналик ойи. Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан юртимиз бўйлаб “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик, ва шукроналик ойи” шиори остида хайрли тадбирлар изчил давом этмоқда.
Бугун, 3 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” маҳалласида истиқомат қилган, диний соҳада ишлаган марҳум меҳнат фахрийси Мусохон ота Иминов хонадонида бўлдилар.
Ифторлик тадбирида Мусохон отанинг Диний идора тизимидаги кўп йиллик самарали фаолияти, илм аҳлига бўлган юксак ҳурмати ва фарзандларини эл корига ярайдиган инсонлар этиб тарбиялагани алоҳида ёдга олинди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги ва марҳумнинг ҳаққига хайрли дуолар қилинди.
Маросим доирасида хонадон аҳлига озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, зарурий уй-рўзғор буюмлари ва пул маблағлари тақдим этилди. Марҳум Мусохон отанинг оила аъзолари Президентимиз ва диний соҳа раҳбарлари томонидан кўрсатилаётган бундай юксак эътибордан мамнун бўлиб, эзгу тилакларини билдирди.
Бу йилги Рамазон ойи кенг кўламли меҳр-оқибат ишлари орқали юртдошларимиз қалбига қувонч бахш этмоқда. Зеро, юртимизда инсон қадри ва унинг хотирасини улуғлаш – энг олий мақсаддир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати