Хабар берганимиздек, бугун Тошкент шаҳрида янгидан қуриб битказилган “Сирож солиҳ” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмохон Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, уламолар ва намозхонлар иштирок этди.
2000 метр квадрат майдонида қурилган масжид лойиҳаси ўзига хослиги, миллий ва замонавий масжидларнинг услубларини ўзида акс эттиргани билан бошқа жомелардан ажралиб туради. Хонақоҳ ва пастки қисм жами 4000 намозхонни сиғдиришга мўлжалланган. Шунингдек, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона ўрин олган.
Масжид лойиҳасини “Etalon Projeсt” муассасаси ишлаб чиққан бўлиб, эклектика услубида, яъни, миллий ва замонавий услубларнинг ўзаро уйғунлиги асосида барпо этилган.
Асосий хонақоҳ ертўла қисми билан ҳисобланганда уч қаватдан иборат бўлиб, намозхонлар йилнинг ҳар бир фаслида юқори даражадаги шарт-шароитларни тақдим эта олади. Миноралар “Ҳарами шариф” минораларини эслатиб юборади. Шунингдек, анжуманлар зали, веб-сайт фаолияти учун алоҳида видеостудия масжид таркибидан ўрин олган.
Тадбир давомида Муфтий ҳазратлари масжид жамоасини муборакбод этдилар, диний-маърифий соҳадаги сўнги янгиликлар билан ўртоқлашдилар, шунингдек, тадбир давомида Қуръон тиловот қилиниб хайрли дуолар қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 29 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Сирож Солиҳ” жоме масжиди янги биносининг биринчи ғиштини қўйиб берган эдилар.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрининг Қора-қамиш мавзесидаги “Сирож солиҳ” жоме масжиди 1990 йилларда собиқ шўролар давридаги қатағон сиёсати оқибатида ўз юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлган Сирожиддин Солиҳ исмли ватандошимиз васиятига биноан у кишининг маблағлари ҳисобидан қурилган.
Мустақиллик йилларидан то 1996 йилгача маҳаллий масжид бўлган, 1996 йилдан бошлаб жоме мақомида фаолиятини бошлаган. 2009 йилда масжид таъмирланган.
Кейинги пайтда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётган, биноси таъмирталаб ҳолга келиб қолган эди. Шу боис маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини илгари суришди. Ушбу хайрли ташаббус мутасадди ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватлангач, 2019 йилнинг январь ойида масжидда қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Аллоҳ таоло ушбу масжидни халқимизга муборак қилсин, яна шу каби кўплаб жомелар қурилишини насиб айласин!
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Ўтган солиҳлардан бири Аллоҳ таолонинг ушбу: “...Маст ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг...” (Нисо сураси, 43-оят) оятини эшитиб, бундай деди: “Қанчадан-қанча намозхонлар борки, улар хамр ичмаганлар, лекин дунёнинг машғулотлари уларни маст қилиб қўйганидан намозида нима деяётганини билмайди”.
Изоҳ: Демак, инсон нафақат ароқ ёки бошқа маст қилувчи ичимликлардан, балки дунёнинг кўплаб чалғитувчи, ўзига тортувчи ишлари, ташвишлари ва уларни ҳал қилишга бўлган ҳаракатлар натижасида ҳам “маст” бўлиши мумкин экан.
Яъни, инсон шунчалик кўп дунёвий ишларга шўнғиб кетадики, улар унинг фикри-ёдини эгаллаб олади ва оқибатда у Аллоҳга ибодат қилаётганида ҳам дунёни ўйлайверади, намозида нима деяётганини тушунмай қолади.
Шунингдек, дунёга бўлган ҳаддан ташқари муҳаббат ва у билан банд бўлиш инсоннинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатишини, натижада ибодатларнинг қадри ва моҳияти ҳам йўқолиб қолади.
Худди маст инсон каби, бундай киши ҳам ўзининг ҳолатини тўлиқ англаб етмайди ва ибодатнинг ҳақиқий ҳузуридан маҳрум бўлади.
Эслатма: Қуръони каримдаги: “Маст ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг..” ояти ичкилик хусусида нозил бўлган иккинчи оятдир.
Агар биринчи оятда (Бақара сураси, 219-оят) ичкиликда кўп фойда ва зарарлар бор, аммо унинг зарари фойдасидан кўпроқ, дейилган бўлса, бу ерда мусулмонлар учун энг улуғ мақом бўлган намоз ўқиш пайтида маст ҳолда бўлмасликка буюриш билан Қуръон унинг ҳаром нарса эканлигига ишора қилиб, унга нисбатан мўминларда нафрат уйғотмоқда.
Навбатдаги ичкилик тўғрисида келадиган оятда уни ҳаром, деб эълон қилинади. Шариатнинг барча ҳукмлари ана ўша сўнгги оятга асосланади.