Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга ғам-ташвиш етса, ушбу калималар билан дуо қилсин, деганларида, бир киши: «Эй Расулуллоҳ мана шу калималардан бебаҳра қолган киши хасоратдами» деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», деб жавоб бердилар. Сўнгра, «Бу калималарни ўзинглар айтиб, бошқаларга ҳам ўргатинглар. Ким бир нарса талабида ана шу калималарни айтса, Аллоҳ ундан хафаликни кетказиб, хурсандчилигини зиёда қилади», деб ўша калималарни айтдилар:
اللهُمَّ إنِّي عَبْدُكَ ابْنُ عَبْدِكَ ابْنُ أَمَتِكَ نَاصِيَتِي بِيَدِكَ مَاضٍ فِيَّ حُكْمُكَ عَدْلٌ فِيَّ قَضَاؤُكَ؛ أَسْأَلُكَ بِكُلِّ اسْمٍ هُوَ لَكَ سَمَّيْتَ بِهِ نَفْسَكَ أَوْ أَنْزَلْتَهُ فِي كِتَابِكَ أَوْ عَلَّمْتَهُ أَحَدًا مِنْ خَلْقِكَ أوِ اسْتَأْثَرْتَ بِهِ فِي عِلْمِ الغَيْبِ عِنْدَكَ أَنْ تَجْعَلَ القُرْآنَ نُورَ صَدْرِي وَرَبِيعَ قَلْبِي وَجِلاَءَ حُزْنِي وَذَهَابَ هَمِّي.
«Аллоҳумма инний ъабдука, ибну ъабдика, ибну аматика, насийатий бийадик, мазин фиййа ҳукмук, ъадлун фиййа қозоук, асалука бикулли исмин ҳува лака саммайта биҳи нафсака ав анзалтаҳу фи китабика ав ъалламтаҳу аҳадан мин холқика ав истасарта биҳи фий ъилмил ғойби ъиндака ан тажъалал Қуръана нуро содрий ва робийъа қолбий ва жилаа ҳузний ва заҳаба ҳаммий».
(Маъноси: Мен Сенинг қулингман, қулингнинг ўғлиман, чўрингнинг зурриётиман. Пешонам Сенинг қўлингда. Ҳукминг менинг устимда жорийдир. Сенинг ҳукминг одилдир. Ўзингни номлаган ёки китобингда нозил қилган ёки халқингдан бирор кишига ўргатган ёки ғайб илмингда сақлаб қўйган исмларинг ила сўрайманки, Қуръонни дилимнинг нури, қалбимнинг баҳори, маҳзунлигимни аритувчи ва ғамимни кеткизувчи қил).
Ибн Сунний ривоятлари.
mehrob.uz
Инсон нафси доимо ўзгариб туради. Нафс Аллоҳга яқин ёки узоқлигига қараб бешта даражага ажралади.
Биринчи даража – нафси аммора (ёмонликка буюрувчи нафс)дир. У ҳар доим эгасини гуноҳга, лоқайдликка ундайди. Бундай нафс ҳақида сўфийлар жаноби ва имоми Жунайд Бағдодий қуддиса сирраҳу ҳазратлари марҳамат этадилар: “Нафси аммора руҳий ҳалокатга чақиради ва инсоннинг душманларига хизмат қилади”.
Бу ерда Жунайд Бағдодий қуддиса сирраҳу душман деганда Одам фарзандларига дунёвий ҳаёт ва гуноҳ ишларни жозибали қилиб кўрсатувчи шайтонни назарда тутганлар.
Иккинчи даража – нафси лаввома (маломат этувчи нафс)дир. Бу даражадаги нафс ўз соҳибини содир этган гуноҳлари учун ёмонлаб, таъна-маломат қилади.
Учинчи даража – нафси мулҳима (руҳлантирувчи, илҳомлантирувчи)дир. Бу даражадаги нафс ўз соҳибини хайрга ишонтириб, яхшилик қилишга чақиради.
Тўртинчи даража – нафси розия (рози бўлган нафс)дир. Бу даражадаги нафс Аллоҳнинг ҳокимияти ва Унинг ҳукмларидан рози бўлган нафсдир. Бу нафс Аллоҳга батамом итоат этувчи, Аллоҳ у учун нимани ихтиёр этган бўлса, барчасини қабул қилгувчидир.
Бешинчи даража – нафси марзия (Аллоҳ рози бўлган, мақбул нафс)дир. Бу барчадан кучли ва қудрати чексиз Аллоҳнинг лутфи ва ризосига сазовор бўлган нафсдир. Мурид бу даражаларга эришиш билан Буюк Қудрат соҳиби Аллоҳни ҳақиқий англаш йўлига биринчи қадамни қўйишга муяссар бўлади.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.