Бугун Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида ушбу учрашувда биринчи мартаиштирок этмоқда.
Биз сўнгги йиллар давомида Кенгашга аъзо бўлиш учун бутун масъулиятни англаган ҳолда интилиб келганимизни таъкидламоқчиман.
Демократик ислоҳотларимиз янги Ўзбекистонни бунёд этишга қаратилган бўлиб, бу ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди.
Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини илгари суриш учун Кенгаш аъзолари, барча шерикларимиз билан яқин ҳамкорликни давом эттирамиз.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат.
Биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради.
2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилади.
Бу ўринда сўз Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси экспертларининг фаол иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш тўғрисида бормоқда.
Иккинчидан, биз гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирамиз.
Жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказишни режалаштирмоқдамиз.
Учинчидан, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилади.
Яқинда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонун кучга кирди. Ўзбекистон Парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилмоқда.
Биз имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузишни таклиф этамиз.
Тўртинчидан, аҳолимизнинг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.
Жорий йил Ўзбекистонда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинди.
Бу борада биз:
- Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;
- БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;
шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритишга тайёргарлик кўрмоқдамиз.
Бешинчидан, биз Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишларни амалга оширдик. Бу ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан бири бўлди.
2021 йилда, яъни Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қиламиз.
Олтинчидан, “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб биз Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказишни таклиф этамиз.
Ўқитиш тизимини ривожлантириш мақсадида БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ихтиёрий бадаллар жамғармасига ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз.
Еттинчидан, Бош котиб Антониу Гутерриш Жаноби Олийларининг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаймиз.
Биргина ўтган йилнинг ўзида 50 минг нафар ватандошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлади.
Хонимлар ва жаноблар!
Биз эришган натижаларимиз билан кифояланиб қолмасдан, бундан буён ҳам фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни қатъий мақсад қилганмиз.
Шу аснода нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисида кодекслар ишлаб чиқилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг дин ёки эътиқод эркинлиги, судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиларининг тавсияларини алоҳида эътиборга олганмиз.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир.
Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қиламиз.
Мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини Ўзбекистонга таклиф этишга тайёргарлик кўряпмиз.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқ қолади.
Шу билан бирга, биз инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимизни яхши тушунамиз ва халқаро ҳамкорларимизнинг қўллаб-қувватлашига умид қиламиз. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачелет хонимларининг юртимизга ташрифини кутиб қоламиз.
Бу борада мандатга эга бўлган барча вакилларнинг Ўзбекистонга ташриф буюришлари учун доимий таклифнома юбориш ҳақида қарорни қабул қиламиз.
Шунингдек, Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини мунтазам фаолият кўрсатадиган платформа – Самарқанд форуми негизида яратиш борасида кўмак беришга тайёрмиз.
Ҳурматли дўстлар!
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллик тарихи инсон ҳуқуқлари универсал қадрият эканини яққол исботлади. Бу устувор тамойилсиз ер юзида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди.
Нутқимнинг якунида шуни яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Хотира
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.
1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.
1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.
1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.
1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.
Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.
1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,
1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.
1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.
1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.
1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.
Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:
— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.
Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.