Хабар берганимиздек, бугун, 20 февраль куни Наманган вилояти Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Султон Увайс Қаранийга бағишланган илмий анжуман ҳам ўтказилди.
Анжуман давомида Муфтий ҳазратлари нутқ қилиб, мўмин-мусулмон халқимиз, хусусан, Наманган аҳолисини муборак қадамжонинг очилгани билан самимий муборакбод этдилар, сўнг Султон Увайс Қароний ҳазратлари ҳақида таъсирли маъруза қилиб, жумладан бундай дедилар:
– Дарҳақиқат, мўътабар уламоларимиз: “Солиҳ инсонлар эсланганда Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлади”, дейдилар.
Қуръони каримда азиз авлиё зотлар хусусида бундай марҳамат қилинади: “Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг валийлари (дўстлари)га хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Юнус сураси, 62-оят).
Тафсир китобларида “Аллоҳнинг дўстлари”, яъни авлиёлар хусусида жуда ҳам кўп маълумотлар келтирилган. Жумладан, улар тоат-ибодат билан Аллоҳга яқин бўлувчи, Аллоҳ эса уларга фазлу каромати билан яқин бўлган кишилардир, деб ифодаланган.
Шунингдек, одамлар Қиёмат ваҳимасидан қўрққанда улар қўрқмаслар, одамлар гуноҳларидан ташвиш чекканда улар ташвиш чекмаслар, деб ҳам таъриф берилган.
Султон Увайс Қароний ҳазратлари ана шундай валий зотлардан бўлганлар. У зот Ислом оламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ғойибона ошиқ бўлганларнинг сардори сифатида ҳам машҳурдир.
Увайс Қароний Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик даврларига етишгани ҳолда, у зот ила кўриша олмай, ғойибона имон келтирган. Саҳобаи киромларнинг кўплари билан кўришган Ҳазрати Увайс Қароний тобеинларнинг улуғларидан бўлган. Бу ҳақда Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ора-сира Яман тарафга юзларини буриб, бундай дер эканлар: “Яман томондан раҳмат шабадалари эсмоқда. Эҳсон ва эзгуликда тобеинларнинг энг яхшиси Увайс Қаронийдир”.
Аллоҳ таоло Ҳазрат Увайс Қаронийга бергани каби бизнинг қалбимизга ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга холис муҳаббатни жо қилсин.
Муфтий ҳазратлари маърузаси якунида илмий анжуман ишига улкан муваффақиятлар тилаб, Аллоҳ таолодан халқимизга тинчлик-осойишталик, файзу барака, сиҳат-саломатлик, элимизни турли бало-офатлардан асрашини, ушбу мажмуани халқимизга узоқ йиллар маънавият ва маърифат маскани сифатида хизмат бўлшини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев 20 октябрь куни Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бу ердаги экспозициялар орқали халқимизнинг бой тарихий ва маънавий меросини кенг намойиш этишга қаратилган ишлар билан танишди.
Мазкур улкан ва ноёб лойиҳа давлат раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги қарорига асосан бошланган. Кўп ўтмай, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни унинг пойдеворига тамал тоши қўйилган эди. Ўтган даврда бу ерда катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Марказ қадимий меъморий анъаналаримиз ва миллий безаклар уйғунлигида барпо этилди. Иншоотнинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада эса 65 метрли миллий услубдаги гумбаз қад ростлаган.
Иншоотнинг марказий қисмида Қуръони карим зали жойлашган. Бу ерда мусулмон оламининг ноёб маънавий дурдонаси саналган қадимий Усмон Мусҳафи намойиш этилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар ва бошқа сулолалар даврига оид муқаддас китоб нусхалари, уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари, шу билан бирга, жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам жой олади.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан чет элларда сақланаётган тарихимиз ва улуғ алломаларимиз мероси билан боғлиқ қимматли манбалар ва ашёлар Ватанимизга қайтарилди.
Марказ таркибида 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилган бўлиб, халқаро миқёсдаги учрашув ва илмий анжуманларни ўтказиш учун барча замонавий шарт-шароитлар яратилган.
Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс”, “Ўзбекистон XX асрда” ҳамда “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” бўлимлари ташкил этилган. Бу ерда буюк алломаларимиз фаолияти ҳақида маълумотлар, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа уламолар мероси ҳам кенг ёритилган.
Шунингдек, тарихимизда илму маърифат ва маънавият ҳомийси бўлган Бибихоним, Нодирабегим, Увайсий, Анбар Отин каби мўътабар зотлар фаолияти ҳам алоҳида экспозиция сифатида намойиш этилган.
Давлатимиз раҳбари доимо марказнинг илмий-маърифий йўналишини самарали ташкил этиш, унинг мазмун-моҳиятини бойитиб бориш зарурлигини алоҳида таъкидлайди. Бу борада Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номидаги илмий марказлар билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди.
Ташриф чоғида Президентимиз залларда амалга оширилаётган пардозлаш ва жиҳозлаш ишларини кўздан кечирди, бўлимлар ва кўргазмаларнинг мазмун-моҳияти, қўлланилаётган интерфаол технологиялар билан яқиндан танишди.
Давлатимиз раҳбари экспонатларни маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчиларга ҳар томонлама қизиқарли ҳамда тушунарли қилиб тақдим этиш муҳимлигини таъкидлади. Шу мақсадда марказда фаолият юритадиган мутахассис ва гидларнинг сонини кўпайтириш, уларни махсус дастурлар асосида тайёрлаш зарурлигига эътибор қаратилди.
Марказ фаолиятини мазмунан янада бойитиш, экспозициялар орқали халқимиз маънавий ва илмий меросини тўлиқ намоён этиш бўйича қатор тавсиялар берилди.