Мусулмонларнинг қибласи, ҳидоят ўчоғи, ернинг маркази бўлмиш “Аллоҳнинг байти” ҳақида қанчалик маълумотга эгасиз? Уни маънан зиёрат қилишни истайсизми? Унда келинг шу ҳақида қисқача суҳбат қиламиз! Аллоҳнинг байти, Қуръонда икки марта “Каъба” деган ном билан зикр қилинган. “Моида” сураси 95-97-оятларда. Аммо бошқа номлар билан кўп маротаба зикр қилинган. масалан: "Ал-байт", “Байтул атийқ”, “Масжидул Ҳаром”, “Байтул Ҳаром”, “Аввалу байт” ва бошқалар.
Биласизми? Аллоҳнинг байти нега “Каъба” деб номланган? Унда билиб олинг – “Каъба” деб номланишига сабаб, унинг шакли “Кубик”га ўхшаш бўлганлиги учун шундай номланган. Чунки араб тилида “Каъба” “Куб” деган маънони билдиради. Каъба мўминларнинг иккинчи ва асосий қибласи бўлиб, биринчи қибласи “Масжидул Ақсо” бўлган. Мусулмонларга намоз фарз бўлганида дастлаб 16 ой Масжидул Ақсога қараб намоз ўқишган. Кейин қибла Каъбага қараш билан ўзгарган. Каъбани дастлаб, Иброҳим алайҳис салом, ўғли Исмоил алайҳис салом билан биргаликда тоғдан тош олиб келиб қуришган.
Каъба ҳозирга қадар неча марта бузилиб, қайта қурилган? Деган саволга тарихчилар ҳар хил маълумотни айтадилар. Баъзилар тўрт марта бузиб, қайта қурилган десалар, бошқалар 5 марта деганлар.
Тарихчиларнинг ривоятига кўра Каъба Одам алайҳис саломдан то ҳозирга қадар 8 марта қурилган
Иброҳим алайҳис салом билан Исмоил алайҳис саломлар Каъбани қураётганида тошларнинг ораларига лой қўймасдан, тошларнинг ўзини устма-уст қалаб қўйишган эди. Замонлар ўтиб, сел келиши оқибатида деворлари қулади.
Каъбанинг ранги қора. Битта эшиги бор. Унинг ҳозирги бўйи 15 метр, хажарул асваддан хатиймгача 12м, 84см. Хатиймнинг ичидан ўлчаганда 11м, 28см узунликда. Хатийм деворининг ўзининг баландлиги 1м, 32см. ҳажарул асвад ердан 1м 50см баландликка ўрнатилган. Ҳажарул асваднинг узунлиги 30 см ча миқдорда, катталиги 17 см ча келади. Ҳажарул Асваднинг атрофи оппоқ кумуш қоплама билан ўраб қўйилган бўлиб, унга биринчи бўлиб, кумуш билан қоплаган киши Абдуллоҳ ибн Зубайр бўлади. “Мултазам” деб ҳажарул асвад билан Каъбанинг эшиги оралиғидаги жойга нисбатан айтилади ва мултазамнинг узунлиги 2 метр. Султон Мурод 4 Каъбанинг эшигини 166 кг келадиган кумушдан ясаган эди. Ҳозирда эса Каъбанинг эшиги 280 кг лик тиллодан ясалган. Ердан 2м 22см кўтарилган. Эшигининг узунлиги 3м 18см. Эни эса 1м 71см. Буни Саудий подшоҳлардан бўлган Холид ибн Абдулазиз Суриялик ҳунармандларга ясаттирган.
Каъба худди кубикка ўхшаш бўлиб, унинг тўрт томонидан тўртта бурчаги бор. Биринчиси “Рукнул Асвад”, иккинчиси “Рукнуш Шомий”, учунчиси “Рукнул Яманий”, тўртинчиси “Рукнул Ироқий” деб номланади. Каъба пўштни биринчи ёпган одам Исмоил (а.с) бўлган. Каъбанинг эшигининг калити Усмон ибн Талҳа (р.а)нинг уруғида бўлиб келган. Ҳозир ҳам шуларнинг авлодларида.
Каъбанинг кисваси (ёпинчиғи) қора рангда бўлиб, энг олий навли ипак толаларидан тўқилган. Юқори қисмида, зар билан айлантириб, Аллоҳнинг оятлари ёзилган. Дастлаб кисва Мисрдан олиб борилар эди. Султон Мурод 4 замонидан бошлаб Истанбулдан олиб бориладиган бўлди. Усмоний ҳукмдорларнинг таназзулидан кейин Мадинанинг ўзида кисва тайёрланадиган бўлди.
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти
Катта ўқитувчиси
Расулжон Тошпулатов
#xabar #fatvo
Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг VI йиғилиши доирасида мазкур тузилма қошидаги Фатво ҳайъатининг II мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия ва Озарбайжон давлатларидан келган фатво мутахассислари томонидан бир қатор фиқҳий масалаларнинг якуний муҳокамаси бўлиб ўтди.
Хусусан, оила, никоҳ, ажрим, инсон органларини кўчириш, ҳаж ва умра, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли борасида юзага келган шаръий масалалар ҳақида замонавий фатволар лойиҳалари пухта кўриб чиқилди.
Ҳамжиҳатлик руҳида ўтган йиғилишда уламолар диний масалаларни биргаликда муҳокама қилиб, умумий ечимга келиш анъанасини бошлаб бердилар. Бу эса мусулмон умматининг бирдамлигини мустаҳкамлайди, ихтилофларнинг олдини олади ва туркий халқлар орасидаги бирдамликни кучайтиришга хизмат қилади.
Қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган йиғилишда қўшма қарорлар юзасидан чиқарилган фатволар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва имзоланиш учун Туркий давлатлар муфтийлари кенгашига тақдим қилинди.
Маълумот ўрнида, Туркий давлатлар муфтийлар кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъати 2023 йил 25 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг IV йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг таклифи билан тузилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати