#xabar #anjuman #muftiy
Шу йил 4 сентябрь куни Бразилия пойтахти Рио-де-Жанейро шаҳрида «Маънавий Ипак Йўли: миллатлар ва қитъаларни яқинлаштиришда маънавий қадриятларнинг ўрни» номли халқаро конференция бошланди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этмоқда.
Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси, Муҳаммад бин Зоид номидаги Гуманитар университет ҳамда Бразилия мусулмонлари уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган VI-халқаро анжуманда Бирлашган Араб Амирликлари, Миср Араб Республикаси, Ҳиндистон, Индонезия, Хитой, Эрон, Қозоғистон, Эфиопия, Жанубий Африка каби давлатларнинг забардаст уламолари, давлат ва дин арбоблари қатнашмоқда.
Анжуманда бутун дунёда, хусусан, ислом оламида тинчликни сақлаш, мусулмон уммати жипслиги, халқлар ҳамжиҳатлигини таъминлаш, умуминсоний қадриятларга эътибор қаратиш, ўзаро ҳурмат, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида ҳамкорликни кенгайтиришга оид муҳим масалалар муҳокама қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 13 март куни жума намозини Тошкент вилояти Қибрай тумани “Байтқўрғон” жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга муборак ойнинг охирги даҳасини ғанимат билиш, бу дамлардан унумли фойдаланиб қолиш борасида гўзал суҳбат қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло охирги ўн кунликни ўзига хос фазилат ва лутфу эҳсони билан шарафли қилганки, бунга бошқа кун ва ойларда етишишнинг иложи йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бошқа ойларда қилмаган баъзи амалларни шу ойда қилганлар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу охирги ўн кунликда ибодатларга янада жидду жаҳд билан киришиш, вақтни ғанимат билиш, Қадр кечасини излаш каби амалларни санаб ўтар экан, айниқса, Қадр кечасида қилинган солиҳ амал бошқа минг ойда қилинган амалдан яхшироқ бўлишини ояти карима билан келтириб ўтдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Қадр сурасининг 3-оятида “Қадр кечаси минг ойдан ҳам яхшироқдир” деб марҳамат қилган.
Маърузада жамиятдаги бирлик, иноқлик, ўзаро ёрдам ва муҳаббат асосида қариндошларга яхшилик қилиш ётиши таъкидланди. Ўзаро аразлашганлар бўлса ярашишга чақирилди.
Шунингдек, бу йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда ўтаётгани, бунинг асосий сабаби – Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан кенг кўламли хайрия ва ижтимоий кўмак тадбирларининг амалга оширилаётгани экани эътироф этилди.
Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ғанимат дамлардан унумли фойдаланиб, Ўзининг розилигига эришадиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати