Ўзбекистон транспорт вазирлигида жума куни Эроннинг «Zagros Airlines» авиакомпанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА вазирлик ахборот хизмати манбасига асосланиб.
Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориевнинг «Zagros Airlines» авиакомпаниясининг Ўзбекистондаги бош вакили Мортеза Шейхассани билан бўлиб ўтган мулоқотида икки давлат ўртасида мунтазам ҳаво қатновларини қайта тиклаш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, авиакомпания вакиллари йўналишлар географиясини кенгайтириш, транзит салоҳиятини ривожлантириш ва парвозлар сонини ошириш бўйича қатор таклифларни билдирди. Хусусан, «Zagros Airlines» авиакомпанияси Эроннинг турли шаҳарларидан Самарқанд ва Бухорога авиарейслар қўйиш истагида экани маълум қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матубот хизмати
Сеул шаҳрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Жанубий Корея мусулмонлари жамоати бош имоми Ли Жу Хва-Абдураҳмон Ли билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мезбон имом юртимиз уламоларини ташриф билан қутлаб, бундай манфаатли ташрифларни тез-тез ташкил этиш, бу хусусда Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан шартнома имзолангани, шартномага мувофиқ алоқаларни янада мустаҳкамлаш лозимлигини айтиб ўтди. Имом Бухорий, Имом Термизий каби улуғ зотларимизнинг ислом тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссасини, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларимиз мусулмон олами эътиборини қозонганини, юртимизда амалга оширилаётган бугунги ислоҳотларни эътироф этди.
Ўз навбатида, юртимиз вакили мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётгани, диний идораларнинг муносабатлари равнақ топаётгани, имомларимизнинг ушбу давлатга сафар қилишлари анъана тусини олгани, бундай ҳамкорлик икки давлат мусулмонлари учун ҳам ҳар томонлама манфаатли бўлишини таъкидлади.
Томонлар бир-бирларига эсдалик ҳадялар топширишди.
Зайниддин домла Эшонқуловдан Сеул шаҳридаги 1250 кишилик марказий масжидда жума намозини ўқиб бериш сўралди. Бу ҳам бўлса, кунчиқар мамлакат мусулмонларининг юртимиз алломаларига бўлган юксак эҳтироми ифодасидир.
Жума намозидан сўнг Зайниддин домла ватандошларимизга муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломларини етказиб, ҳалол касб қилиш, ризқни кенгайтирадиган амаллар, оила муқаддаслиги, фарзанд неъмати ҳақида диний-маърифий суҳбат қилиб берди.
Шунингдек, учрашувда ҳамюртларимизга улар яшаётган мамлакат қонун-қоидаларига амал қилишлари, мусулмонлик одобига риоя этишлари эслатиб ўтилди. Улар эгаллаган билим-малакалари келгусида юртимиздаги турли соҳалар ривожи ҳамда аҳоли фаровонлигида ҳам иш беришига умид билдирилди.
Сеул марказий масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чоп этилган 5 турдаги диний-маърифий буклетлар тарқатилиб, хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати