Шу кунларда Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Бухоро вилоятида бўлиб турибди.
Бугун, 22 январь куни тонгда Президентимиз бошчилигидаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.
Ўтганлар хотирасига Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонларидан Аллоҳ таолодан юртимизга тинчлик-фаровонлик, халқимизга саломатлик ва саодат тилаб дуо ўқилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатимиз ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва бутун дунёда кенг тарғиб қилишни давом эттиришини таъкидлади.
"Биз жамиятимиздаги бағрикенглик сиёсатини изчил амалга оширмоқдамиз. Шу билан бирга, ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни фаол давом эттирамиз!", - деди давлат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, яқин ойларда кенг минтақамиз учун ноёб бўлган Ислом цивилизацияси маркази очилади.
"Буюк аждодларимиз – мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимотини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказиш ниятидамиз", - таъкидлади Ўзбекистон етакчиси.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати