Мусулмонлар Қурайш карвонига эга чиқиш учун Мадинадан ташқарига чиқишди. Чунки Маккалик мушриклар уларнинг бор-будини тортиб олган эди. Қурайшнинг катталари уларнинг молини мусодара қилган эди. Аммо Абу Суфён мусулмонлардан карвонни олиб қочиб узоқроқ жойга тушди ва Маккадан ёрдам кучи сўраб киши жўнатди. Қўшин келди.
Мусулмонлар ўзлари ўйламаган жанг олдида туришар эди. Жанг бошланишидан олдин Саъд ибн Муоз розиёллоҳу анҳу кучлар нисбатига боқиб мушрикларнинг кўплигини аниқлади. Улар жуда қаттиқ тайёргарлик билан жангга келишган эди. Мусулмонлар эса оз бўлиб улар фақат карвонни мақсад қилишган эди. Саъд розиёллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга бирор зарар етишидан қўрқиб деди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Сизга бир чайла қуриб берамиз. У ерда уловингизни ҳозирлаб қўямиз. Агар душманга йўлиққанимизда Аллоҳ бизга нусрат берса бу биз севган иш бўлади. Агар бошқача иш бўлса уловга ўтириб ортимиздаги мусулмонларга етиб оласиз. Ортимизда сизни биздан ҳам кўпроқ севадиган кишилар туришибди. Улар сизнинг бу урушга киришишингизни билишганларида Мадинада қолишмас эдилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Саъд розиёллоҳу анҳунинг ҳаққига дуойи хайрлар қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга чайла қуриб беришди. Жанг бошланди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам тушиб мусулмонларга ёрдам бердилар. Аллоҳ мусулмонларга нусрат берди.
Саъд розиёллоҳу анҳунинг режаси Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни урушга қатнаштирмаслик эди. У зотни қўшин ортида чайлада туришларини истаган эди. Олдиларида югурик от ҳозир эди. Агар мусулмонлар мағлуб бўлишса Мадинага қайтишлари лозим эди. Чунки исломнинг тақдири у зот саллоллоҳу алайҳи ва салламга боғлиқ эди.
Саъд розиёллоҳу анҳу Мадинада қолган мусулмонларни Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва салламга: “Кўрдингизми, улар сиз билан чиқишмади. Сиз билан биз чиқдик. Биз сизни улардан кўра кўпроқ севамиз!”, демади. Балки, оппоқ қалб билан, чиройли гумон билан Мадинада қолганлар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни бу ердагилардан кўпроқ яхши кўришларини, улар Расулуллоҳнинг фақатгина карвонни олиш учун келган деб ўйлаб ортда қолишганини, Қурайш билан уруш бўлишидан бехабар эканликларини айтди.
Биз ортда туриб бир-биримизни муҳофаза қилганмизми? Ҳузуримизда бўлмаганларнинг фазилатларини гапирганмизми? Ёки фурсатни ғанимат билиб ўзгаларни ёмонлаб, ўзимизни кўтарганмизми?
Ота-онангни шифокорга олиб борсанг қолган ака-укаларингни маломат қилма. Ажрингни зое қилма. Ота –онангга: “Сизларга фақат мен қараяпман. Бошқа ака-укаларим қарашмаяпти” , дема. Балки, “уларнинг ишлари бор экан, шароитлари хизмат қилишга йўл бермаяпти. Агар имконлари бўлганида улар ҳам хизмат қилган бўлишар эди. Улар сизни мендан ҳам кўпроқ яхши кўришади”, дегин.
Агар фақирларга ёрдам берсанг “фақат биз ёрдам берамиз. Бошқалар ёрдам беришмайди”, дема. Балки “фалончиларнинг ҳам садақа беришга имконлари бору, аммо шароитлари ҳозир шунақа бўлиб қолган. Йўқса улар биздан кўра сахийроқдирлар”, дегин.
Биз бир яхши иш қилсак ва сўнгра ўша ишимиз каби ишларни қилмаганларни гапирсак, ёмонласак ва ғийбат қилсак, танқид қилсак гўё уни қилмагандек бўламиз.
Яхшиликларимизни зое қиламиз.
Шерозий роҳимаҳуллоҳ айтади:
“Бир кеча отам билан таҳажжудга турдим. Атрофимизда кишилар ухлаб ётишар эди. Отам намоз ўқидилар. Мен ҳам ўқидим. Сўнгра отамга: “Булар ҳам туриб икки ракаат намоз ўқисалар бўлмайдими?!”, дедим. Шунда отам: “Эй ўғлим! Уларни гапирганингдан кўра ухлаганинг сен учун яхшироқ эди!”, дедилар.
Абдулқодир Полвонов
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш – бу инсон саломатлиги ва табиатнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида атроф-муҳитни асрашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасидир. Бу соҳадаги фаолият табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш, ҳаво ва сув сифатини назорат қилиш, биохилма-хилликни сақлаш каби йўналишларни ўз ичига олади.
Аллоҳ бизларни яшаб турган заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб-авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтариб, Қуръони каримда: «...ер юзида бузғунчилик қилиш ҳамда экин ва наслни ҳалок этиш учун ҳаракат қилади. Аллоҳ эса бузғунчиликни суймас», – деган (Бақара сураси, 205-оят).
Шариатимизда тупроқ, сув, ҳаво ва табиатни тоза сақлаш, уларнинг ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш сингари ҳукмлар келтириладики, бу бизларга ибрат намунаси бўлиши лозим. Хусусан, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар», – деганлар (Абу Довуд ривояти). Айтиш жоизки, ҳеч бир ориятли, иймон-эътиқодли инсон ушбу муборак ҳадисда зикр этилган номақбул ишларни қилишга ботинмайди. Аксинча, шундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш номақбул эканлигини тушунтиради.
Динимизда буюрилган ишларга қонунларимиз ҳам мос келади. Конституциямизга кўра ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Атроф-муҳитдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича умумий қоидаларни белгилайдиган ва умумий тартибга солувчи нормалар тизимида Конституция нормалари алоҳида ўринга эга. Унда мамлакатнинг экологик стратегиясининг асосий йўналишлари, экологик талабларни таъминлаш кафолатлари ва аҳолининг экологик хавфсизлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида экологик нормалар тизими ўз ифодасини топган бўлиб, уларга фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари (49-модда), фуқаролар атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбуриятини (62-модда) киритиш мумкин.
49-моддага мувофиқ, ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга. Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мажбурияти белгилаб қўйилган. Шунингдек, давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Шу билан бирга фуқароларда ўз саломатлиги ва келажак авлоднинг саломатлиги учун қулай табиий муҳитда яшаш, саломатлигини атроф муҳитнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш ҳуқуқи мавжуд. Айни пайтда фуқаролар табиатни муҳофаза қилиш бўйича жамоат ташкилотларига бирлашиш, атроф табиий муҳитнинг аҳволи ҳамда уни муҳофаза қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга доир ахборотларни талаб қилиш ва олиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.
Шунингдек, Конституциянинг 62-моддасида фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти белгилаб қўйилган. Яъни, фуқаролар табиий ресурслардан оқилона фойдаланиши, табиат бойликларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши, экология талабларига риоя этиши шарт.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. 2023 йил 31 майда “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, экологик хавфсизликни таъминлаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлигига зарари олдини олиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва санитария ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
2024 йил 26 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқликни таъминлаш ҳамда бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон экологик маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш, чиқиндилар билан ишлашда жамоатчилик иштирокини ошириш ва экологик назоратни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганидек, 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши бу соҳадаги конституциявий нормалар ва тамойилларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлади.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотлар Ўзбекистонда барқарор ривожланишини таъминлаш фуқароларнинг саломатлиги ва фаровонлигини оширишга қаратилган. Давлат органлари, жамоатчилик ва ҳар бир фуқаронинг бу жараёндаги фаол иштироки эса экологик муаммоларни самарали ҳал этишга хизмат қилади.
Жаҳонгир Хатамов,
ЎМИ Ҳуқуқшунослик бўлими бошлиғи