Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июл, 2025   |   17 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:19
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:34
Bismillah
12 Июл, 2025, 17 Муҳаррам, 1447

Баъзи исломий тушунчаларнинг аслий талқини

11.01.2021   2265   9 min.
Баъзи исломий тушунчаларнинг аслий талқини

Ислом динида шундай атамалар борки, бу атамаларга Исломнинг илк даврларидан то бизнинг кунларга қадар мусулмонлар фақат ибодат маъносида қараганлар. Сабаби бу атамалар билан номланган ибодатлар диний манбаларимиз бўлган Қуръон ва суннатда мақталган. Шу билан бирга мусулмонлардаги самимий иймоннинг ҳақиқатини юзага чиқариб берадиган ибодатларнинг  баъзи бирларининг номи шу атамалар билан номланган.

Бугунги кунга келиб, мана шу атамаларни эшитган кишиларнинг қалбида қўрқув пайдо бўлгани ниҳоятда ачинарли ҳолдир. Нафақат мусулмонлар оммасига, балки, бутун динлар, миллат ва элат вакилларига бу калималарнинг асл маъно ва моҳиятини тўғри тушунтириб бериш бугунги кунда Ислом уламоларининг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Сабаби бугун дунёнинг турли бурчакларида ўзининг қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошираётган баъзи манқуртлар айнан шу калималарни қайта қайта тилга олмоқда. Лекин Ислом дини террористик ҳаракатларга энг аввал қарши турувчи дин ҳисобланади. Қуръон ва суннатга амал қилган соф ақидали мусулмонлар,  тиллари билан ҳам дилларию қўллари билан ҳам бировга озор етказишдан йироқдадир. 

 Юқоридаги сўзларимиздан, ҳар бир кишида табиий равишда бир неча саволлар туғилиши мумкин. Хўш бу атамалар нималардан иборат, нима учун аксарият кишилар бу атамаларни эшитса қўрқувга тушади, мусулмонлар бу номланилган атамаларга қандай муносабатда бўлишлари керак ва ҳоказо.

Ислом динини ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ниқоб қилиб, баъзи мусулмонларнинг илмсизлигидан фойдаланган ва уларни ўз сафларига қўшган кучлар, муқаддас динимизнинг номига доғ туширишни ҳам олдиларида мақсад қилиб олганликлари бугун фош бўлмоқда. Улар турли тоифаларга бўлиниб , бугунги кунда дунёнинг турли жойларида, ваҳшиёна ҳаракатлари билан бутун инсониятга азият етказмоқдалар. Улар Аллоҳ таоло ман этиб, қатъий қайтарган ишлардан бири бўлмиш, ноҳақ инсонларнинг қонини тўкаётиб, «Аллоҳу акбар» калимасини талқин қилишмоқда. Шу билан бирга бу даҳшатли ёвузликларини интернет тармоқлари орқали тарқатишмоқда. Умуман бошқа динда бўлган кишилар , бу ҳолатларни кўрганда Ислом дини ҳақида ёмон тасаввурларга эга бўлишига шубҳа йўқ. Чунки уларда бу муқаддас дин ҳақида ҳеч қандай тушинча йўқ.

Ҳозирги кунда аксарият кишилар номини тилга олишга ҳам қўрқиб қолган бу аслида муқаддас саналмиш калималарнинг энг машҳурлари:«Ҳижрат», «жиҳод», «шаҳидлик», «халифалик», «салаф» каби каби калималардир.

Ҳозирги кунда кўпчилик эшитса ваҳимага тушадиган Исломий ибодатлардан бири “ҳижрат”  сўзи бўлиб қолди. Инсонларнинг бу сўзни эшитса ваҳимага тушишиларининг сабаби, баъзи оқимлар ўз жиноий мақсадларини амалга ошириш учун бу калимани ишлатиб, турли бузғунчи ҳаракатларни амалга оширишган. Аслида эса Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо солаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадина шаҳрига кўчиб ўтганлари динимиз истилоҳида “ҳижрат”, дейилади. Кейин эса нима сабабдан кетганликлари эътиборга олинади. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламга Макка мушриклари ҳаддан зиёд озор берганлиги сабабидан,  у зот динлари, жон ва молларини асраш учун шу ишни амалга оширдилар. Энг аввал эса оз сонли мусулмонлар Маккадан Ҳабашистонга ҳижрат қилишган эди. Бунга ҳам асл сабаб Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламни чиқарган нарсалар эди. Мана шу оз сонли мусулмонларга  ҳам Расулуллоҳ  ўзлари ижозат берган эдилар. Динига , молу жонига азиятлар ҳаддат зиёд кучайган пайтда амалга оширилган бу “ҳижрат”, бу ибодат, Аллоҳ таолога қурбат бўлиши билан бирга ,У зотнинг буйриғи ҳам саналади. Ҳижрат сўзининг моҳиятини англаган киши унда ҳеч қандай салбий маъно йўқлигига амин бўлади. Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси маконий ҳижрат бўлиб, дин ва ҳаёт муҳофазаси учун амалга оширади.  Унга таълуқли бир қанча оятлар ва ҳадислар ворид бўлган.  Жумладан Наҳл сурасининг 41-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: “Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг  Аллоҳ йўлида  ҳижрат қилган зотларни албатта бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажр мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!”.

Ҳижрат маъносидаги оятлар Нисо (100-оят), Анфол (74-оят), Наҳл (110-оят) сураларида ҳам келган. 

Иккинчи турдаги ҳижрат гуноҳ ва маъсиятларни тарк этиш. Бу ҳақида Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васуллам Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Тили ва қўлидан бошқа мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган тарсаларни тарк (ҳижр) қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир” ,- дедилар.

Байҳақий роҳимаҳуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали – Роббинг ёмон кўрган нарсаларни тарк этмоғингдир”,- дедилар.

Бугунги кунга келиб баъзилар томонидан “ҳижрат” сўзи нотўғри талқин қилинмоқда. Ақидапараст оқимлар бу  сўзни ўз мафкуравий қарашларига мос равишда сафдошларини тарғиб қилиб, қелмоқдалар. Бу кучлар дунёнинг нотинч ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган митақаларига таассубга берилган шахсларни бир жойга жамлаш ва шу орқала режалаштирган мақсадлари йўлида ҳаракатланишмоқда. Улар илм ва маърифатдан йироқ кишиларни ўз атрофларига тўплашга интилиб,  Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган , беш маҳал намоз ўқиш бемалол бўлган, Жумъа ва Ҳайитлар ўқиладиган тинч Ватанни тарк этишга чақиради.

Жиҳод – сўзи атрофида ҳам кўплаб  арзимас сўзлар кўпайиб кетганини биламиз. Аслида бу сўз арабча бўлиб, таржима қилинганда ғайрат қилмоқ, ҳаракат қилмоқ, интилмоқ , зўр бермоқ каби яна бир қанча маъноларни англатади. Дастлаб “жиҳод” деганда Исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш тушинилган. Унинг истилоҳий маъноси ҳақида Ибн Роғиб:  “Душмандан ҳимояланишда тили ва қўли  ёки кучи билан ғайрат қилишдир”, деган.  Ибн Рушд: “Жиҳод қалб, тил, қўл ва қилич билан курашиндир”, деб уни тўрт қисмга ажратганлар.  Ислом тарихидан бизга маълумки, мусулмонлар ўз Ватанларидан қувилиб, душман томондан уруш очилганидан сўнг, уларга қарши жиҳод қилишга руҳсат берилган.  Бу ҳақида нозил бўлган энг биринчи оят “Ҳаж” сураси 39-оятидир: “Ҳужумга учраётган (мусулмонларга) , музлум бўлганлиги сабабли, (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир” .

Демак , Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кофирларга қарши қилич билан бўлган кураши уларни сўз билан Исломга ва мусулмонларни бутунлай йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлари оқибатида амалга оширилган. Яъни кофирлар аввал мусулмонларга қарши уруш очган, мусулмонлар эса уруш ва ҳужумга учраган.  Мусулмонлар ўша даврда мудофаа учун қарши ҳужумга жавоб бериш ва душман томонидан кутилган тажовузни олдини олиш учун ҳарбий тадбирлар қилишган.

Афсуски, ушбу тушунча такрор ва такрор ислом уламолари томонидан шарҳланиб, жиҳод бу- жанг қилиш эмаслиги,  араб тилида урушни англатувчи “қитол” сўзи мавжудлиги таъкидланаётган бўлсада, бази шахслар онгида қуролли кураш деган тушинча ҳамон ҳукмрон бўлиб турибди. Ваҳоланки, “жиҳод”нинг асосий негизи Ислом ва унинг асосларини инсонларга тўғри талқин этишдир. Бунга турли фиқҳ китобларининг жиҳод боби ҳужжат бўла олади.  Музкур асарларда инсонларни яхшиликка чорлаш ва ёмонликдан қайтариш жиҳоднинг асосий мағзи эканлиги баён этилган.

Шаҳидлик – сўзи“ҳозир, гувоҳ” каби маъноларни билдиради.  Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳнинг исмларидан бири, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” , эканлини ифода этади.  Умумий лафзда Аллоҳнинг розилигини топиш мақсадида, ўзини, аҳлини, миллатини ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо этан кишига “шаҳид” , дейилади. Шаҳид- Аллоҳнинг розилигини топаман деб курашганда , бир шахс томонидан ўлдирилган мусулмонга нисбаттан айтиладиган сўз.  Киши гарчи дин йўлида деб эълон қилсада, ўзини ўзи ўлдирса, “ўз жонига қасд қилган” саналади. Шаҳид эмас. Ўз жонига қасд қилиш эса Исломда гуноҳи кабира саналади.  Шаҳидликнинг бир неча турлари бўлиб, булар ҳолатига қараб, “ҳақиқий шаҳид”, “ҳукмий шаҳид”,  “дунё шаҳидлиги” , “охират шаҳидлиги”, “дунё ва охират шаҳидлиги”, деб номланилади.  Асримизнинг забардаст уламолари бу маънони атрофлича ўрганиб, бугунги кунда , баъзи диёрларда   шаҳид бўлиш    мақсадида, ўзини портлаётганлар ниҳоятда катта гуноҳга қўл урган киши саналади. Қуръон оятлари ва суннатда баён этилган ўзини-ўзи ўлдириш тўғрисидаги ман қилинган кўрсатмаларнинг мавжудлиги, унинг ҳаром амал эканлиги, шу билан бирга ўз-ўзидан бирор ҳужжатнинг йўқлиги эса, унинг ношаръий амал эканлигига далолат қилади. Шунинг учун бу ишни амалга оширган кишиларин шаҳид дейиш жоиз эмаслиги, балки, ўз жонига қасд қилиш деб номлаш кераклигини таъкидлаганлар.

Мусулмонлар доимо илмга интилишлари , тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ илмларидан хабардор бўлишлари ниҳоятда зарур. Шу билан   бирга мавзуни ўрганиш давомида, ўша мавзуда эътироф этилган Ислом   уламоларнинг фатволаридан ҳам баҳраманд бўлишга интилишлари  фойдалидир. Уламолар томонидан ҳам ҳалқни диний саводини ошириш мақсадида, тез-тез илмий суҳбатлар уюштириш, одамлар орасидан илмсизлик туфайли юзага чиқаётган мутаассибликнинг олди олинишига катта туртки бўлади.  

Абу Бакр ас-Сиддиқ жоме масжиди

имом-хатиби Орифжон Тўқсанов

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қуръони каримни 82 йил қалбида сақлаган олим

11.07.2025   3448   3 min.
Қуръони каримни 82 йил қалбида сақлаган олим

Хотира

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Қуръони Карим ходими, устоз Яҳё қори Турдиев 1930 йил 21 декабрда Шарқий Туркистоннинг Қашқар вилояти Янгисор шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. У 1943 йил Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди.

1962-1968 йиллар давомида Мир Араб мадрасасида таҳсил олди.

1978-1984 йилларда Ўртачирчиқ туманидаги Тўйтепа жомеъ масжидида имом-хатиблик қилди.

1988 йилдан Тошкент (ҳозирги Зангиота) туманидаги Кўктерак масжидига имомлик қилди.

1995-2011 йиллар шу тумандаги «Ҳасанбой ота» жомеъ масжидида имом хатиб, кейинчалик шу масжидда имом ноиби бўлиб эл хизматида фаолият юритди.

Қуръондан илк сабоқларни ота-онасидан олди. 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. Шунингдек, устозлари Абдуҳалил ва Абдунодир домлалардан ҳам таълим олган.

1954 йил Яҳё қорини олим бўлишини истаган отаси 1600 км узоқликда жойлашган Рўзиҳожи мадрасасига олиб борди. У ерда Ҳиндистонда таълим олган шайх Шоҳимардон исмли етук олимдан илм олди,

1960 йилда мадрасани тамомлаб, домла Шоҳимардоннинг ёнида мударрис  бўлиб ишлади. Бироқ шу йилнинг ўзида устозининг маслаҳати билан собиқ Иттифоққа йўл олиб, Андижонда қўним топди.

1962 йилда Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди.

1968 йил мадрасани тугаллагач, Тошкент вилоятидаги Бектемир қишлоғига кўчиб келди. Бу ерда ўн йилдан ортиқ комбинатда ишлади. Шу орада Қашқарда устозлик қилган минглаб қориларни чиқарган Абдулазиз қори Маҳмудов билан яна устоз-шогирдлик муносабатларини йўлга қўйди.

1976 йилда шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон билан танишди. У кишининг таклифи билан 1977 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратига ишга кирди. Шу тариқа имомлик фаолияти бошланди.

Фарзандим қори бўлсин деган ота-оналар учун устоз Яҳё қоридан тавсия:

— Илм аҳлига ҳавас қилган, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналарга айтадиган биринчи тавсиям луқмасини ҳалол қилсин. Ҳаромга яқинлашмасин, ҳалол нарсани ҳам меъёрида истеъмол қилсин. Шунингдек, фарзандини ҳам ҳалол луқма билан вояга етказсин, тарбияласин. Домлаларимиз кўча-куйда таом истеъмол қилганимизни билиб қолсалар, қаттиқ ранжиб, бизни койиб: «Сен кеча Қуръондан бир бетни юз маротаба ўқиб ёдлаган бўлсанг, бугун икки юз маротаба ўқисанг ҳам ёдлай олмайсан. Шубҳали овқат емагин. Зеҳнинг заифлашиб қолади», дер эдилар.

Шунингдек, фарзандини қори бўлишини истаган ота-оналар тақволи, ўқимишли бўлсин. Ота-оналар олимларни ҳурмат қилсин, уларни яхши кўриб, олимларга мухлис бўлсин. Фарзандини ёшлигидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбияласин. Болам қори бўлсин деган ниятда бўлган ота-она ўзаро бир-бири билан жанжаллашмасин, уйда сокинлик ҳукм сурсин. Фарзанд келажакда етук олим бўлиши учун жуда кўп машаққат, саъй-ҳаракат талаб этилади. Аввало, ота-онанинг, сўнгра талаби илмнинг ҳамда устознинг биргаликдаги интилиш ва ҳаракати бўлиши лозим. Шуларнинг бари бириккандагина фарзанд олим, қори бўлади. Ота-она масъулиятсизлик қилса ёки талаба илм олишдан бошқа нарсаларга чалғиса оқсаш кузатилади, мақсадга эришилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарсага ҳам бир монеълик бўладику, лекин илмнинг монеълари кўп бўлади», деган мазмундаги ҳадислари илм олишда собитқадам, бардавом бўлишга ундайди.