Ислом дини қариндошлар орасини яхшилик ва меҳр билан боғлашга тарғиб қилади. Нафақат тарғиб қилади балки бу ишга буюриб ибодат даражасига чиқарган.
Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир” (Бақара сураси 215-оят).
Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг оғир гуноҳлардан ва ёмон феъллардан ҳисобланиб, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб баҳоланади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалар яқин бўлаверади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: “Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин!” (Имом Бухорий ривояти).
Қуйидаги ҳадиси шарифда силаи раҳм қилиш иймондан эканлиги ва иймон далолати эса силаи раҳм билан бўлишини айтилади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бугунги кунда тирикчилик, нафақаи рўзғор илинжида чет-элларда йиллар давомида қолиб кетиб, ота-она ва фарзандларининг ҳолидан хабар олмай, ҳатто бутунлай алоқани узуб юборган юртдошларимиз ҳам йўқ эмас. Силаи раҳм энг аввало кишининг ўз оила аъзоларидан бошланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини силаи раҳмга чақириб, ўз яқинларидан алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қариндошлик алоқасини узиш ва зулмдан кўра эгасига тез уқубат етказадиган ва қолгани охиратга сақлаб қўйиладиган гуноҳ йўқ”, деганлар” (Абу Довуд, Термизий ва ибн Можа ривоят қилган). Қариндошлик алоқаларини узиш ҳаттоки инсоннинг жаннатга киришига тўсиқ бўлиб уни Аллоҳнинг раҳматидан узоқлаштирар экан.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Силаи раҳм қилмаган одам жаннатга кирмайди”, деганлар. Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир. Буларнинг ичида энг муҳими қон ва насаб қариндошлигидир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузғунчилик ёвуз ишлар ва зулумдан қайтаради. Эслатма олурсиз деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур!.” (Наҳл 90-оят) Инсон қариндошлари билан зиёрат қилиш ва ҳадялар бериш ила борди-келди қилиб туриши вожиб. Агар ҳадя беришга қодир бўлмаса, зиёрат қилиши, ишларига кўмаклашиб, ҳолидан хабар олиши лозим бўлади, буни ҳам иложи бўлмаса сўзлашув орқали боғланиб туриши керак. Хуллас мўминман деган киши қариндошлар билан алоқаларини яхшилаши лозим.
Б.Абдуллаев
Ҳазорасп тумани “Шайх Хусайин бобо” масжиди имом-хатиби
1. Саҳар вақтларида истиғфор айтишни одат қилмоқ.
"(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоқларида Аллоҳдан мағфират сўрайдиган кишилар эди" (Оли Имрон сураси 17-оят).
2. Фикрлаш учун хилватда қолмоқ.
"...ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар" (Оли Имрон сураси 191-оят).
3. Яхшилар билан суҳбатдош бўлмоқ.
"Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорлари "юзи"ни истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг!" (Каҳф сураси 2-оят).
4. Ҳамиша Аллоҳни эсда тутмоқ.
"Эй имон келтирганлар; Аллоҳни кўп эслангиз" (Аҳзоб сураси, 41-оят).
5. Хушуъ билан намоз ўқимоқ.
"Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар" (Муъминун сураси, 2-оят).
б. Тадаббур билан Қуръон ўқимоқ.
"Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида(чуқурроқ)фикр юритмайдиларми? (Нисо сураси, 82-оят)
7. Қаттиқ иссиқ кунларда нафл рўзалар тутмоқ.
Аллоҳ таоло фахрланиб айтади: "Бандам ўзининг таоми, ичимлиги ва шаҳватини Мен учун тарк қилди".
8. Садақани яширинча бермоқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ўнг қўл берганни чап қўл билмасин".
9. Мусулмоннинг биронта ғамини кетказмоқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмондан ғамни кетказган инсонни Аллоҳ ҳам қиёмат кунида ғамини кетказади", деганлар.
10. Бу ўткинчи дунёдан зуҳд билан ўтмоқ.
"Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир" (Аъло сураси, 17-оят).
«Ўкинма» китобидан