БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Мўмин-мусулмонлар жин деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг ишончли манбалар, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан оламиз. Қуръони Карим нозил бўлаётган пайтда араб қабилалари жинларга махфий, норавшан худолар деб эътиқод қилардилар. Улар жинларнинг насаби Аллоҳ таолога етиб боради, унинг жинлардан шериклари бор, деган бузуқ эътиқодга ҳам бўйсунишарди. Шунингдек, араблар жинлар ғойибдан хабардор, фолбин ва мунажжимларга осмон сирларини айтиб туришади деган ўйда эдилар. Арабларда жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади, деган хом хаёл бўлиб, агар улардан бирорталари маълум бир ерга бориб ётиб қолмоқчи бўлсалар, «Ушбу жойнинг хўжайин жинидан паноҳ сўрайман», деган маънодаги дуони қилишарди. Бизнинг юртларда ҳам ҳатто ҳозирги вақтгача кишиларда юқорида айтилганга ўхшаш турли-туман бузуқ, бидъат-хурофотдан иборат тушунчалар мавжуд ва улар бу ёлғон эътиқодга бўйсунадилар. Айниқса, кейинги пайтда кишиларда руҳий бўшлиқ ҳаддан ташқари зиёда бўлганлигидан бу маънодаги гап-сўзлар кўпайиб кетди. Агар уларга қулоқ осадиган бўлсак, худди бутун дунёни жинлар бошқариб турганга ўхшайди (астағфируллоҳ). Шу билан бирга қадимда ҳам, ҳозирда ҳам жинларни умуман инкор этадиганлар бор. Улар жин ҳақидаги ҳар бир сўзни афсона, бекорчи гап дейишади. Жинлар ҳақидаги ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган кишиларни жиннига, мияси айниганга чиқаришади.
Ислом эса жин ҳақида худди бошқа масалалардаги каби ҳақиқатни баён қилади. Ислом жин борлигини исбот қилиб, у ҳақидаги тўғри тасаввурни баён этиб, нотўғри тушунчаларни рад этади. Шу билан бирга жинлардан кутиладиган мавҳум қўрқинч ва хавфу хатарни ҳам рад этади.
Жинлар ҳақиқатда бор мавжудотлар бўлиб, асли ўтдан яратилган. Жин сўзининг луғавий маъноси эса «тўсилган» дегани, яъни, одамлар кўзидан тўсилган нарса. Шу сабабли ҳам у инсонларга кўринмайди. Улар ўзлари кўринмай туриб, бизларни ва бошқа нарсаларни кўришлари мумкин. Шу билан бирга турли шаклларга киришлари ҳам мумкин. Уларнинг ичида ҳам худди одамларга ўхшаб иймонсиз-иймонли, яхши-ёмон, адашган ва ҳидоятда юрганлари, фирибгар ва соддалари бор. Жинлардан ҳам Қуръонга, Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб яхши йўлда юрганлари жаннатга, иймонсиз бўлиб ёмон йўлда юрганлари дўзахга тушадилар. Улар одамларга ҳеч қачон ёрдам бера олмайдилар ва ғойиб сирларини билмайдилар, чунки Қуръони Карим нозил бўлгандан сўнг улар бу хислатлардан маҳрум бўлганлар...
Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасида марҳамат қилади:
«Эй Одам болалари! Шайтон ота-онангизни авратларини ўзларига кўрсатиш учун устиларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг тўдаси сизни сиз кўрмайдиган томондан кўради. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз» (27-оят).
Демак, жиннинг имкониятлари инсонникига нисбатан кўпроқ. Инсон шайтонни кўрмайди, аммо у инсонни кўради. Бу эса, ўз навбатида, унга қўшимча имконият беради, инсондан эса қўшимча ҳушёрлик талаб қилинади. Чунки очиқ-ойдин душман бўлган шайтоннинг ёмонлигидан доимо эҳтиёт бўлиб туриш керак. Бунинг учун кучли иймон ва соф эътиқод зарур.
Жинларнинг ичида мўминлари ҳам, кофирлари ҳам бўлади.
Аллоҳ таоло Жин сурасида марҳамат қилади:
«Айт: «Менга ваҳий қилиндики, албатта, жинлардан бир неча нафари қулоқ осдилар ва дедилар: «Биз ажойиб Қуръонни эшитдик. «У тўғри йўлга ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга ҳеч кимни шерик келтирмасмиз» (1-2-оятлар).
Бу икки оятда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, айтишлари керак бўлган маънони ҳам баён қилади, яъни ваҳий орқали етти нафар жин у кишининг қироатларига қулоқ осгани ва қавмларига бориб, «Биз ажойиб Қуръон эшитдик», деб хабар берганлари ҳақида айтишни буюради.
Демак, жинлар Қуръони карим тиловатини эшитишлари билан бу оддий сўз эмаслигини, дунёда янги оламшумул воқеа рўй берганлигини фаҳмлаб, бу воқеа жинлар ҳаётида ҳам катта ўзгариш бўлишига сабаб бўлганини дарҳол тушуниб етганлар.
Иккинчи оятда мазкур жинларнинг ўз қавмларига айтган гаплари давом этади:
«У тўғри йўлга ҳидоят қиладир. Бас, биз унга иймон келтирдик ва ўз Роббимизга ҳеч кимни ширк келтирмасмиз».
Жинлар ўз ақл-фаросатлари ила Қуръонни нозил қилган Аллоҳ уларнинг Робблари экани ва Унга шерик бўлиши мумкин эмаслигини ҳам тушуниб етадилар. Мушриклар каби Аллоҳга ширк келтирмасликларини таъкидлайдилар.
Жинларнинг таом ейишлари ҳам бор.
Аммо уларнинг таомланиши қандай ва унинг моҳияти нима эканини билмаймиз.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тезак билан ҳам, суяк билан ҳам истинжо қилманглар. Улар жин биродарларингизнинг зоди(озуқаси)дир», деганлар».
Имом Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жинлар ҳайъати келганда: «Эй Аллоҳнинг Расули, умматингизни суяк, тезак ва кўмир билан истинжо қилишдан қайтаринг. Аллоҳ бизнинг ризқимизни ўшаларда қилган», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни ўша нарсалардан қайтардилар».
Ровийлар улуғ саҳобий Абдуллоҳ Ибн Масъуддан ривоят қиладиларки:
«Расулуллоҳ бир куни саҳобаларга, ким жинлар ишига ҳозир бўлишни истаса, бу кеча марҳамат қилсин, дедилар. Мендан бошқа ҳеч ким бормади. Юриб бориб Макканинг юқорисига етганимизда оёқлари билан менга чизиқ чизиб бердилар-да, шундан чиқмай ўтир, дедилар. Ўзлари узоқроқ бориб Қуръон ўқий бошладилар. Бир зумда у кишини қора нарсалар ўраб, икковимизнинг орамизни тўсиб қўйди, мен овозларини ҳам эшитмай қолдим. Сўнгра ҳалиги қора нарсалар булутга ўхшаб парча-парча бўлиниб, тарқаб кета бошлади. Фақат бир бўлаги қолганда Расулуллоҳ бомдод намозини тугатдилар, бориб таҳорат ушатдилар ва менинг олдимга келиб, ҳалигилар нима қилди, деб сўрадилар. Мен, ҳов ана, туришибди, дедим. Пайғамбар алайҳиссалом уларга суяк ва тезакни бердилар. Бизни эса суяк ва тезак билан истинжо қилишдан қайтардилар».
“Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанънавий даволаш каби ишларнинг ҳақиқати” китобидан
Амир Темур нафақат буюк саркарда, давлат арбоби, балки ўз даври илм аҳллари ҳомийси ҳам бўлган. У мамлакатни ривожлантиришда илм-фан ва ислом олимларининг аҳамияти беқиёс эканлигини яхши тушунган. “Салтанатда эришган барча муваффақиятим ва мустаҳкам жойларни забт этишим – буларнинг барчаси Шайх Шамсуддин Фоҳурий дуоси, Шайх Зайнуддин Хавофий ҳиммати ва Саййид Барака марҳамати шарофатлари ёрдамида бўлди”, деб таъкидлаган эди[1]. Зар қадрини заргар билади, деганларидек, Соҳибқирон саройида таниқли мутафаккирларни жамлашга ҳаракат қилган.
Мўғуллар давридан кейин, Амир Темур даврида исломга давлат дини мақомининг қайтарилиши янги уламолар табақаларининг шаклланишига олиб келди[2].
Темур давлатида Самарқанд сиёсий пойтахтгина эмас, балки илмий марказ ҳам эди[3]. Бу тўғрида Мовароуннарда бўлган европалик сайёҳлар ва ўша даврда яшаб ижод этган тарихнавис Шарқ олимлари етарли маълумотлар қолдирганлар.
Тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, “Темур олимларга меҳрибон, саййиду шарифларни ўзига яқин тутар эди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрар эди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб иззату икромини изҳор қилар эди”[4]. Натижада салтанат пойтахти Самарқандда ўз даврининг турли соҳалари бўйича буюк алломалар жам бўлдики, бу жамлашни Соҳибқирондек илм-фанни яхши тушинган ва уни қадрига етган ҳукмдоргина амалга ошириши мумкин эди.
Бунга қуйидаги икки воқеани келтириш мумкин. Амир Темур Хоразмга келганида, Малик Муҳаммад Сарахсий ибн Малик Муъизиддин Ҳусайн Курт ўз жияни Пирмуҳаммад Ғиёсиддин Пиралидан Амир Темурдан Аллома Тафтазоний раҳмутуллоҳи алайҳни Сарахсга таклиф қилишини сўрашни илтимос қилди. Амир Темур Аллома Тафтазоний раҳмутуллоҳи алайҳнинг илмдаги фазлини билиб, у зотни Самарқандга таклиф қилишни афзал кўрди. Аввалига Аллома Тафтазоний раҳмутуллоҳи алайҳ Амир Темурнинг таклифига жавоб бермай турди, сўнг Ҳижозга сафар қилиш нияти борлигини айтиб, узр айтмоқчи ҳам бўлди. Аммо Амир Темур иккинчи бор таклиф юборганидан кейин Самарқандга равона бўлди[5].
“Амир Темур ўта аҳмиятли ва фойдали ишларидан бири бўйича чопар юборди. Чопарга: “Агар йўлда отга ҳожат тушиб қолса, кимни кўрсанг ҳам отини ол, агар ўғлим Шоҳруҳ бўлса ҳам”, деди. Чопар у амр қилган тарафга тезлаб жўнади. Йўлда аллома Тафтазонийга дуч келди. У дам олиш учун бир жойга тушган, отлари чодирнинг олдига боғланган экан. Чопар ўша отлардан бирини олди. Аллома Саъдуддин Тафтазоний чодирдан чиқиб, уни ушлаб олди. Отни чопардан қайтариб олди.
Чопар Амир Темурнинг олдига қайтиб борганида бўлган гапни унга айтди. Шунда Амир Темур қаттиқ ғазабланди. Аммо бироздан сўнг: ”Агар унинг ўрнида ўғлим бўлганида, уни қатл қилардим. Лекин қайси жойга борсам, китоблари у ерга менинг қиличимдан олдин кириб борган одамни қандай қилиб қатл қиламан”, деди[6].
Тошкент ислом институти Қуръон илмлари кафедраси
ўқитувчиси Қурбанов Содиқ
[1]Абулаббос Шиҳобуддин Аҳмад ибн Муҳаммад Димашқий. Ажоиб ал-мақдур фи тарих Таймур. – Байрут: Муассат ар-рисола, 1986. – Б. 48. 13
[2] Алимов У. Самарқандда калом илмининг ривожланиши. – Т.: Мовароуннаҳр, 2008. – Б. 59.
[3]Фернанд Брудил. Тарих ва маданиятлар қоидалари / Ҳусайн Шариф таржимаси. – Қоҳира. Ал-ҳайъа ал-мисрийя ал-омма ли-л-китоб, 1999. – Б. 77.
[4]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б.7
[5]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б.17
[6]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад юсуф. Самарқанднинг сара уламолари.-Тошкент: Ҳилол нашр, 2019.-Б.19.