Исроф – вақт, пул, мол каби Аллоҳ таоло берган неъматларни ножўя сарфлашдир. Исроф қилувчилар “мусриф” деб аталади. Аллоҳ мусрифларни ёқтирмайди. Исрофнинг зидди тежамкорликдир.
Исроф ҳам, бахиллик ҳам Ислом динида ҳаромдир. Чунки булардан бири пул ва молни сочиш, кераксиз жойларга сарфлаш бўлса, иккинчиси, мол ва пулни тўплаб, қўлда ушлаш, ундан ўзини ҳам, бошқаларни ҳам фойдалантирмасликдир.
Аллоҳ таоло бизга етказган ҳалол неъматлардан ўзимиз истаганча фойдаланишимиз мумкин. Аммо исроф қилиш ва манманликка берилишга йўл қўймаслигимиз лозим.
Абу Ҳомид Ғаззолий айтади: “Қалб сиҳҳатини тиклаш дардга даво бўладиган сабабларга эътибор қаратиш билан бошланади. Масалан, Аллоҳ таолодан узоқлаштирувчи, ҳалокатга олиб борувчи бахиллик дардининг давоси молни сарфу инфоқ қилишдир. Лекин баъзида бу сарф исроф даражасига ўтиб кетади. Натижада бахилликдан халос бўламан деб, исрофни орттиради.
Исроф ва бахиллик орасида мўътадилликни сақлаш керак. Агар мўътадиллик нелигини билмоқчи бўлсанг, сақланишинг лозим бўлган хулққа назар сол. Бу хулқ ўзининг зидди бўлмиш бошқа бир хулқдан сенга ёқимли ва енгил бўлса, демак, сен сақланишинг лозим бўлган хулқ билан хулқлангансан. Масалан, мол-дунёни сарфлашдан кўра, уларни тўплаш сенга лаззатли ва осон бўлса, демак, сенда бахиллик кўпроқ. Бас, мол-дунёнгни сарфлашга тириш!
Агар мол-дунёни керагича сақлашдан кўра ноўрин сарфлаш сенга лаззатли ва енгил бўлса, демак, сен исрофга мойилсан. Бас, молингни ушлаб туришни ўрган! Нафсингни кузат. Қайси феълларни қилишинг осону қайси феълларни қилишинг қийин эканини аниқ билиб ол. Қалбингни мол-дунёга боғланиб қолишдан асра. Шунда мол-дунёни ноўрин сарфлашдан ҳам, бахилликдан ҳам омонда бўласан.
Мол-дунё сен учун бамисоли сув. Бирор ташнанинг чанқоғини қондириш учун сен уни ушлаб турасан. Бирор муҳтожнинг ҳожатини раво қилиш учун сен уни сарфлайсан. Бераётганингда заррача қийналмайсан, аксинча, лаззатланасан. Қайси қалб шу даражага етса, билгинки, Аллоҳ уни саломат қилибди”. .
Исроф ва бахиллик чегараси иқтисоддир. Ҳар бир киши ўз ҳаётидаги молиявий жараёнларда иқтисодга таянса, у бахилликдан ҳам, исрофгарчиликдан ҳам йироқ бўлади.
Бу борада маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний таъкидлайди: “Иқтисод деб пул ва мол каби неъматларнинг қадрини билмакни айтилур. Мол қадрини билувчи кишилар ўринсиз ерга бир тийин сарф қилмас, ўрни келганда сўмни аямас.
Саховатнинг зидди бахиллик бўлгани каби иқтисоднинг зидди исрофдур. Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни суймас. Иқтисодни риоя қилган кишилар ҳамма вақт тинч ва роҳатда яшарлар. Сўзнинг қисқаси, илм ва маърифат ила баробар иқтисод, инсоф, туганмас саъй, битмас ғайрат лозимдур”.
Айримлар пул ва молдан ташқари вақтини ҳам исроф қилади. Вақт ҳам Аллоҳнинг неъмати эканини унутадилар. Пайғамбар алайҳиссалом бир кунни уч қисмга бўлардилар. Бир қисмини ибодат билан, бир қисмини рўзғор ишлари билан, яна бир қисмини халқ ишлари билан ўтказар эдилар. Халқ ишлари учун ажратилган вақт кифоя қилмаса, оилаларига ажратган вақтдан олар, ибодат вақтига тегмас эдилар.
Қуръони каримдаги Аср сурасини Аллоҳ таоло: “Аср (вақти)га қасамки...” деб бошлайди. Бу оятда вақтнинг одамлар учун қанчалик юксак аҳамиятга эга экани таъкидланган.
Баҳодир УСМОНОВ,
Янгийўл туманидаги
“Пусур оқсоқол” жоме
масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 5-сонидан олинди
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирларига оид Фармонни имзолади.
Ҳужжат Конституциявий суд фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда суд ишларини юритишда шаффофлик ва самарадорликни оширишга қаратилган. Унда қуйидагилар назарда тутилган:
– фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш;
– конституциявий шикоят институтини такомиллаштириш ва суд ҳимоясини кучайтириш;
– давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан конституциявий назоратни таъминлаш;
– 2026–2027 йилларда Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш дастурини амалга ошириш;
– суд ишларини юритишда "Э-КСУД" ахборот тизимини жорий этиш, электрон мурожаатлар, онлайн кузатув ва видеоконференсия орқали суд мажлисларида иштирок этиш имкониятларини яратиш;
– суд мажлисларини жонли эфирда узатиш, аудиоёзув орқали қайд этиш ва электрон баённомаларни шакллантириш;
– давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграция орқали фуқаролар ва тадбиркорларни ортиқча овора қилмасдан зарур маълумотларни электрон шаклда олиш амалиётини жорий этиш.
Фармон Конституция устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда суд тизимида замонавий, очиқ ва халққа яқин механизмларни жорий этишга хизмат қилади.