Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2025   |   5 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:03
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2025, 5 Ражаб, 1447

Исроф нима?

09.12.2020   3680   3 min.
Исроф нима?

Исроф – вақт, пул, мол ка­би Аллоҳ таоло бе­рган неъ­матларни ножўя сарфлаш­дир. Исроф қилувчилар “мус­риф” деб аталади. Аллоҳ мусриф­лар­ни ёқтирмайди. Ис­рофнинг зидди тежамкор­ликдир.

Исроф ҳам, бахиллик ҳам Ислом динида ҳаромдир. Чунки бу­лардан бири пул ва мол­ни со­чиш, кераксиз жой­ларга сарф­лаш бўлса, иккин­чиси, мол ва пулни тўплаб, қўлда ушлаш, ундан ўзини ҳам, бошқаларни ҳам фой­далантирмасликдир. 

Аллоҳ таоло бизга етказган ҳалол неъматлардан ўзимиз ис­таганча фойдаланишимиз мумкин. Аммо исроф қилиш ва манманликка берилишга йўл қўймаслигимиз лозим.

Абу Ҳомид Ғаззолий ай­тади: “Қалб сиҳҳатини тик­лаш дардга даво бўладиган сабабларга эътибор қара­тиш билан бошланади. Маса­лан, Аллоҳ таолодан узоқлаш­ти­рувчи, ҳалокатга олиб бо­рув­чи бахиллик дарди­нинг да­воси молни сарфу инфоқ қи­лишдир. Лекин баъзида бу сарф исроф даражасига ўтиб кетади. Натижада ба­хиллик­дан халос бўламан деб, исрофни орттиради.

Исроф ва бахиллик орасида мўътадилликни сақ­лаш ке­рак. Агар мўътадиллик не­лигини билмоқчи бўлсанг, сақланишинг лозим бўлган хулққа назар сол. Бу хулқ ўзи­нинг зидди бўлмиш бошқа бир хулқдан сенга ёқимли ва енгил бўлса, демак, сен сақла­нишинг лозим бўлган хулқ би­лан хулқлангансан. Масалан, мол-дунёни сарф­лашдан кўра, уларни тўп­лаш сенга лаззатли ва осон бўлса, демак, сенда бахил­лик кўпроқ. Бас, мол-дунёнг­ни сарфлашга тириш!

Агар мол-дунёни керагича сақ­лашдан кўра ноўрин сарф­лаш сенга лаззатли ва енгил бўлса, демак, сен исрофга мо­йилсан. Бас, молингни ушлаб туришни ўрган! Наф­сингни кузат. Қайси феъл­ларни қи­лишинг осону қай­си феълларни қилишинг қи­йин эканини аниқ билиб ол. Қалбингни мол-дунё­га боғ­ланиб қолиш­дан асра. Шун­да мол-дунёни ноўрин сарф­лашдан ҳам, бахиллик­дан ҳам омонда бўла­сан.

Мол-дунё сен учун бамисоли сув. Бирор ташнанинг чан­қоғи­ни қондириш учун сен уни ушлаб турасан. Бирор муҳ­тожнинг ҳожатини раво қилиш учун сен уни сарф­лайсан. Бераётганингда заррача қий­налмайсан, ак­синча, лаз­зат­­ланасан. Қайси қалб шу даражага етса, бил­гинки, Ал­лоҳ уни саломат қилибди”. .

Исроф ва бахиллик че­га­ра­си иқтисоддир. Ҳар бир ки­ши ўз ҳаётидаги молиявий жа­раёнларда иқтисодга таян­са, у бахилликдан ҳам, исрофгарчиликдан ҳам йи­роқ бўлади.

Бу борада маъ­рифатпарвар адиб Абдулла Авлоний таъкидлай­ди: “Иқ­тисод деб пул ва мол каби неъматларнинг қадрини билмакни айтилур. Мол қад­рини билувчи кишилар ўрин­сиз ерга бир тийин сарф қилмас, ўрни келганда сўмни аямас.

Саховатнинг зидди бахиллик бўлгани каби иқтисоднинг зидди исрофдур. Аллоҳ таоло ис­роф қилгувчиларни суй­мас. Иқтисодни риоя қилган ки­шилар ҳамма вақт тинч ва роҳатда яшарлар. Сўзнинг қисқаси, илм ва маърифат ила баробар иқтисод, инсоф, туганмас саъй, битмас ғайрат лозимдур”.

Айримлар пул ва молдан ташқари вақтини ҳам ис­роф қилади. Вақт ҳам Аллоҳнинг неъмати эканини унута­дилар. Пайғамбар алайҳис­салом бир кунни уч қисмга бўлардилар. Бир қисмини ибодат билан, бир қисмини рўзғор ишлари билан, яна бир қисмини халқ ишлари билан ўтказар эдилар. Халқ ишлари учун ажратилган вақт кифоя қилмаса, оила­ларига ажратган вақтдан олар, ибо­дат вақтига тегмас эдилар.

Қуръо­ни каримдаги Аср сурасини Аллоҳ таоло: “Аср (вақти)га қасамки...” деб бошлайди. Бу оятда вақтнинг одамлар учун қан­ча­лик юксак аҳамиятга эга экани таъ­кидланган.

Баҳодир УСМОНОВ,

Янгийўл туманидаги

“Пусур оқсоқол” жоме

масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 5-сонидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Видеолар

Амалий тадбирларнинг навбатдагиси пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлиб ўтди

24.12.2025   7206   4 min.

Шу йил 23 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси ўтказиб келинаётган амалий тадбирларнинг навбатдагиси пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлиб ўтди.

Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилик қилди. Шунингдек, унда Диний идора бўлими бошлиқлари Исломиддин домла Зуҳриддинов, Музаффар домла Камолов ва Масжидлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Дилмурод Раҳимовлар қатнашди.

Мазкур тумандаги “Исломобод” масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда Тошкент шаҳар вакиллиги раҳбарияти, туман-шаҳарлар бош имом-хатиблари ва Олмазор туманидаги масжид имом-хатиблари ҳам иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда Зайниддин домла Эшонқулов мазкур китоб бугунги ҳаётимиз билан нақадар уйғун экани, динимизда ҳам инсон ва унинг қадр-қиммати юксак улуғланиши, ҳар бир диний соҳа ходимининг фаолияти учун дастурамал бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу китоб барча иштирокчиларга тарқатилди.

Тадбир давомида туман бош имом-хатиблари учун намунавий махсус кийим намунаси тақдимот қилинди. Унда чакмон, духоба ва миллий дўппилар намойиш қилинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри, хусусан, Олмазор туманида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Унда шаҳардаги имом-хатиблар фаолиятидаги ютуқлар эътироф этилиб, баъзи камчиликлар бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Рустамов Эргашали бошчилигида туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек, тажрибали имом-хатиблардан таркиб топган Ишчи гуруҳ тузилиб, улар Олмазор туманидаги 21 та масжид ва маҳалласига бириктирилди.

Тадбир доирасида амалиёти назарда тутилган йўналишлар бўйича қуйидагилар амалга оширилди:

Биринчи йўналиш бўйича имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 105 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди: Хусусан:  

- 20 та хонадонда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар билан суҳбатлашилиб, тушунчалари тўғриланди;

- 15 та хонадонда жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, муқаддам судланганлар билан суҳбат қилинди;

- 20 та нотинч оила ўрганилиб, муаммонинг сабаблари бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди;

- 15 та хонадонда ичкиликка ружу қўйганлар билан суҳбат қилиниб, зарарли одатлардан сақланиш тўғрисида насиҳат қилинди;

- ногирон, касал, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек, табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган 20 та оилага кирилиб, улардан ҳол-аҳвол сўраш баробарида совға-саломлар улашилди, даволаниш ва дори-дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди.

Кирилган 105 та хонадоннинг ичидан моддий имконияти чекланганларига  ҳомийларни жалб қилган ҳолда жами 42 000 000 (қирқ икки миллион) сўмлик рўзғорлик маҳсулотлари эҳсон қилинди. Улар орасидан ўта ночор бўлганларининг моддий таъминотидан хабардор бўлиб туриш режалаштирилди;

Иккинчи йўналиш бўйича имом-хатиб фаолияти ўрганилди. Жумладан, жамоани бошқариш, масжидни тоза ва озода сақлаш, унда қулай шароитлар яратиш жиҳатлари кўриб чиқилди.

Учинчи йўналиш бўйича Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган 21 та масжидда пешин намозини адо қилиб, жамоатга маъруза қилиб бердилар. Тинчлик неъмати, шукроналик, ақидада адашмаслик, мазҳабга эргашиш каби муҳим мавзудаги чиқишларда 3800 га яқин тингловчи қамраб олинди.

Шунингдек, якуний йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича сўз юритди.

Йиғилишда меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари билан мулоқатни мунтазам йўлга қўйиш, кадрлар масаласига эътиборни кучайтириш, маърузаларни Фатво марказидан чиқарилган жума тезислари ва қўшимча адабиётлардан фойдаланган ҳолда бойитиш, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари маърузалар қилиш ҳақида сўзлади.

Диний идора Молиявий назорат ва таҳлил бўлими бошлиғи Исломиддин Зуҳриддинов масжидларда иш юритиш ҳужжатларини такомиллаштириш, эҳсон қутилардаги тушумларни комиссия аъзолари иштирокида далолатнома асосида банкдаги ҳисоб рақамларга кирим қилиш, тўй ва маракаларни ихчамлаштириш, жаноза маросимларда бидъат-хурофатларга чек қўйиш тўғрисида гапирди.

Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар Камолов мавжуд маҳаллаларга барча имом-хатиб ва имом-ноибларни бириктириш, маҳалла еттилиги билан ҳомкорликда ишларни йўлга қўйиш, шаръий далил ва ҳаётий мисоллар асосида маъруза қилиш, кибер жиноятчиликнинг олдини олиш ҳақида айтиб ўтди.

Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Олмазор тумани имом-хатиблари ютуқ ва камчиликлари юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

ВИДЕО