Бугун, 30 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Жиззах вилояти сафарлари давомида Жиззах шаҳридаги “Хўжа Нуриддин ҳожи” масжидига ташриф буюриб, мўмин-мусулмонлар билан маърифий суҳбат қилдилар.
Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, хусусан, замонавий масжидлар бунёд этилаётгани, мавжудлари таъмирланаётгани, ҳудудларда Қуръон ва тажвидни ўргатиш курслари фаолияти кенгаяётгани, мадрасаларда таълим сифати ошаётгани, ҳаж-умра қилувчилар сони ортиб борааётганини мамнуният билан таъкидладилар. Энг муҳими, бундай ўзгаришларнинг барчаси юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осудалик меваси экани, шу маънода, ушбу доруломон кунларнинг қадрига етиш лозимлиги ҳақида ҳам тўхталдилар.
Маърифий суҳбат асносида Муфтий ҳазратлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари, хусусан, кишилар ўртасидаги кечиримлилик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, ота-онани эъзозлаш ва умр бўйи уларнинг хизматларини бажо келтириш борасидаги набавий кўрсатмаларга амал қилишни ояти карималар, ҳадиси шарифлар, улуғ зотлар ибратлари мисолида тушунтириб бердилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:
– Ҳалиям уйланмадингми?
– Йўқ, – деди у.
– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?
– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...
– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..
– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.
Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:
“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:
– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:
– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...
Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.
Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ