Тижорат одоби, равиши усуллари ҳақида ҳам тавсиялари бор... Ҳадиси шарифлар бор...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорларни кузатганлар. Ҳукумат бошлиғи каби у ерларда буйруқлар берганлар.
Бир марта бир тижоратчининг ёнига келганлар. Савдогарнинг қопда турган молига қўлларини ботириб, аралаштириб кўрадилар. Қарасалар, таги ҳўл, усти қуруқ... Қопдаги молнинг таги ёмон, усти чиройли қилиб қўйилган... Шунда «Бундай қилма!» дедилар.
من غشنا فليس منا
Ман ғашшано фалайса минно – «Ким бизни алдаса, биздан эмас», – деганлар...
Савдонинг, тарозунинг, ўлчовнинг ҳалол бўлишига оид оят эмас, ҳатто сура бор; Мутаффифин сураси...
وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُممَّبْعُوثُونَ لِيَوْمٍ عَظِيمٍ (سورة المطففين : 1–5)
Вайлун лил мутаффифин. Аллазина изакталу ъалан наси яставфун. Ва иза колуҳум ав вазануҳум юхсирун. Ала язунну улаика аннаҳум мабъусун. Лиявмин азим.– (Ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир. Улар ўзларининг улуғ бир кунда – барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган қиёмат) кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?!
Голландияда бир устоз домла биродаримиз шахсан ўзи кўрган (мавзумизга доир) бир воқеани менга айтиб берганди:
Унга одамлар келиб:
«Устоз, ўлим тўшагида ётган бир беморимиз бор, ўтинамиз, бориб кўринг, ёрдам беринг!» дейишади. Шундай қилиб, тунги соат учда беморнинг ёнига олиб боришди. Бемор ҳушидан кетган, қийин аҳволда ётарди... Мен секин-секин «Лаа илаҳа иллаллаҳ... Лаа илаҳа иллаллаҳ. Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллаҳ...» деб калимаи тавҳид ва калимаи шаҳодатни айтдиришга ҳаракат қилдим. Бир вақт бемор ўзига келиб бундай деди: «Нимага мени мажбур қилаяпсиз?.. Кўрмаяпсизми, тарозининг бош қисмидаги темирини томоғимга тиқиб-тиқиб олишяпти!» – деб айтибди. Кейин ўлди, – дейди.
Марҳумнинг хотинидан:
– «Бунинг сабаби нима?..», – деб сўраганида:
– «Бу ҳақда сўраманг устоз!.. Эрим сотувчи эди. Иккита тарозиси бор эди; биттасини олаётганида, иккинчисини эса, сотаётганида ишлатарди... Олаётганда кам кўрсатадиган тарозида тортиб, сотаётганда кўп кўрсатадиган тарозида тортарди.» – деб жавоб беради.
Масалан, биринчи тарозида тортилган 1 кг оғирликдаги нарса, иккинчи тарозида 800 гр. чиқаркан...
Ана шундай иккита тарозидан фойдаланиб, халқни алдар экан. Лекин вафоти ҳам аянчли бўлган. Устоз: «Ўз кўзларим билан кўриб, қўлоқларим билан эшитдим»деди...
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
Уламолар айтишича, Қуръоннинг мусулмон банда устидаги ҳақлари қуйидагилар:
Уламолар, мўмин-мусулмон киши Қуръонни ойда бир марта хатм қилишини тавсия этишган. Қуръон тиловати ҳар бир мўминнинг кундалик вазифаси бўлиши керак. Қуръон фақат қорилар ё кексалар ўқийдиган Китоб эмас. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ҳар бир банда билиши керак Қуръон ўқишни. Агар ҳафтада маълум кунларни Қуръон ўқиш ва ўрганишга сарфлаганимизда, орамизда Қуръон ўқишни билмайдиган инсон қолмасди.
Аллоҳнинг Китоби Қуръони каримни тиловат қилиш унга кўз югиртириб чиқиш ёки ёдлаганини тушунар-тушунмас такрорлаш эмас. Қуръонни бутун вужуд билан ҳис этган ҳолда ўқилади. Буни тадаббур дейилади.
Қуръон ёдлашнинг масъулияти катта. Қуръонни дилига жойлаган банда Қуръонни муттасил такрорлаб туради. Қуръонни ёдлаб, унинг ҳақларини поймол қиладиган, эътиборсизлик билан ёдлаганларини унутиб юборадиган “қори”лар огоҳлантирилган.
Ривоят қилинишича, солиҳлардан бири ўлим тўшагида ётган ҳолида ўғлига:
– Ўғлим! Менга Қуръонни олиб кел, биргина оятни унутиб қўйдим. Ўшани эсламоқчиман!, деди. Шунда ўғли ҳайрон бўлиб:
– Отажон, биргина оятни эслашингиздан қандай наф бор?! – деди. Солиҳ ота жигарбандининг саволига:
– Ўша оятни эслаган ҳолда Аллоҳ билан учрашишим ундан ғофил ҳолда йўлиқишимдан яхшироқ! – деб жавоб берган экан.
Вафотидан олдин илмга рағбат қилган уламолар ҳаётидан ибратли ҳикоялар келтирилади. Бу ҳам мусулмон банда илм-маърифатга интилиши, энг аввал, Парвардигорининг Китобини ўқишни ўрганиши, ундан имкон қадар ёдлаши кераклигига ишорадир.
Одамлар орасида обрўъ-эътиборга эга шахс гапираётганда унинг гапини бўлиш ёки маърузасига халақит бериш қандай одобсизлик-а. Тўғрими? Энди бутун оламлар Парвардигори Аллоҳнинг Каломи ўқилаётганда гаплашиш, тиловатга бепарво бўлиш қандай ҳурматсизлик эканини тасаввур қилиб кўринг!
Аллоҳ таоло Қуръони каримни ўқиш учун тилларга осон, оятларини тушуниб ибрат олиш учун фасоҳатли араб тилида нозил қилган. Агар инсон Қуръонни яхши тушунганида, уни тиловат қилишдан, Қуръон ўқишдан тўймасди. Демак, Қуръонга бўлган муҳаббатимиз зиёда бўлиши учун уни тўғри ўқиш ва ўқиганларимизни уқиш талаб этилади.
Энди ўзимизга савол берайлик: ичимизда неча фоизимиз Қуръон ўқишни билади? Қанча одам Қуръонни бошидан охиригача бехато ўқий олади? Неча киши Қуръоннинг маъноларини, ҳукмларини дарс қилиб ўқиган ёки ўқимоқда? Нима учун Қуръон ўқимаймиз? Нима учун устимизга хотиржамлик, хайр-барака, тинчлик-хотиржамлик тушишини истамаймиз? Ахир Қуръон касалликларимизга шифо ва раҳмат қилиб нозил қилинган-ку! Мусулмонман, деган ҳар бир инсон, кунда-кунора Қуръон ўқийди, уни ўрганади, ўқиганини тушунишга ҳаракат қилади.
Одилхон қори Юнусхон ўғли