Зеҳн (ёки хотира) – инсонга Аллоҳ таолодан берилган буюк неъмат саналади. Шахснинг бирор нарсани эсда олиб қолиши, уни сақлаши ва қайта эсга тушириш қобилиятига зеҳн ёки хотира дейилади.
Шаръий илмларни ўзлаштиришда зеҳннинг ўрни катта. Чунки бу соҳадаги аксар илмлар китоб таълиф этишдан кўра нақл (оғзаки) йўл билан етиб келган. Айнан шу боис бўлса керак, мутафаккир уламолар зеҳннинг ўткир ва кучли бўлишига катта эътибор берганлар. Зеҳнни кучайтирувчи воситаларга яқин бўлиб, уни сусайтирувчи омиллардан йироқ бўлишга ҳаракат қилганлар, шу билан бирга толиби илмларга ҳам буларни тавсия қилганлар.
Аллоҳ таоло "Шуро" сурасининг 23-оятида шундай марҳамат қилади: «Ким яхшилик қилса, ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз». Шундай экан, зеҳн кучли бўлиши учун солиҳ амалларни кўпайтиришнинг аҳамияти ҳам катта. Хусусан тақвони кучайтириш – илм эшиги очилишига сабаб бўлади. Бу ҳақида "Бақара" сурасида шундай дейилган: «Ва Аллоҳдан қўрқинг, (шунда) Аллоҳ сизга ўргатади».
Имом Шофеъий кучли зеҳн эгаси эдилар. Ўқиган нарсаларини бир кўришда ёд олиш қобилияти бўлган. Бир куни зеҳнларида сустлик сезиб, устозлари Ваки’ роҳматуллоҳи алайҳи ҳузурларига шикоят қилиб келадилар. Шунда устозлари Шофеъийга гуноҳ ва маъсиятлардан йироқ бўлишни буюрадилар. Чунки ҳифз Аллоҳнинг фазли бўлиб, осий Аллоҳнинг фазли билан ҳидоятлана олмайди. Шофеъий уларнинг айтганларига амал қиладилар ва қувваи ҳофизалари янада кучли бўлади.
Зеҳнни кучайтириш учун қуйидагиларга амал қилиш тавсия этилади:
Аллоҳ таолога ихлос ила дуо қилиш;
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловатни кўпайтириш;
Қуръон қироати, айтиладики: Қуръони Каримни қараб ўқишдек ҳифзни зиёда қилувчи нарса йўқ. Қараб ўқиш афзал, негаки Шаддод ибн Ҳаким дўстларидан бирини вафотидан сўнг тушида кўрди ва унга: «Қайси нарсани ўзинг учун манфаатли эканини билдинг (вафотингдан кейин)?», деди. У: «Қуръонга назар солиб қироат қилиш», деди.
Жидду-жаҳд;
Давомийлик;
Таомни озайтириш;
Тунги намоз;
Мисвокдан фойдаланиш;
Асал тановул қилиш. Имом Зуҳрий айтадилар: «Асални канда қилма. Албатта у ҳифзни яхшилайди». Уни қора седана ёғи билан қўшиб ейиш овозни чиройли қилади ва балғамни кетказади. Чой ўрнига ялпиз қайнатиб, сўнг қора седана ёғидан бир неча томчи томизиб, катта қошиқда асалга қўшиб ейиш зеҳнга мусаффолик, жисмга тетиклик бағишлаб, танадаги қанд миқдорини камайтради;
Шакар билан босвеллияни тановул қилиш. Босвеллия – христианларнинг диний маросимларида тутатиладиган исириқсимон ўсимлик;
Ҳар куни эрталаб оч қоринга 21 дона қизил майиз тановул қилиш – бу зеҳнни кучайтириш билан бирга кўплаб касалликларга даво бўлади;
Сут ичиш. Бир киши Али (розияллоҳу анҳу)нинг олдига тез унутиб қўяётганидан шикоят қилиб келганида: «Сигир сутини ичиб тур! У юракни ғайратлантириб, паришонхотирликни кетказади», деганлар.
Замзам ичиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Замзам нимага ичилган бўлса, ўшангадир», деганлар;
Пиширилган балиқ;
Ловия. Шофеъий шундай марҳамат қилган: «Ловия мияни қувватлайди, мия эса ақлнинг бир бўлагидир»;
Сирка тановул қилиш. Чунки унинг балғамга қарши кучи ва шаҳватни кесиши собит бўлган. Пайғамбар (алайҳиссалом): «Сирка қандоқ ҳам яхши нонхўракдир», деганлар;
Зеҳн намозини ўқиш. Жума куни кечанинг охирги учдан бир қисмида тўрт ракат намоз ўқилиб, зам сурага биринчи ракатда "Ясин", иккинчи ракатда "Духон", учинчи ракатда "Сажда", тўртинчи ракатда "Мулк" сураси тиловат қилинади. Ташаҳҳуддан кейин саловатни айтиб, намоздаги ҳолатида Қуръон ёдлаш дуосини айтади: «Ё Аллоҳ тирик эканман, менга маъсиятларни доимо тарк этишим ила, ўзимга бефойда бўлган нарсага уринмаслик ила раҳм қилгин. Сени рози қиладиган нарсага мени муваффақ қилгин. Аллоҳим! Эй осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Эй улуғлик, икром ва мислсиз иззат Соҳиби! Эй Аллоҳ! Эй Роҳман! Улуғлигинг ва Юзингнинг нури ила сўрайман. Китобингни Ўзинг менга ўргатганингдек ёд олишни қалбимга лозим қилгин. Уни Сен рози бўладиган тарзда тиловат қилишга муваффақ қилгин…»
Балғамни кўпайтирадиган нарсалар истеъмолини камайтириш.
Зеҳннинг сустлашишига сабаб бўлувчи омиллар:
Гуноҳларнинг кўплиги;
Дунё ишларига ғам-ғусса чекиш, маҳзун бўлиш, чунки дунё ғамлари қалбни зулматдан холи қилмайди, яхшиликлардан тўсади. Аммо хушу билан ўқилган намоз ғам ва қайғуни кетказади;
Балғамни кўпайтирувчи нарсаларни кўп истеъмол қилиш;
Ҳўл кашнич, нордон олма истеъмол қилиш. Ибн Шиҳоб олма ейишни ёмон кўрар ва «у унуттирар» дер эди. Асал ейишни яхши кўрар ва «у эслатади» дер эди.
Осиб қўйилган нарсаларга қараш (масалан, дорга осилган кирларга);
Номаҳрамларга назар солиш. Имом Нурий шундай нақл қилади: «Шайхимнинг уйида уч йил истиқомат қилдим. У кишининг олти қизи бор эди. Аллоҳга қасамки, уларга ҳаттоки кўз қиримни ҳам ташламадим. Шунда Аллоҳ таоло хотирамга барака бериб уч ойда тўқсонта китобни ёд олдим»;
Кўп гўшт ейиш. Шаъбий: «Мен унутиш хавфи борлиги учун кўп гўшт ейишни тарк қиламан», дер эдилар.
Тизилиб турган туялар орасидан ўтиш;
Елкадан кумуш асбоблар орқали ҳижома қўйдириш;
Қабртошларга ёзилган ёзувларни ўқиш;
Ерга битни ўлдирмасдан, тирик ҳолда ташлаш.
Зикр қилинганларнинг бари шунчаки омиллар бўлиб, Аллоҳ истасагина ва тавфиқ берсагина фойда беради. Абу Солиҳ ибн Муҳаммад Бағдодий: «Ҳифз Аллоҳнинг ҳадяси бўлиб, уни бандаларидан истаганига беради. Гоҳида такрорлаш, амалиёт ва касб қилиш билан ҳам юзага келади. Аллоҳ кимни ҳифзга муваффақ қилган бўлса, ейиши унга зарар бермайди», деб айтганлар.
Гулруҳ КЕНЖАБОЙ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони каримнинг иккинчи сураси “Бақара” деб номланиб, у Мадинада нозил бўлган, 286 оятдан иборат. “Бақара” сўзи сигир маъносини билдиради. Бу сура Бақара деб номланишига сабаб шуки, ўтмишда Бани исроиллик бир киши ўлдирилганида унинг қотили топилмайди. Шунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ваҳий юбориб: “Қавмингга айт, сигир сўйиб, унинг бир бўлаги билан ўликни урсин”, деб буюради. Аллоҳнинг буйруғи бажарилганидан сўнг ўликка жон кириб, қотили кимлигини айтиб беради.
Сурада сигир билан боғлиқ воқеа келтирилгани учун унга Бақара деб ном берилган. У Қуръондаги энг йирик сура бўлиб, унда эътиқод, ибодат, иқтисод, муомала, ахлоқ, никоҳ, талоқ, идда каби масалалар билан бир қаторда Мусо алайҳиссалом Фиръавн ва Бани Исроил қавми ўртасидаги можаролар ўз аксини топган.
Суранинг аввалида мўминлар, кофирлар ва мунофиқлар сифатлари ҳақида баён қилиниб, кейин инсоннинг яратилиш қиссаси, рўза, ҳаж ва умра ибодати масалалари, кўпгина ижтимоий масалалар оила, талоқ, эмизиш, идда, мушрика аёлга уйланиш ҳаромлиги, судхўрликнинг ман этилгани ва унинг оқибатлари, қарз олди-берди масалалари, қиёмат куни даҳшатлари зикр қилинади. Шунингдек, Бани Исроилнинг ўтмишда қилган макр-ҳийлалари, хиёнати, алдамчиликлари, бузуқ табиати ҳақида хабардор қилади. Суранинг охирида мўминларнинг тавба қилишга, Аллоҳга доимо тазарруда бўлишига чақириқ келади.
Ушбу суранинг фазилатлари ҳақида ҳадисларда ҳам баён этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўз аҳли учун шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Зеро, бу иккиси қиёмат куни икки булут ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларининг ҳожатини раво қилади. Бақара сурасини ўқинглар. Уни ўқиш барака, тарк этиш эса ҳасратдир», деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уйларингизни қабрга айлантирманглар! Бақара сураси ўқилган уйга шайтон кирмайди», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳар нарсанинг саноми – кўзга кўринган жойи бўлади. Бақара сураси Қуръоннинг саномидир. Албатта, шайтон (қайси бир) уйда Бақара сураси ўқилаётганини эшитса, (у ердан) чиқиб кетади», дедилар (Имом Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуръон оятларининг саййиди Оятул Курсийдир», деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Абу Мунзир, Аллоҳнинг китобидан сен ёд олган қайси оят улуғ эканини биласанми?» дедилар. Мен: «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум», дедим. Шунда у зот кўксимга уриб: «Илм муборак бўлсин, эй Абу Мунзир», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Абу Умома ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким ҳар фарз намоздан кейин “Оятул Курсий”ни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос» дедилар (Имом Насаий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: «Ким Бақара сурасидан ўн оятни – аввалидан тўрт оят, оятул курсий ва ундан кейинги икки оят ҳамда охиридан уч оятни кечаси ўқиса, ўша уйга шу кечаси шайтон кирмайди» (Имом Доримий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Олимлар ҳадисдаги “кифоя қилади”ни ушбу оятларни ўқиган инсон барча ёмонликлардан сақланиши, савоб олиши, тунни ибодат билан ўтказишига кифоя қилади деб шарҳлаганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эдилар, устларида янграётган бир овозни эшитдилар. Бошларини кўтариб, бу осмондаги бир эшик бўлиб, бугун шу эшик очилди. Фақат бугун очилди, ҳамда у ердан бир фаришта тушди. Шу фаришта ер юзига бугун тушди, холос. Бундан олдин тушмаган эди. Фаришта салом бериб, икки нур башоратини бер, деди. «Бундан олдин бирор пайғамбарга берилмаган, деди. У Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг охиридир. Ундан бирор ҳарф ўқисангиз, унинг савоби берилади», деди (Имом Муслим ривояти).
Ушбу сура ҳақида Ибн Арабий: «Менинг узтозларим ушбу сура ҳақида шундай зикр қиладилар: Бу сурада мингта амр, мингта наҳий ва мингта хабар бор», деганлар.
Зубайд Абдураҳмон ибн Асваддан ривоят қилади: «Ким Бақара сурасини ўқиса, бунинг эвазига унга жаннатда тож кийдирилади» (Имом Доримий ривояти).
Бақара сурасини мунтазам ўқиб юрган ва унга амал қилган инсон шайтон, инс ва жинларнинг ёмонлигидан, сеҳр-жодудан, ҳасад ва нафратдан, бало ва офатлардан, турли хил касалликлардан омонда бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлади. Шунингдек, унинг юзи нурли, умри баракали, ризқи кенг, мол-дунёси зиёда бўлишига сабаб бўлади. Агар касал бўлса дардига даво топади, қиёматда шафоатчи бўлади, қиёмат куни даҳшатларидан омонда бўлади, дўзахдан эса парда бўлади. Сурани ўқиб кейин қилинган дуолар мустажобдир, чунки бу сурада Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари бор. Ушбу сурани ўқиш, ўрганиш, оятларини тадаббур қилиш, унга ихлос билан амал қилиш улкан ажр, хайр ва баракадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу суранинг фазилатларига муяссар қилсин.
“Тафсири ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”
ва бошқа манабалар асосида Дилшоджон МАМАДАЛИЕВ тайёрлади.