بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي تَكَرَّمَ عَلَى الْعَالَمِيْنَ بِدِيْنِ الْإِسْلاَمْ، وَجَعَلَ السَّمَاحَةَ فِيْهِ مَنْهَجًا لِلْأَنَامْ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي بَيَّنَ الْأَحْكَامْ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ
ИСЛОМДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИК МАСАЛАСИ
Муҳтарам жамоат! Инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю халқ фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган.
Шукрлар бўлсинки, халқимизнинг қон-қонига миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик сингиб, айни пайтда юртимизда 130 дан зиёд турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликда тинч-тотув яшаб келмоқдалар.
Маълумки, Исломда миллат ажратиш йўқ. Кишиларни миллатига қараб ажратиш жоҳиллик ва илмсизлик ҳисобланади. Чунки саҳобаи киромларнинг ҳам ораларида турли миллатга мансуб зотлар бор эдилар. Масалан, машҳур саҳобаи киромлардан Салмони Форсий разияллоҳу анҳу форс, Билол Ҳабаший разияллоҳу анҳу ҳабаш миллатига мансуб бўлганлар. Суҳайб Румий разияллоҳу анҳу эса, румлик бўлганлар.
Исломда барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, мукаррамлик фақат тақвода экани ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ
إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
(سُورَةُ الحُجُرَاتِ/13)
яъни: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Демак, биз қайси миллат ва элат вакили бўлишимиздан қатъий назар бир ота-онанинг фарзандлари эканмиз. Мана шу нарсани эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.
Суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бағрикенгликда ҳам барчага намуна бўлганлар. Қуйида У зотнинг муборак тарихларидан бағрикенгликларига оид баъзи маълумотларни келтирамиз:
"إِنَّ اللهَ لَمْ يَبْعَثْنِي طَعَّانًا وَلاَ لَعَّانًا، وَلَكِنْ بَعَثَنِي دَاعِيًا وَرَحْمَةً اَللَّهُمَّ اهْدِ قَوْمِي فَإِنَّهُمْ لاَ يَعْلَمُونَ"
(رواه الإمامُ البيهقي)
яъни: “Мен лаънатловчи қилиб эмас, даъват этувчи ва раҳмат қилиб юборилганман. Ё Аллоҳ! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта улар билмайдилар”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).
Бағрикенгликни қаранкки, шунча озор берган одамлар ҳаққига дуои хайр қиляптилар. Ваҳоланки, дуолари ижобат эди. Нимани сўрасалар Аллоҳ берадиган Зот эдилар.
"أَليسَتْ نَفْسًا" (رواهُ الإمامُ مسلمٌ عَن سهل بن حنيف وقيس بن سعد رَضِيَ اللهُ عنهُما).
яъни: “У инсон эмасми?!” дедилар (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, биз инсонлик ҳурмати сабабли барча билан яхши муносабатда бўлишимиз керак бўлади.
Демак, биз суюкли Пайғамбаримизга ҳар қадамда эргашишга ҳаракат қилар эканмиз, бағрикенгликда ҳам У зоти шарифдан ўрнак ва андоза олишимиз даркор. Шундай экан, мўмин-мусулмонлар нафақат бир-бирларига балки, ўзга дин вакиларига ҳам яхши муомала ва муносабатда бўлиб, Ислом динини гўзаллигини намоён қилишлари керак.
Тарихдан маълумки, машҳур тобиъинлардан Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ адолатда “Иккинчи Умар” деган унвонга сазовор бўлганлар. Бу кишини адолатларини васфлашга тил ожизлик қилади. Бунга тарих гувоҳ. Умар ибн Абдулазиз раҳбарлик давларида Сурия пойтахти Дамашқда бир масжид кенгайтириладиган бўлди. Умар ибн Абдулазиздан олдинги халифа масжидни кенгайтириш учун масжид олдидаги насронийлар ибодатхонасининг бир қисмини қўшиб олиш ҳақида қарор қабул қилган экан. Шу қарорга мувофиқ мусулмонлар насронийлар ибодатхонасини бузиб, масжидга қўшмоқчи бўлди. Шунда, насронийлар томонидан Умар ибн Абдулазизга “Бизни ибодатхонамизнинг бир қисмини бузиб, масжидга қўшиб олишмоқчи, деган маънода шикоят хати келди. Шунда Умар ибн Абдулазиз: “Масжидга қўшиш учун қанча жой бузилган бўлса, шуни қайтариб бериб, бузилган жойни қайта қуриб қўйилсин”, деган маънода жавоб хати ёздилар. Дамашқнинг баъзи уламоларига бу ёқмади. Уларниг вакиллари бу қарордан қайтишни илтимос қилиб келишди. Шунда Умар ибн Абдулазиз: “Яхши келдингиз. Мен қарорда бир нарсани ёзишни унутибман. Шуни ёзишимга туртки бўлдингиз, унутган нарсам: қайтариб берадиган куннинг санасини ёзмапман”, – деб, қарорни янгилаб ва мустаҳкамроқ қилиб юбордилар.
Демак, динимиз кўрсатмаларига кўра, бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарига тажовуз қилиш йўқ.
Азизлар! Бағрикенглик ва ўзгалар билан яхши муомала ва муносабатда бўлишнинг ҳикмати шуки, халқни бирлиги, ўзаро тинч-тотув, иттифоқ бўлиб яшаш, зиддият ва ихтилофдан қочишдир. Мана шунда, жуда кўп ютуқ ва турли соҳаларда катта марраларга эришилади.
Исломда бағрикенг бўлишни бир қанча кўринишлари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзилари баён қилинади:
"رَحِمَ اللَّهُ رَجُلاً سَمْحًا، إِذا بَاعَ، وإِذا اشْتَرَى، وَإِذا اقْتَضَى"
(رواهُ الإمامُ البخاريُّ عن جابرٍ بن عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عنه)
яъни: “Сотганда ҳам, олганда ҳам, қарзни талаб қилганда ҳам бағрикенг бўлган кишини Аллоҳ таоло раҳм қилсин!” (Имом Бухорий ривоятлари).
"مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُنْجِيَهُ اللَّهُ مِنْ كُرَبِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ فَلْيُنَفِّسْ عَنْ مُعْسِرٍ أَوْ يَضَعْ عَنْهُ"
(رواهُ الإمامُ مسلمٌ عَن عَبدِ اللهِ بنِ أبي قَتَادَةَ رَضِيَ اللهُ عنهُ)
яъни: “Аллоҳ таоло Қиёмат кунидаги машаққатлардан қутқариши кимни хурсанд қилса, камбағал бўлиб қолган қарздордан қарзининг барчасини ёки бир қисмини кечсин!” (Имом Муслим ривоятлари).
أَنَّ رَجُلًا قَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ لِي قَرَابَةً أَصِلـُهُمْ وَيَقْطَعُونِي، وَأُحْسِنُ إِلَيْهِمْ وَيُسِيئونَ إِلَىَّ، وَأَحْلُمُ عَنْهُمْ وَيَجْهَلُونَ عَلَىَّ. فَقَالَ:"لَئِنْ كُنْتَ كَمَا قُلْتَ، فَكَأَنَّمَا تُسِفـُّهُمُ الْمَلَّ، وَلاَ يَزَالُ مَعَكَ مِنَ اللَّهِ ظَهِيرٌ عَلَيْهِمْ مَا دُمْتَ عَلَى ذَلِكَ
(رواهُ الإمامُ مسلمٌ عَنْ أبي هريرةَ رضِي اللهُ عنه)
яъни: “Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи раҳм қиламан, улар уни узадилар. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қиладилар. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар менга жоҳиллик қиладилар”, – деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Агар сиз ўзингиз айтганингиздек бўлсангиз, худди уларга иссиқ кулни едираётгандексиз (яъни, яхшилигингизни муқобилига ёмонлик қилишлари билан катта гуноҳ қилаётган бўладилар). Модомики, шу ҳолда бардавом бўлар экансиз, Аллоҳ томонидан сиз билан бирга уларнинг қаршисига бир ёрдамчи бўлади”, – дедилар” (Имом Муслим ривоятлари).
Бу ҳадиси шарифда қариндошлар ёмонлик қилсалар ҳам, уларга яхшилик қилишда бардавом бўлишга қаттиқ тарғиб бор.
Хулоса шуки, Ислом бу – бағрикенглик дини. Нафақат мусулмонлар ўзаро, балки ўзга дин вакиллари билан ҳам чиройли муносабатда бўлишга чақиради. Мана шуни биз ўзгаларга кўрсатиб, динимиз нақадар гўзал эканини яна бир бор намоён қилайлик! Афсуски, шуни кўрсата олмаяпмиз. Баъзида бошқа дин вакиллари биз мусулмонларни ҳатти-ҳаракатларимизни кўриб, ҳайрон бўлиб, булар қанақа одамлар экан деб қолишига сабабчи бўляпмиз.
Муҳтарам азизлар! Маълумки, инсон умри тугагач унинг дунёдаги сўнги манзилгоҳи қабр ҳисобланади. Ҳозирда масжидиларимизга туташ қабристонларда жума намозига келиш ёки жума намозини адо этиш асносида қабрларни устидан босиб ўтиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда экан. Бу ачинарли ҳолатдир. Шариатимизда вафот этган кишининг ҳурмати, худди тирик инсоннинг ҳурмати каби қаралади. Шунинг учун мўмин-мусулмон киши қабрларни устини босмасдан, белгиланган йўлакларда юриши лозим. Қабрни устини босиб юриш гуноҳ ҳисобланиб, шариатимизда бундан қайтарилгандир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор чўғ ёки қилич устида юришим ёҳуд ковушимни кийиб турган ҳолатимда ямашим мен учун бирор қабрни устида юрганимдан яхшироқдир”, деганлар (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Аллоҳ таоло азиз ва мустақил юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларни, тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, она-Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин! Омин!
Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “Ҳадислардан ҳукм олишга кимлар ҳақли” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا قَدِمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ وَأَمَرَ بِبِنَاءِ الْمَسْجِدِ، قَالَ: يَا بَنِي النَّجَّارِ، ثَامِنُونِي بِحَائِطِكُمْ هَذَا، قَالُوا: لَا وَاللهِ، لَا نَطْلُبُ ثَمَنَهُ إِلَّا إِلَى اللهِ تَعَالَى، أَيْ فَأَخَذَهُ فَبَنَاهُ مَسْجِداً. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ва масжид бино қилишга амр қилганларида:
«Эй Бани Нажжор! Мен билан мана бу боғингизни баҳолашинглар», дедилар.
«Йўқ! Аллоҳга қасамки, унинг баҳосини фақат Аллоҳдан сўраймиз», дейишди.
Бас, у зот уни олиб, масжид қурдилар».
Учовлари ривоят қилганлар.
Бу ривоятда Бани Нажжор қабиласининг ўзларига мулк бўлган боғ ерини масжид қуриш учун вақф қилганликлари ҳақида сўз бормоқда.
Бани нажжорликларнинг бу ҳимматлари кейин ҳам барча замонлар ва маконларнинг мухлис мусулмонлари томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Масжид учун ҳеч нарсасини аямаслик яхши одат бўлиб қолган. Фақат мусулмонлигини эмас, балки одамийлигини ҳам унутганларгина бошқача тасарруф қилиши мумкин.
عَنْ عُثْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَفَرَ بِئْرَ رُومَةَ فَلَهُ الْجَنَّةُ، فَحَفَرْتُهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким Рума қудуғини ковласа, унга жаннат бўлур», деганларида уни мен ковладим».
Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Бошқа ривоятларда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у ерда Рума қудуғидан бошқа ширин сувли қудуқ йўқ эди. «Ким қудуқни сотиб олиб, ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилур», дедилар. Шунда мен уни ўзимнинг асл молимдан йигирма беш ёки ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олдим», дейилган.
У Бани ғифорлик бир кишининг булоғи эди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу уни қудуқ қилиб ковлатдилар, қурилиш қилдилар ва мусулмонлар учун атаб, ўз челакларида улар билан бир қаторда сув олиб, ичиб юрдилар.
عَنْ سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أُمَّ سَعْدٍ مَاتَتْ، فَأَيُّ الصَّدَقَةِ أَفْضَلُ؟ قَالَ: الْمَاءُ، فَحَفَرَ بِئْرًا وَقَالَ: هَذِهِ لِأُمِّ سَعْدٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ. وَزَادَ: فَتِلْكَ سِقَايَةُ سَعْدٍ بِالْمَدِينَةِ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ.
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши розияллоҳу анҳу:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Умму Саъд вафот этди. Қайси садақа афзал?» деди.
«Сув», дедилар у зот.
Бас, у қудуқ қазиди ва:
«Бу Умму Саъдга», деди».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар ва:
«Ана ўша Саъднинг Мадинадаги сувхонасидир»ни зиёда қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Ушбу ривоятдан савобини маълум кишига атаб вақф қилиш жоизлиги келиб чиқмоқда.
Ўша вақтда мусулмонлар жамоасининг эҳтиёжига биноан, шу иш қилинган. Кейинчалик ушбу маънода турли вақфлар қилинган. Турар жойлар, мадрасалар, муҳтожларга маош бўладиган нарсалар вақф қилинган.
Ҳозирги мусулмонлар ҳам бу ишлардан ўрнак олишлари керак. Чунки вақф садақаи жория бўлади, ундан доимий равишда савоб етиб туради.
Динимиздаги вақфлар тушунчасини ҳозирги кундаги хайрия жамиятлари тушунчасига ўхшатиш мумкин. Албатта, иккиси ўртасидаги фарқ жуда ҳам катта. Бу нозик фарқларни уларни синчиклаб ўрганган кишилар яхши англаб етишлари мумкин.
Аъзолари олиймақом инсоний фазилатлар соҳиби бўлган умматгина ҳаётга, тараққиётга ва дунёда пешқадам бўлишга лойиқдир. Мазкур олиймақом инсоний фазилатлардан яхшилик, хайр-эҳсон ва меҳру шафқат барқ уриб туради ҳамда улардан жамиятдаги барча табақалар баҳраманд бўладилар.
Мусулмонлар худди ана шу олиймақом фазилатлар билан бутун дунёга яхшилик уруғини сочган жамоа аъзоларидир. Улар Қуръони Карим ва Пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларида келган бутун мавжудотга яхшилик қилиш ҳақидаги таълимотларга амал қилган ҳолда яхшилик, хайр-эҳсон ва меҳр-шафқат улашиб келганлар.
Мусулмонларнинг хайрия ишларининг барчасига динимиздаги вақфлар ҳақидаги кўрсатмалар асос бўлган.
Мазкур хайрия ишларини қилишда барча мусулмонларга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари бош ўрнак бўлганлар. У зот турли кишилар тарк қилган еттита боғни мискинлар, фақирлар ва ҳожатмандлар фойдасига вақф қилганлар.
Кейин у зотга Ҳазрати Умар, Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Усмон, Ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом, Муъоз ибн Жабал каби саҳобалар эргашиб, катта миқдордаги вақфларни қилганлар. Аста-секин бу хайрли иш кенгайиб борган ва деярли имкони бор бўлган барча саҳоблар вақфлар қилганлар.
Бу ҳақда улкан саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳожир бўлсин, ансорий бўлсин, қудрати етган саҳобаларидан бирор кишининг сотилмаслик, меросга қолмаслик ва ҳадя қилинмаслик шарти ила ўз молидан вақф қилмаганини билмайман», дейдилар.
Кейин келган мусулмонлар ҳам бу хайрли ишни шараф билан давом эттирдилар. Улар ҳисобсиз боғу роғларни, ерларни, ҳовли-жойларни ва бошқа турли-туман мулкларни вақф қилдилар. Бунинг оқибатида ҳамма тарафларга хайрия муассасалари тарқалди.
Мазкур вақфлар икки хил бўлган:
Биринчиси – давлат томонидан ташкил қилинган вақфлар.
Иккинчиси – шахслар томонидан ташкил қилинган вақфлар.
Хайрия муассасаларининг энг биринчиларидан бўлгани масжидлардир. Мусулмонлар масжид қуришда қадимдан бир-бирлари билан мусобақа қилиб келганлар.
Шунингдек, мадрасалар ҳам бу борада Ислом умматининг алоҳида эътиборга сазовор ишларидан биридир.
Вақфлар ҳақида сўз кетар экан, шифохоналар, меҳмонхоналар, зовия – зикрхоналар, такялар каби муҳтожларга аталган муассасалар ҳақида алоҳида таъкидлаш лозим бўлади.
Камбағаллиги туфайли турар-жой қура олмайдиган, уй сотиб ёки ижарага ололмайдиган оила ва шахсларга аталган турар-жой вақфлари ҳам кўп бўлган.
Йўловчи ва муҳтожларга сув тарқатишга аталган алоҳида вақфлар ҳам ҳамма жойларда етарли равишда бўлган. Кишиларга турли таомлар, нон, гўшт, ҳолва ва бошқа нарсаларни тарқатадиган хайрия ошхоналари ҳам жуда кўп бўлган.
Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага ҳаж ҳамда зиёратга келганларга аталган такиялар ҳам жуда кўп бўлган. Улардан ҳозирга қадар кўпчилик фойдаланиб келмоқда.
Йўловчилар, зироатлар, ҳайвонлар ва муҳтожларни сув билан таъминлаш ниятида ҳамма жойларда қудуқлар қазийдиган вақфлар ҳам кўп бўлган.
Мусулмонларнинг хайрия ижтимоий муассасалари қаторида йўл ва кўприкларни тузатиш билан ўз хизматларини тақдим қиладиган вақфлари ҳам бўлган.
Ташландиқ ва етим болаларга аталган вақфлар уларни едириш, ичириш, кийинтириш, яшаш жойи билан таъминлаш билан бирга, уларни хатна қилдиришга ҳам катта аҳамият берганлар.
Шунингдек, кўзи ожиз, шол ва ногирон кишиларга аталган вақфлар уларнинг ҳузур-ҳаловат ила яшашлари учун барча керакли нарсаларни ҳозир қилганлар.
Қамоқдагиларга ёрдам берадиган, уларга озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берадиган вақфлар ҳам бўлган.
Оила қуришда қийналиб қолган ёш йигит-қизларга оила қуришда керакли барча ёрдамларни тақдим қиладиган вақфлар ҳам ҳамма жойларда муваффақият билан иш олиб борганлар.
Эмизикли оналарни сут ва қанд билан таъминлайдиган хайрия муассасалари бўлиб, бу каби вақфни биринчилардан бўлиб, Салоҳуддин Айюбий ташкил қилган эди. У киши Дамашқ шаҳри қалъаси дарвозаларидан бири яқинида икки тарнов қилиб, биридан сут, иккинчисидан қандли сув оқиб турадиган қилган эди. Оналар ҳар ҳафтада икки марта келиб, болалари учун сут ва қандли сув олиб кетар эдилар.
Идишларини синдириб қўйган болаларга ёрдам берадиган вақфлар ўйинқароқлик қилиб, идишларини синдириб қўйган болаларга янги идиш берар эдилар. Болалар эса янги идишларни олиб, худди ҳеч нарса бўлмагандек, ота-оналари ҳузурларига бемалол бораверар эдилар.
Мусулмонларнинг хайрия ташкилотларидан ҳамма баробарига фойда топар эди. Ҳатто қаровсиз қолган ҳайвонларга ёрдам берадиган хайрия ташкилотлари ҳам турли жойларда ўз хизматларини адо этар эди.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 21-жузидан олинди