БАЙЪАТ ҲАҚИДА
«Байъат» арабча сўз бўлиб, луғатда «сотиш» маъносини англатади. Истилоҳда эса давлат бошлиғиликка номзод одамнинг бошлиқ бўлишига рози бўлган шахснинг унга вафодорлигини ифода қиладиган, ваъдага ўхшаш аҳдномасини билдиради.
Бизда «байъат» сўзи ўрнига «қўл бериш» истилоҳи ишлатиладиган бўлиб қолган. Чунки шайхга байъат қилаётган мурид у кишининг қўлига қўлини бериб туриб, байъат қилади.
Аслида байъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлган. Бу маъно Қуръони Каримда икки марта: бири Фатҳ сурасида, иккинчиси Мумтаҳана сурасида зикр қилинган.
Аввалгиси эркакларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъатлари ҳақида бўлса, кейингисида аёлларнинг у зотга байъатлари хусусида айтилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларидаги байъат – аҳднома Исломга кириш ва унинг амалларини бажариш ҳақида бўлган.
Ўша вақтдаги байъатнинг баъзи тарафлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига, у зотга итоат қилишга бўлган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин халифага байъат қилиш йўлга қўйилган. Бу байъат ўзига хос сиёсий маънони акс эттирган. Давлат бошлиғи лавозимига сайлаш ва бошлиқ сифатида унга итоат қилиш маъносида бўлган.
Бу ҳолат ҳижрий бешинчи асргача бир хилда давом этиб келган. Ўша пайтга келиб, Ислом оламида халифалар талабларга тўлиқ жавоб бера олмайдиган кишилар бўлиб қолди. Ислом таълимотларидан узоқлашиш, халифаликни меросхўрликка айлантириш оқибатида билими ва тақвоси талабга жавоб бермайдиган шахслар ҳам халифа бўлиб қолаверди.
Ўз-ўзидан, тақвоси йўқ кишига тақво ҳақида байъат қилиш мантиқсиз ишга айланиб қолган. Шундай қилиб, халифага қилинадиган байъат қуруқ сиёсий маънодан бошқа нарсани ифода қилмай қолди.
Кейинчалик кишилар ўзлари учун тақвода ўрнак бўлган шайхларга тақво ишларида содиқ бўлиш учун байъат қилишга ўтдилар. Шу тарзда байъат иккига бўлинган: халифага – сиёсий маънода, шайхга – тақводорлик маъносида байъат қилишга ўтилган.
Вақт ўтиши билан, шайхларга бериладиган байъатгина қолган. Ҳар бир шайх ўзига байъат қилинишини талаб қиладиган бўлган. Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарада келган байъатни «Шайхга байъат қилиш деб талқин этила бошлаган. Бинобарин, «Шайхга байъат қилиш лозим, ким шайхга байъат қилмаса, фалон бўлади», «Байъатни бузиб бўлмайди, ким шайхга қилган байъатни бузса, фалон бўлади» каби гаплар кучайиб борган.
Аммо фуқаҳолар ўзларининг фатволарида шайхларга бериладиган байъат Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарада келган байъатнинг айни ўзи эмаслигини таъкидлаб келганлар.
Биргина мисол келтирамиз.
Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳидан нақл қилинишича, «Танқиҳи ал-фатовий ал-Ҳомидия» китобида қуйидагилар келтирилган:
«Бир киши бир шайхга аҳд берди. Кейин бошқа бир шайхга аҳд берди. Унга ўша икки аҳддан қайси бири лозим бўлади?
Айтдилар:
«Униси ҳам, буниси ҳам лозим бўлмайди. Чунки бу асли йўқ нарсадир».
Агар баъзи сўфийлар даъво қилганларидек, шайхларга байъат қилишнинг ҳукми худди Қуръони Каримда ва Суннати мутоҳҳарада келган байъатнинг айни ўзи бўладиган бўлса, иш бошқача бўлиши, жумладан, шайхларнинг зиддиларига айланиб кетиши лозим эди.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «إِذَا بُويِعَ لِخَلِيفَتَيْنِ فَاقْتُلُوا الْآخَرَ مِنْهُمَا». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Саиъйд Худрийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар икки халифага байъат қилиниб қолса, улардан иккинчисини «қатл» қилинглар!» дедилар».
Имом Муслим ривоят қилган.
Агар шайхларга қилинадиган байъат тўлақонли байъат дейиладиган бўлса, ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ, энг қадимги байъат қилинган тариқат шайхини қўйиб, қолганларини қатл қилиш мусулмонлар оммасининг вазифасига айланиб қолган бўлур эди.
Албатта, ҳеч бир шайх ёки мурид бундай ишни қабул қила олмайди. Бас, шундай экан, ишнинг иккинчи тарафини, яъни шайхларга қилинадиган байъат Қуръони Каримда ва Суннати мутоҳҳарада келган байъатнинг айни ўзи эмаслигини тан олишлари керак.
Байъат ҳақида сўз борар экан, кейинги пайтларда баъзи бир ташкилот ва муассасалар ҳам ўзига мансуб бўлган кишилардан байъат олишни йўлга қўйганларини айтиб ўтмоқ керак. Бу ҳам худди ташкилот ёки муассаса билан унга аъзо бўлган шахснинг орасидаги шартномага ўхшаш бир нарсадир.
Бунга ўхшаш байъатлар худди ямин (қасам) ёки назр ҳукмида бўлади ва улар бирор нарсани лозим қилувчи кучга эга эмас.
Ҳақиқий шайхлар тасаввуф шайхларига бериладиган байъатни тақво асосида устоз ва шогирдлик аҳдномаси деб билганлар. Шунинг учун ҳам муридлардан байъат олишда қўлни қўлга қўйиб туриб:
إِنَّ ٱلَّذِينَ يُبَايِعُونَكَ إِنَّمَا يُبَايِعُونَ ٱللَّهَ يَدُ ٱللَّهِ فَوۡقَ أَيۡدِيهِمۡۚ فَمَن نَّكَثَ فَإِنَّمَا يَنكُثُ عَلَىٰ نَفۡسِهِۦۖ وَمَنۡ أَوۡفَىٰ بِمَا عَٰهَدَ عَلَيۡهُ ٱللَّهَ فَسَيُؤۡتِيهِ أَجۡرًا عَظِيمٗا١٠
«Албатта, сенга байъат қилаётганлар фақат Аллоҳнинг Ўзига байъат қилмоқдалар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир. Ким (байъатни) бузса, ўзига қарши бузади, холос ва ким Аллоҳга қилган аҳдига вафо қилса, унга тезда буюк ажр берур» (Фатҳ сураси, 10-оят) ояти каримасини тиловат қилиш билан кифояланганлар.
Бу билан шайх ва мурид орасида устоз-шогирдлик аҳдномаси тузилган бўлади. Шайх ўзининг устозлик вазифасини сидқидилдан, содиқлик ила бажаришга, мурид эса ўз шайхига садоқатли шогирд бўлишга аҳд берган бўладилар.
МУРИД
«Мурид» сўзи арабча бўлиб, «ирода қилувчи» деган маънони англатади. Аҳли тасаввуф бу истилоҳни Қуръони Каримнинг Каҳф сурасидаги:
وَٱصۡبِرۡ نَفۡسَكَ مَعَ ٱلَّذِينَ يَدۡعُونَ رَبَّهُم بِٱلۡغَدَوٰةِ وَٱلۡعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجۡهَهُۥۖ وَلَا تَعۡدُ عَيۡنَاكَ عَنۡهُمۡ تُرِيدُ زِينَةَ ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۖ وَلَا تُطِعۡ مَنۡ أَغۡفَلۡنَا قَلۡبَهُۥ عَن ذِكۡرِنَا وَٱتَّبَعَ هَوَىٰهُ وَكَانَ أَمۡرُهُۥ فُرُطٗا٢٨
«Ўзингни эртаю кеч Роббларига, Унинг юзини ирода қилиб, дуо қилувчилар билан бирга тут. Дунё ҳаётининг зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб, иши издан чиққанларга итоат қилма» (28-оят) ояти каримасидан олинган, дейдилар.
Демак, ирода қилиш, яъни муридлик Аллоҳ таолони ирода қилишдан иборат бўлади. Бинобарин, мурид Аллоҳ таолонинг муриди бўлади. Муридларнинг асосий аломати «эртаю кеч Роббларига, Унинг юзини ирода қилиб дуо қилиш» билан содир бўлади.
Ушбу далил ва маънодан келиб чиқадиган бўлсак, «шайхнинг муриди» деган истилоҳ мутлақо нотўғри бўлади. Баъзи бир «шайх»ларнинг «ўз муридим бор» дейиши ва муридларни худди ўзининг қулидек кўриши ҳам мутлақо нодуруст бўлади. Мурид Аллоҳ таолонинг розилигини ирода қилади ва ўша иродасига эришиш йўлида шайхга шогирд тушади. Шогирдлигини тасдиқлаш ва аҳду паймон ила мустаҳкамлаш учун ўз устозига байъат қилади.
Тариқат ЙЎЛИГА КИРИШ ВА ЮРИШ
Бу йўлга киришнинг бошланғич нуқтаси кишида ҳимматнинг қўзғалиши билан бўлади. Тасаввуф йўлига киришга ҳиммат қилган одам ўзига муршид ахтара бошлайди. Агар муршиди комил топилса, у ҳимматли кишини ҳолига яраша йўлдан олиб боришга киришади.
Албатта, муриднинг ҳам тоатга тайёргарлиги бўлиши керак. У шайх берган тарбия ва вазифаларни қабул ва татбиқ қилиш қобилиятига соҳиб бўлмоғи лозим.
Муршиди комил ўзининг янги шогирдига илм ва зикрдан таълим бера бошлайди. Унинг ҳолига яраша илм ва зикр беришни йўлга қўяди. Янги мурид илм ва зикр суҳбатларида иштирок эта бошлайди. Аста-секин унинг савияси ва қобилияти маълум бўлади.
Дастлабки босқичда янги мурид асосий эътиборни тавба ва унинг шартларига қаратади. У истиғфорни кўп айтади ва одамларнинг ўзидаги ҳақларини қайтариб беришни йўлга қўяди.
Унинг ихлоси ортиб борган сари, иймон завқини ҳис қилиши ҳам ортиб бораверади. Шу тарзда муридда аҳли салоҳлик аломатлари пайдо бўлади. Ана шу аломатлар пайдо бўлганда биринчи босқич тугайди.
Иккинчи босқичда мурид ўз нафсига қарши жиҳод қилишга ўргатилади. Бунда унга фарзларни тўлиқ адо этиш, одоблар, нафл ибодатлар, ҳикматли жимлик, мўътадил очлик, тарбиявий узлат ва хайрли бедорлик ўргатилади.
Тасаввуф илмида «мужоҳада» номи ила машҳур бўлган ушбу босқичнинг амалларини бирма-бир кўриб чиқайлик:
Биз ўрганаётган мужоҳаданинг тўрт рукнидан биринчиси узлатдир. Узлат деганда кўпчиликдан ажраб, ёлғиз қолиш тушунилади. Аслида мусулмон киши кўпчиликдан ажрамасдан юриши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда:
«Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қиладиган мўмин одамларга аралашмайдиган ва уларнинг озорларига сабр қилмайдиган мўминдан яхшидир», деганлар.
Яна у зот имом Термизий ривоят қилган ҳадисда:
«Аллоҳнинг қўли жамоат биландир. Ким ажраса, оловга ажрайди», деганлар.
Бу маънодаги ҳадиси шарифлар анчагина.
Аммо шу билан бирга, мўмин одам қўшилмаслиги лозим бўлган жамоалар ҳам бор. Мўмин киши куфру исён ҳамда фисқу фасод жамоаларидан узоқда бўлиши лозим. Мана шу «узлат» дейилади.
Аллоҳ таоло узлатни ихтиёр қилган Иброҳим алайҳиссаломнинг нидоларини шундай баён қилади:
وَأَعۡتَزِلُكُمۡ وَمَا تَدۡعُونَ مِن دُونِ ٱللَّهِ وَأَدۡعُواْ رَبِّي عَسَىٰٓ أَلَّآ أَكُونَ بِدُعَآءِ رَبِّي شَقِيّٗا٤٨
«Мен сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам» (Марям сураси, 48-оят).
Ушбу оятда зикр қилинган четланиш айни узлатдир.
Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида ҳам узлат ҳақида сўз юритиб:
قَدۡ كَانَتۡ لَكُمۡ أُسۡوَةٌ حَسَنَةٞ فِيٓ إِبۡرَٰهِيمَ وَٱلَّذِينَ مَعَهُۥٓ إِذۡ قَالُواْ لِقَوۡمِهِمۡ إِنَّا بُرَءَٰٓؤُاْ مِنكُمۡ وَمِمَّا تَعۡبُدُونَ مِن دُونِ ٱللَّهِ كَفَرۡنَا بِكُمۡ وَبَدَا بَيۡنَنَا وَبَيۡنَكُمُ ٱلۡعَدَٰوَةُ وَٱلۡبَغۡضَآءُ أَبَدًا حَتَّىٰ تُؤۡمِنُواْ بِٱللَّهِ وَحۡدَهُۥٓ
«Ҳақиқатан, сизларга Иброҳим ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор. Улар: «Биз сиздан ва сиз ибодат қилаётган нарсадан безормиз, сизга куфр келтирдик, энди токи ягона Аллоҳга иймон келтирмагунларингизча, орамизда доимий адоват ва кучли нафрат пайдо бўлди», дедилар», дейди (4-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таолога иймон келтирмаганлардан узлатда бўлиш ҳақида сўз бормоқда.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида:
وَإِذَا رَأَيۡتَ ٱلَّذِينَ يَخُوضُونَ فِيٓ ءَايَٰتِنَا فَأَعۡرِضۡ عَنۡهُمۡ حَتَّىٰ يَخُوضُواْ فِي حَدِيثٍ غَيۡرِهِۦۚ وَإِمَّا يُنسِيَنَّكَ ٱلشَّيۡطَٰنُ فَلَا تَقۡعُدۡ بَعۡدَ ٱلذِّكۡرَىٰ مَعَ ٱلۡقَوۡمِ ٱلظَّٰلِمِينَ٦٨
«Оятларимизни (истеҳзо қилишга) шўнғиётганларни кўрган чоғингда, то ундан бошқа гапга шўнғигунларича, улардан юз ўгир. Агар шайтон эсингдан чиқарган бўлса, эслаганингдан сўнг золим қавмлар билан ўтирма!» деган (68-оят).
Иймон масаласида зид бўлган қавм билан бирга ўтириш, унс-улфат топиш осон иш эмас. Айниқса ўша кофирлар мажлисда Аллоҳ таолонинг оятларини масхара қилаётган бўлсалар. Уларнинг бу истеҳзоларини тинглаб ўтириш мўмин-мусулмонга ҳеч тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «золим қавмлар» – мушрикларнинг ўшандай мажлисларида ўтиришларини ман қилмоқда.
«Оятларимизни (истеҳзо қилишга) шўнғиётганларни кўрган чоғингда, то ундан бошқа гапга шўнғигунларича, улардан юз ўгир».
Демак, ундай қавм қурган мажлисга яқинлашиш ҳам мутлақо мумкин эмас. Агар гап нима ҳақида бораётганидан бехабар ёки ушбу амри илоҳийни унутиб қўйиб, улар билан ўтириб қолинган бўлса,
«Агар шайтон эсингдан чиқарган бўлса, эслаганингдан сўнг золим қавмлар билан ўтирма!» деган кўрсатмага биноан, у мажлисдан дарҳол туриб кетиш лозим.
Узлатнинг фойдаси ва зарари ҳақида бу каби далил-ҳужжатларни кўплаб келтириш мумкин. Уламоларимиз ушбу масалага оид барча маълумотларни ўрганиб чиқиб, узлатнинг фойда-зарарларини ажратганлар.
Узлатнинг фойдалари:
Узлатнинг зарарлари:
Ушбу фойда ва зарарларни ҳамда муриднинг ҳолини эътиборга олиб, узлатнинг ҳукми ҳам ҳар хил бўлиши табиий. Узлат қилиш керак ёки керак эмас, деган умумий ҳукм чиқариш нотўғри бўлади.
Кимгадир маълум бир вақт ва шароитда узлат зарур бўлади.
Бошқа ҳолда эса зарур бўлмаслиги мумкин. Буни шайх билан маслаҳат қилиб белгиланади.
Мужоҳаданинг иккинчи рукни жимликдир.
Тилни жиловлай билиш ва ундан фақат одобли сўзлар чиқишига эришиш Исломдаги энг муҳим ишлардан бири ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
۞لَّا خَيۡرَ فِي كَثِيرٖ مِّن نَّجۡوَىٰهُمۡ إِلَّا مَنۡ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوۡ مَعۡرُوفٍ أَوۡ إِصۡلَٰحِۢ بَيۡنَ ٱلنَّاسِۚ وَمَن يَفۡعَلۡ ذَٰلِكَ ٱبۡتِغَآءَ مَرۡضَاتِ ٱللَّهِ فَسَوۡفَ نُؤۡتِيهِ أَجۡرًا عَظِيمٗا١١٤
«Уларнинг кўплаб махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, садақага, маъруфга ва одамлар орасида ислоҳга буюрган кишигина бундан мустасно. Ким буни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга буюк ажр берурмиз» (Нисо сураси, 114-оят).
Ушбу ояти каримада биз «махфий суҳбат» деб таржима қилган «нажво» сўзи, умуман, махфий бир ишни англатади. Бу нарса махфий ибодат ҳам, яширин кенгашиш ҳам, пинҳона суҳбат ҳам, муножот ёки сир ҳам бўлиши мумкин.
Биз бу ўринда «нажво» сўзининг «махфий суҳбат» маъносини оламиз. Зеро, бу оятда ҳукм умумийлаштирилиб, баъзи бир истисно қилинган ҳолатлардан бошқа ҳолларда махфий суҳбатлардан яхшилик чиқмаслиги баён қилинмоқда.
«Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор».
Аслида ёмонлик бўлмаса, махфийликка ҳожат ҳам йўқ. Яхши иш доимо очиқчасига қилинади. Баъзи бир ҳолатларда садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр этиш соҳасида махфий суҳбатлар бўлса, унда яхшилик бўлади. Шу каби ишларни Аллоҳнинг розилиги учун қилганлар улуғ ажрларга эришадилар.
«Ким буни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга буюк ажр берурмиз».
Шунинг учун фақат яхши гапни гапириш, қолган вақтда жим туриш керак бўлади. Бу маънодаги бошқа оятлар ҳам кўп, аммо биз ўзимиз ўрганган бир оят билан кифояланиб, бу борадаги ҳадиси шарифлардан намуналар келтиришга ўтамиз.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин», деганлар.
Ибн Мурдавайҳи Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одам боласининг ҳамма гапи унинг зараригадир, фойдасига эмас. Магар Аллоҳнинг зикри бўлса, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш бўлса, фойдасигадир», деганлар.
Амри маъруф ва наҳий мункар ҳамда таълим бериш каби ҳолатларда, яъни гапириш фарз ёки вожиб бўлган ҳолларда жим туриш ҳаром бўлади. Бошқа пайтларда бефойда гапларни гапиришдан кўра жим туриш афзал кўрилади.
Кези келганда жим туришга одатланиш кишининг ўз нафсини жиловлай билишининг муҳим кўринишларидан биридир. Балки ўша муҳим ишнинг бошланишидир. Тилини тия билган инсонгина гуноҳга бошлайдиган бошқа аъзоларини ҳам жиловлай олади.
Мужоҳаданинг учинчи рукни очликдир.
Худди узлат ва тилни тийиш каби, очлик ҳам нафс тарбиясида ниҳоятда муҳим вазифани адо этади. Бу фикрнинг далили сифатида имом Тобароний ҳасан санад билан ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шарифни келтиришимиз мумкин:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзингизга маҳзунликни лозим тутинглар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, маҳзунлик қандоқ бўлур?» дейишди.
«Нафсингизни очлик ила ибодатга ўргатинг ва уни чанқатинг», дедилар».
Бундан очлик баъзи ҳолларда инсоннинг нафсини даволашда таъсирли бўлишини билиб оламиз.
Қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам рўзанинг ва у орқали ҳосил бўладиган очликнинг фойдалари баён этилган.
عَنْ عَبْدِ اللهِ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ يَقُولُ: «يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ، مَنِ اسْتَطَاعَ الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ، فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ، وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ، فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисдаги «никоҳга қодир бўлса» деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади.
Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон шахс уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. Агар никоҳга моддий жиҳатданми, маънавий жиҳатданми, қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутишлари керак.
Шу йўл билан улар шаҳват қўзишини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, худди бичилган кишига ўхшаб, бошқа жинсга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатиш хавфи туғилмайдиган ҳолга келади. Демак, очлик кишини турли шаҳвоний гуноҳлардан сақлайдиган даводир.
Исломдаги таом одоби бўйича, умумий қоидага кўра, инсон фарз ва вожиб амалларни бажаришга қодир бўлиши учун кучи етадиган даражада еб-ичмоғи таъкидланган.
Мана шу даражада таом ейиш фарздир.
Тўйгунча таом ейиш мубоҳдир.
Керагидан ортиғини ейиш ҳаромдир.
Доимо тўйиб юриш ҳам жисмга, ҳам руҳга ўта зарарлидир.
Шунинг учун рўза тутиб, кўп тўймай, меъёрида оч юриш жисм учун ҳам, руҳ учун ҳам ниҳоятда фойдалидир.
Шу боис, аҳли тасаввуф очликни мужоҳаданинг учинчи рукни қилиб олгандир.
Мужоҳаданинг тўртинчи рукни бедорликдир.
Туннинг маълум қисмини бедорлик-ла, ибодат қилиб ўтказиш нафс тарбияси ва тақводаги муҳим омиллардан биридир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Муззаммил сурасида қуйидагиларни айтади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلۡمُزَّمِّلُ١ قُمِ ٱلَّيۡلَ إِلَّا قَلِيلٗا٢ نِّصۡفَهُۥٓ أَوِ ٱنقُصۡ مِنۡهُ قَلِيلًا٣ أَوۡ زِدۡ عَلَيۡهِ وَرَتِّلِ ٱلۡقُرۡءَانَ تَرۡتِيلًا٤ إِنَّا سَنُلۡقِي عَلَيۡكَ قَوۡلٗا ثَقِيلًا٥ إِنَّ نَاشِئَةَ ٱلَّيۡلِ هِيَ أَشَدُّ وَطۡٔٗا وَأَقۡوَمُ قِيلًا٦ إِنَّ لَكَ فِي ٱلنَّهَارِ سَبۡحٗا طَوِيلٗا٧ وَٱذۡكُرِ ٱسۡمَ رَبِّكَ وَتَبَتَّلۡ إِلَيۡهِ تَبۡتِيلٗا٨
«Эй ўраниб ётувчи! Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ. Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл). Ёки у(ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил. Албатта, Биз устингга оғир сўзни ташлармиз. Албатта, тунги ибодат кўпроқ мувофиқ келур ва қироати тўғрироқ бўлур. Албатта, кундузи сенинг узоқ ишлашинг бор. Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ» (1–8-оятлар).
Албатта, бу ояти карималар ниҳоятда улкан маъно касб этади. Бу Аллоҳнинг йўлида кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун қилинган амр эди. «Ўраниб ётадиган вақт ўтди, тур энди», деган Аллоҳнинг нидоси эди. Шунинг учун ҳам Хадийжа онамиз Расулуллоҳ алайҳиссаломга: «Бироз ухлаб олсангиз-чи», десалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Хадийжа, уйқунинг вақти ўтди», дер эдилар.
Аллоҳ таоло туннинг қанчасини бедор ўтказиш кераклиги ҳақида:
«Ярмида ёки ундан бироз қисқароғида (бедор бўл)», демоқда.
Яъни кечанинг ярмида бедор бўлиб, ибодат қил ва ярмида ухла ёки ярмидан озроғида ибодат қилиб, кўпроғида ухла.
«Ёки у(ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил».
Яъни кечанинг ярмидан кўпроғини ибодат билан ўтказгин-да, озроғида ухлагин.
Кечалари қоим бўлиш, яъни ибодат билан бедор бўлиш ҳақида ҳам ривоятлар жуда кўп.
Имом Муслим Саъид ибн Ҳишом розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жумладан, шундай дейилади:
«Эй мўминларнинг онаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари қоим бўлишлари ҳақида сўзлаб беринг», дедим.
У киши: «Йаа айюҳал муззаммил» сурасини ўқиганмисан?» дедилар.
Мен (Саъид ибн Ҳишом): «Ўқиганман», дедим.
У киши: «Албатта, Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида кечалари қоим бўлишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари бир йил кечалари қоим бўлдилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетди. Аллоҳ таоло суранинг охирини нозил қилмай, ўн икки ой ушлаб турди. Сўнгра бу суранинг охирида енгиллик тушди», дедилар».
Кечалари қоим бўлиш фарзликдан ихтиёрий амалга айланди. Кечалари бедор бўлиш, ҳатто оёқлари шишиб кетгунча туриш, Қуръонни тартил билан тинмай тиловат қилиш катта аҳамиятга эга бўлган оламшумул ишга тайёргарлик эди. Бу оғир ишнинг қабули келгуси оятда нозил бўлган.
«Албатта, Биз устингга оғир сўзни ташлармиз».
Яъни Қуръонни ташлаймиз. Қуръон ўзи енгилликка барпо қилинган, лекин ҳақиқат мезонида у оғирдир.
«Албатта, тунги ибодат кўпроқ мувофиқ келур ва қироати тўғрироқ бўлур».
Яъни кечаси тинчлик ҳукм сургани учун, тирикчилик ташвишлари, кўнгилни безовта қилувчи нарсалар бўлмагани учун ибодатда ўқилган нарсалар қалбга яхшироқ ўрнашади, жимлик ҳукм сургани учун қироат ҳам тўғрироқ чиқади.
«Албатта, кундузи сенинг узоқ ишлашинг бор».
Яъни кундуз куни қиладиган ишларинг кўп, қўшимча ибодатга вақт бўлмайди.
«Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ».
Яъни ўз ишингга Аллоҳ таолони доимо зикр қилиш ила ёрдам сўра. У Зотга тамомила ажраб чиқиб, фақат Унинг Ўзига суян, ўз ишларингдан бирортасида Аллоҳ таолодан ўзгага суянма.
Бу маънодаги оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп. Улардан кечаси бедор бўлиб ибодат қилишнинг нафс тарбиясига катта таъсир кўрсатишини билиб оламиз. Шунинг учун ҳам руҳий тарбия устозлари бедорликни мужоҳаданинг тўрт рукнидан бири қилиб олганлар.
Рисоладагидек узлат, тилни тийиш, очлик ва бедорликни йўлга қўйиб олган киши учун руҳий тарбиянинг юқори поғоналарига чиқиш ҳам осон бўлиб қолади.
Бу тарафини муршиди комил ҳар бир муриднинг ҳолига қараб, алоҳида тартиб ила йўлга қўйиб бораверади.
Шу ўринда бир савол туғилади: «Бугунги шароитимизда муршиди комилни топа олмаган киши нима қилади?»
Дарҳақиқат, бугунги кунда рисолага тўғри келадиган шайхни топиш жуда ҳам қийин. Бу ҳолда нима қилиш керак?
Бу саволга қониқтирувчи жавобни асримизда тасаввуф бўйича эътиборли китоблари билан ном чиқарган марҳум Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳининг «Тарбиятунаа ар-руҳийя» – «Руҳий тарбиямиз» номли китобидан топамиз.
У киши муршиди комил топилмаган ҳолат ҳақида мазкур китобнинг 162-163-бетларида қуйидагиларни ёзадилар:
«Бундай ҳолатда Аллоҳга интилувчи кишининг одоби илмга қаттиқ уриниш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтиш, кимдан бирор нарса олиш имкони бўлса, ўша билан музокара қилиш ва иршодга қўл урган барча билан ҳусни одобда бўлишдир. Шу билан бирга, ҳар бир эришган нарсасини илм ва фиқҳ асосида сайқаллаб боришдир.
У бир муайян кишига байъат қилиб, уни лозим тутмайди. Фақатгина сўфийлар орасида танилган байъат чегарасида бўлсагина, байъат қилади. Шундай қилса, Аллоҳ хоҳласа, охири яхшиликка эришади.
У жоҳил сўфийларнинг «Ким бизнинг шайхимизга қўл бермаса, Аллоҳни танимайди ва Унга эриша олмайди», деган сафсаталарига қулоқ солмайди. Бу гап мутлақ жоҳилликдир. Аллоҳ таолонинг энг ориф бандаларидан бири бўлмиш шайх Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:
«Уламолар ва сўфийларнинг ниҳояси бирдир. Сўфийлар кўп ибодат ва оз илм билан эришган нарсага олимлар кўп илм ва оз ибодат ила эришадилар».
«Ибн Ато: «Аллоҳга етишишинг Уни билишга етишишингдир», деган».
Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳининг бу гаплари ва иқтибослари бугунги кунимиз учун жуда ҳам аҳамиятлидир.
Аммо Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳининг юқорида келтирилган иқтибосини тўғри тушуниш лозим.
Сўфийнинг ибодати кўплиги маълум. Лекин унинг бу ерда айтилган «оз илми» ҳам шариат ҳар бир мўмин-мусулмонга фарз қилган илмдан кам эмас.
Ва аксинча, олимнинг «оз ибодати» ҳам шариатда буюрилганидан асло кам эмас.
Яъни шариат талаб қилган даражадаги илм ва ибодат ҳар бир мўмин-мусулмонга фарздир. Бировда илмнинг, бошқа бировда ибодатнинг талаб қилинганидан кўпроқ бўлиши ҳеч қандай баҳсу мунозарага сабаб бўлмаслиги керак. Зеро, шариатда ҳамманинг тариқат шайхи даражасида сўфий бўлиши буюрилмаганидек, барча мўмин-мусулмонларнинг мужтаҳид даражасида олим бўлиши ҳам талаб этилмайди.
Илмда ҳам, ибодатда ҳам ва умуман, барча ишларда ҳам ўртача бир йўлни танлаш омма учун энг мақбул йўлдир.
Ўртачалик, яъни васатийлик инсонни ҳеч бир амалдан бездирмайдиган, васвасаларга йўл очмайдиган, айни пайтда, жамиятнинг фаол бир аъзоси бўлиб яшашга халақит бермайдиган ҳолатдир.
Агар ҳамма бараварига илмга шўнғиб, кечаю кундуз фақат илм билан машғул бўлса ёхуд барча мўмин-мусулмонлар бир шайхга қўл бериб, ўша шайхдек юксак мақомларга эришаман деб, ҳаттоки оила, бола-чақадан воз кечиб, туну кун риёзат чекиб, тинмай ибодат қилаверса, шариатнинг кўпгина ҳукмлари бажарилмай қолиб кетарди.
Бу ҳақда халқ орасида ҳазилнамо бир гап ҳам бор: «Ҳамма олим бўлиб кетса, подани ким боқади?»
Ҳолбуки, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг зиммасида ота-она, бола-чақа, жуфти ҳалол, қўни-қўшни, қариндош-уруғ ва бошқа яна кўплаб инсонларнинг ҳақлари бор.
Ҳақиқий мўмин-мусулмонликни даъво қилувчи киши фарзанд сифатида ота-онасининг, эр сифатида хотинининг, аёл сифатида эрининг, ота ёки она сифатида фарзандларининг, қариндош сифатида барча уруғ-аймоғининг, фуқаро сифатида жамиятнинг ўзидаги ҳақ-ҳуқуқларини риоя қилиши лозим ва лобуддир. Чунки мана шу ҳақ-ҳуқуқлар ҳам шариатда қатъий белгилаб қўйилган.
Аслида мазкур ҳақ-ҳуқуқларини шариат буюрганидек адо этиб юрган мўмин-мусулмоннинг ушбу йўлдаги ҳар бир амали ибодат саналади.
Демакки, тариқатга кириш, шайхга қўл бериш дегани ўзининг мўмин-мусулмон сифатидаги мажбуриятларининг бир қисмидан ёки ҳаммасидан воз кечиш дегани эмас...
Илова тарзида катта шайхлардан баъзиларининг ҳеч кимга қўл бермай, ўз илми билан йўл топиб кетганини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Мисол учун, Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолийнинг ҳаётлари ҳақида ёзганлар у кишининг бировга қўл берганлари ҳақида ҳеч қандай маълумотни зикр қилмаганлар. Ҳолбуки, у киши тасаввуфнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири ҳисобланадилар.
Ҳозирги кунда Миср араб жумҳуриятидаги учинчи ўринда турадиган Азмийя тариқати яқинда таъсис топган. Бугунги кунда тариқат асосчисининг набираси шайх Алоуддин Абулазоим унга шайхлик қилмоқда.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
Кундалик вазифалар
Хатми Хожагон
Робита
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фарзандингизнинг сочини тарасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимнинг сочи бўлса, уни парвариш қилсин”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ тараб қўйяпман деб айтинг.
Ўғилчангизга атир сепсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга бу дунёдан хушбўйлик, аёллар маҳбуб қилинди. Намоз эса кўз қувончим қилинди”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ атир суртяпман деб айтинг.
Фарзандингиз мактабга кетаётганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким илм талабида йўлга тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”, деган ҳадисларини эслатинг.
Фарзандингизга кулиб қараганингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир”, деган ҳадисларини эслатинг.
Фарзандингизни мақтасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Яхши сўз ҳам садақадир”, деганларини эслатинг.
Фарзандингизга ёши катта кексаларни ҳурмат қилишни ўргатиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм шафқат қилмаган, кексаларимизни эъзозламаганлар биздан эмас”, деганларини айтинг.
Шу тариқа фарзанд тарбиясини суннат ва сийратга боғлаб, ҳадислар асосида таълим-тарбия беринг.