Ислом Каримов жамғармаси томонидан Самарқандда бунёд этилган илк масжиднинг бетакрор тасвирлари чоп этилди. Бу Ҳазрати Ҳизр масжиди, фотосуратлари эса 1967 йилда олинган, хабар бермоқда Podrobno.uz.
Maсжид милодий VIII асрда Қутайб Ибн Муслим ҳомийлигида қурилган. Maсжид шаҳарнинг энг баланд қисмида жойлашгани учун айвонга Регистон майдони гумбазлари ва миноралари ҳамда Бибихоним меъморий мажмуаси билан Самарқанднинг гўзал панорамали манзараси тақдим этилади.
Maсжид биноси бир неча марта реконструкция қилинди. Ҳозирги бино XIX аср ўрталарида қадимий пойдеворга қурилган бўлиб, кейинги йилларда бу ерда таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Maсжид ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
2016 йил 3 сентябрь куни Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов Ҳазрати Ҳизр масжиди ҳудудида дафн этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бир намоздан кейинги намозгача, жумадан жумагача гуноҳлардан покланиш фурсати бўлса, Рамазондан келгуси рамазонгача – йиллик гуноҳлардан қутилиш учун энг қулай мавсумдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойга алоҳида эътибор берардилар. Ҳатто Ражаб ойи кирганда: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона”
“Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин” деб дуо қилардилар.
Рамазон жуда кўплаб яхшиликлар ҳамда имкониятлар ойидир. Уларнинг энг аввали – бу Қуръондир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир”.
Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай марҳамат қилади: “Алиф. Лаам. Мийм. Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир”.
Аллоҳ таоло биринчи оятда рамазон ойида Қуръони каримни барча одамлар учун нозил қилганини, иккинчи оятда эса, Қуръон фақат тақводорларга ҳидоят манбаи эканини таъкидламоқда. Шу боис, рамазонда кўпчилик одамларнинг қўлига Қуръон олганини кўрасиз.
Қолаверса, рамазонда кўп Қуръон ўқиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Жаброил алайҳиссалом билан Қуръонни дарс қилишарди. Шунинг учун биз ҳам, бу ойда кўпроқ Қуръон ўқиб, ўргансак Аллоҳ таолонинг раҳматига эришамиз, Расулуллоҳнинг суннатларига амал қилган бўламиз.
Рамазон – хайр-саховат ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетардилар.
Демак, рамазон ойида имкон қадар ҳар куни хайр-эҳсон, садақа беришга ҳаракат қилиш керак. Масалан, “Бир одам рамазонда 1000 (минг) риёл садақа қила олишг имкониятим етади” деса, шу минг риёлни ҳар куни бўлиб-бўлиб бериб борсин.
Бу билан сиз агар ҳар куни бир ёки бир нечта рўзадорнинг ифторлик қилишига сабаб бўлишингиз мумкин. Муҳими ҳар бир инсон қўлидан келган яхшилик қилиши керак.
Рамазондаги энг муҳим жиҳатлардан бири – бомдод ва хуфтон намозларини жамоат бўлиб ўқишга эътибор беришдир. Айримлар таровеҳ намозини қолдирмасдан ўқишади-ю, лекин фарз намозларга унчалик эътиборли бўлишмайди. Шуни билингки, бир фарз намозни (ўз вақтида) адо этиш, бутун Рамазон ойида қоим бўлишдан афзал туради. Чунки аввалгиси фарз амал бўлса, кейингиси нафлдир. Шунинг учун, аввало фарз намозларни ўз вақтида жамоат билан ўқиб, кейин нафл ибодатларни адо этиш лозим. Албатта, Рамазон ойининг кечаларини бедор ўтказиш амалларнинг энг афзали саналади.
Рамазон ойи яхшиликларга тўла ой. Ривоятларга кўра, бу ойнинг ҳар кечасида Аллоҳ таоло 600 мингта дўзахга маҳкум бўлганларни дўзахдан озод қилинади. Лекин Рамазоннинг биринчи кечасининг ҳам бир қанча фазилатлари бор, аммо аксарият одамлар бундан ғафлатда қоладилар.
Рамазон ойининг биринчи кечасида Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан боқади, кимга Аллоҳ раҳмат назари билан боқса, уни ҳеч қачон азобламайди.
Демак, банда рамазоннинг илк кунларидан бошлаб уни ғанимат билмоғи лозим экан.
Аллоҳ таоло рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳларини кечириб юборади. Аммо аксар одамлар бу кечанинг фазилатларидан ҳам ғафлатда қоладилар. Айниқса, рамазоннинг охирги тоқ кечасини “Лайлатул қадр” кечаси сифатида бедор бўлиб ўтказадилар-у, лекин рамазоннинг сўнгги кечасига беэътибор бўладилар.
Қадр кечаси ҳар бир рўзадор алоҳида эътибор бериши керак бўлган муҳим кечадир. Лекин Аллоҳ таоло бу кечанинг қачонлигини яшириб қўйган. Нима учун? Чунки шунда биз бу кечани рамазон ойининг илк кунидан бошлаб кутамиз ва бутун рамазон кечасини ибодатда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Агар қадр кечасининг кунини аниқ билганимизда, эҳтимол рамазоннинг бошқа кунларини дангасалик билан ўтказиб юборган бўлардик. Аллоҳ таоло Ўз фазли билан рамазондан тўлиқ фойдаланишимизни истайди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Набий алайҳиссалом ушбу дуони айтишга буюрдилар: “Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул афва, фаъфу ъанний” (Аллоҳим, албатта, Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин).
Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Муҳаммад, Рамазон ойини топиб, мағфират қилингмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Омийн”, дедилар.
Фараз қилинг, имтиҳон топишираётган талабаларга барча имконият ва воситалар муҳайё қилиб қўйилган бўлса, яъни имтиҳон мавзулари соддалаштирилган, имтиҳон қайси фандан бўлиши олдиндан айтилган, алоҳида муаллим бириктирилган, саволлар ўргатилган, ручка-қоғоз ҳам берилган. Фақатгина жавобларни ёзиш қолган. Лекин шунда ҳам талаба имтиҳондан йиқилса “Нега топшира олмадинг?” дейсиз-ми?!
Худди шундай, рамазон биз учун кўплаб яхшиликларга эришимиз учун жуда катта имкониятдир.
Шунингдек, “насалукал жанната ва наъузу бика минаннар” дуосини ҳам кўп қилиш керак. Ўтган солиҳлар бу зикр ва дуоларни кўп айтардилар. Шундай экан, рамазоннинг ҳар куни “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ, астағфируллоҳ, насалукал жанната ва наъузу бика минаннар”ни кўп айтишга одатланинг.
Албатта, рамазон – тоат-ибодатлар ойи. Бу ойда кўпроқ намоз ўқиш, таҳажжудларда бедор бўлиш, тиловат, хайр-эҳсон, садақалар қилиш кўпайтирилади.
Аммо, бу ой – эҳтиёжларни, жамиятдаги ишларни тўхтатиб туриш ойи эмас. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда янада фаол бўлардилар. Шу сабаб, кўплаб ғазотлар, фатҳлар ҳам айнан рамазон ойида бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.
Аллоҳ таоло тутаётган рўзангизни, қилаётган дуо ва ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул айласин!
Даврон НУРМУҲАММАД