Шимолий Америкадаги энг йирик мусулмон фестивали MuslimFest ушбу тадбир тарихида биринчи маротаба Канадада, Онтарио шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Islam.ru хабарига кўра, тадбир 25 октябрь куни бўлиб ўтади.
"Бу хилма-хил исломий маданий колоритга эга фестиваль", - дейди Жануби-Ғарбий Онтарио Ислом марказидаги дин ишлари бўйича директор Мунир Ал Қосим.
Ислом маркази коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши барча чораларга риоя қилган ҳолда тадбирни ўтказади.
"Биз барча хавфсизлик чораларига риоя қилишимиз керак", - дейди Ал Қосим. "Шунинг учун, фестиваль меҳмонлари хавфсиз автомобиллардан чиқмай туриб шоудан баҳраманд бўлишади".
Онтарионинг барча аҳолиси учун очиқ бўлган тадбир 200 та автомобилни сиғдира олади. Форум нафақат исломга эътиқод қилувчи инсонлар, балки бошқа дин вакиллари учун ҳам очиқ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Жанубий Кореяда хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов 25 сентябрь куни Мокпо шаҳридаги "Имом ал-Бухорий" масжидига ташриф буюрди.
Маърифий суҳбат давомида Имом Бухорий ҳаёт ва ижоди, у зотнинг ҳадисларидан намуналар, ибратли воқеалардан мисоллар келтирилди. Шунингдек, ёт ғоялар таъсирига берилмаслик, сохта салафийлик каби оқимларидан узоқда бўлиш, мазҳабга амал қилиш, ҳар қандай диний саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жавоб олиш тавсия этилди. Бунинг учун хориждаги ҳамюртларимизнинг саволларига жавоб берувчи @fatvo_call_1 (Telegram орқали), @fatvo_call_2 (Telegram орқали) ҳамда +998917806633 (WhatsApp орқали) ҳаволалари ташкил этилгани айтиб ўтилди.
Суҳбат давомида ватандошлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Намоздан сўнг она ватандан, яқинларидан узоқда юрган ҳамюртларимизнинг ўқиш ва ишларида Яратган мададкор бўлишини тилаб дуолар қилинди. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чоп этилган 5 турдаги диний-маърифий буклетлар тарқатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати