— Мусулмон ва муслималар, мўмин ва мўминалар, деб айтамиз. Уларнинг қандай фарқлари бор? Кимни мўмин деймиз, кимни муслим деймиз? Саволим ноўрин бўлса, узр сўрайман.
— Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом дини номи билан машҳурдир. Бу номни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло:
﴿وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِيناً﴾
“Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим”, дейди (“Моида” сураси, 3-оят). Ислом сўзининг луғавий маъноси “ихлос”, “офатлардан саломат бўлиш”, “сулҳ ва омонлик”, “итоат ва бўйсуниш” каби маъноларни англатади.
Шундан мусулмон ва муслима Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин Ислом динига мансуб, ихлосли, турли офатлардан саломат бўлган, сулҳли, омонатли, итоатли ва Аллоҳга бўйсунган шахс дегани бўлади.
Иймон сўзи луғатда омон бўлиш ва тасдиқлаш маъноларини билдиради. Уламолар истилоҳида Иймон Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, унга иқрор бўлишдир. Шундан мўмин ва мўмина Аллоҳ таолодан келган ақидага оид нарсаларни тасдиқлаб ва уларга иқрор бўлиб, турли ёмонликлардан омонда бўлган шахсдир.
Ислом ва Иймон тушунчалари умумий тарзда бир-бирига қовушиб кетган, бири иккинчисини ифода этаверадиган тушунчалардир. Аммо иккисини алоҳида олиб қарайдиган бўлсак, Иймон ишониш-эътиқод назарий масалаларга, Ислом эса бўйсуниш-амалий масалаларга хосдир.
Ислом асослари шаҳодат, намоз, закот, рўза ва ҳаждан иборат. Иймоннинг асослари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, яхши-ю ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига ишониш, тасдиқлашдан иборатдир.
Улуғ ақоид илми олими Умар Насафий ўзининг китобида: “Иймон ва Ислом бирдир. Қачонки, бандада тасдиқ ва иқрор мавжуд бўлса, мен ҳақиқатда мўминман, демоғи тўғри бўлади”, деган.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Савол: Баъзи емакхонлар таом етказиб беришни кечиктиргани учун буюртмадан ташқари қўшимча таом тақдим этар экан. Шу иш жоизми? Агар рекламада қўшимча бепул таом бериш эмас, балки етказиб берилган таомнинг пулини олмаслик айтилган бўлса, ҳукм қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
1. Таомга буюртма бериш битими шариатдаги истисноъ, яъни буюртма асосида маълум маҳсулотни тайёрлаб бериш шартномасига тўғри келади. Агар саволдаги шарт фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида алоҳида бундай шарт қўйилмаса, сотувчи тарафидан берилган бу ваъда жоиз ҳисобланади ва унга вафо қилиши керак бўлади.
Агар буюртма беришда етказиб бериш кечикиши сабабли қўшимча таом бериш шарти қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Битимдаги бундай шарт молиявий жарима саналади. Маҳсулот тайёрлаб бериш (истисноъ) битимида сотувчига нисбатан молиявий жарима қўллашга рухсат этилади.
Демак, қўшимча бепул таом бериш ваъда кўринишида бўлса ҳам, шартномада акс этган бўлса ҳам жоиз экан.
2. Етказиб бериш кечикса, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик фақат рекламада акс этиб, буюртма жараёнида бундай шарт қўйилмаса, бу ҳам сотувчи тарафидан берилган ваъда бўлади ва жоиз ҳисобланади. Аммо буюртма бериш жараёнида юқоридаги шарт қўйилса, бу шартноманинг бир қисмига айланади. Шартномада эса буюртма суммасидан воз кечиш шартини қўйиш дуруст эмас.
Демак, буюртма қилинган таомнинг пулини олмаслик ваъда кўринишида бўлса жоиз, битимда шарт қилинса, жоиз эмас. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази