Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Май, 2025   |   3 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:51
Қуёш
05:21
Пешин
12:25
Аср
17:16
Шом
19:23
Хуфтон
20:47
Bismillah
01 Май, 2025, 3 Зулқаъда, 1446

Қуръон каримнинг етти хил қироати

07.10.2020   5187   4 min.
Қуръон каримнинг етти хил қироати

Қуръон етти хил қироатда нозил бўлган эди. Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай сўзлари ворид бўлган:

إِنّ هَذَا الْقُرْآنَ أُنْزِلَ عَلَى سَبْعَةِ أَحْرُفٍ

яъни: “Ушбу Қуръон етти хил қироатда нозил бўлган” (Муттафақун алайҳи).

Уламолар ушбу қироатлардан мурод нима эканлиги ҳақида турли фикрлар билдиришган. Баъзилар: у – етти хил маъно бўлиб, Қуръон оятлари мана шу маънолар билан чамбарчас боғлиқ. Улар – амр, наҳий, ваъд, ваъид, ибоҳат, иршод, эътибор, дейишган. Баъзи уламолар эса, у – қироат қилишдаги еттита қоидадир. Улар – идғом, изҳор, тафхим, тарқиқ, имола, ишбоъ, мад ва қаср, ташдид ва тахфиф, талйин ва таҳқиқ, дейишган.

Бу масаладаги энг тўғри сўз шундан иборатки, етти хил қироат дегани – араб тилидаги еттита лаҳжа демакдир. Араблар ўртасида энг машҳур ва кенг тарқалган, шунингдек, энг ширин лаҳжалар: Қурайш, Ҳузайл, Тамим, Ал-Узд, Робиъа, Ҳавозин, Саъд ибн Бакр лаҳжаларидир. Бу сўзнинг тўғри эканлигини Имом Байҳақий тасдиқлаган, Ибн Атия ҳам шу гапни ихтиёр қилганлар. Тилшунос олимлардан Саълаб, Абу Убайд ва Азҳарийлар ҳам шу гапни айтганлар.

Қуръон етти хил қироатда нозил бўлди, дегани ундаги ҳар бир калима ҳам етти хил қироатда ўқилади, дегани эмас. Балки, Қуръон нозил бўлиш жиҳатидан арабларнинг етти хил лаҳжасидан ташқари чиқмайди, деганидир. Масалан, бир калима Қурайш тилида бўлса, иккинчи калима бошқа қабила тилида бўлади. Чунки, Қуръон оятлари араб тили лаҳжаларининг энг фасоҳатли ва ширин сўзларидан ташкил топгандир, яъни бирорта сўз қайси лаҳжада яхши ифода қилинса, оятда ўша сўз ишлатилгандир.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича: “Усмон разияллоҳу анҳу Қуръони каримни Мусҳафга кўчириш учун Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобаларни тўплаган вақтларида уларга: Агар Қуръоннинг бирор ояти устида тортишиб қолсаларингиз, у ҳолда уни Қурайш тилида ёзинглар, чунки Қуръон уларнинг тилида нозил бўлгандир”, деганлар.

Энди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қуръон етти хил лаҳжада нозил бўлган”, деган сўзлари билан Усмон разияллоҳу анҳунинг: “Қуръон Қурайш тилида нозил бўлган”, деган сўзларини қандай тушуниш мумкин? – деган савол туғилади. Бу саволга иккиёқлама жавоб бериш мумкин:

- Усмон розияллоҳу анҳу Қуръоннинг кўпгина қисми қурайш тилида нозил бўлганлигини назарда тутганлар.

- Қуръон биринчи галда Қурайш тилида нозил бўлган. Ворид бўлишича, Жаброил алайҳиссалом Қуръонни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар гал биттадан лаҳжада ўқитар ва шу тариқа етти хил тилда ўргатар эдилар. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил биродарим менга Қуръонни бир қироатда ўқитган. Мен ундан яна ўқитишини сўраганимда, менга бошқа қироатда ўқитди. Шу тариқа етти қироатни ўргатди”, деганлар.

Баъзи калималарни еттитадан ҳам ортиқроқ қироатда ўқилади-ку, дейиш тўғри эмас. Чунки сўзни еттитадан ортиқ важҳда ўқилиши, қироатнинг кўплигидан эмас, балки у қироат қоидасидаги ҳилма-ҳилликдан (масалан: мад, имола ва ҳоказо) келиб чиқади.

Имом Суютий роҳимаҳуллоҳ юқоридаги гапга эътироз билдириб: Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу билан Ҳишом ибн Ҳакам разияллоҳу анҳу икковлари ҳам Қурайшлик бўлишларига қарамай қироатда келишмовчиликка борганлар. Бундан кўринадики, демак етти хил қироатдан мурод етти хил лаҳжа эмас экан, деганлар.

Бунга жавобан айтиш мумкинки, Қуръоннинг етти лаҳжада нозил бўлди дегани, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон оятларини ўргатаётганларида ҳар бир қабила учун айнан ўша қабиланинг лаҳжасида таълим бермаганлар. Кўпинча Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларида бир нечта қабиланинг кишилари жам бўлишар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга етти қироатнинг биттасинигина тиловат қилиб берар эдилар. Шунда ўша ерда ўтирган барча қабила кишилари битта қироатни ёдлаб олар эдилар. Қуръонни битта қироатда ёдлаш учун битта қабила кишилари тўпланишлари шарт эмас.

Демак, шунга биноан Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Ҳишомнинг эшитмаган қироатларини билишлари мумкин бўлади. Чунки Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу бу қироатни Ҳишом иштирок этмаган бошқа мажлисда эшитган бўладилар. Улар икковларининг ҳам бир қабиладан бўлишлари бунга моне бўла олмайди.

 

 Ҳомиджон Ишматбеков,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон уламоси халқаро анжуманда нутқ сўзлади

28.04.2025   11510   1 min.
Ўзбекистон уламоси халқаро анжуманда нутқ сўзлади

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкил топганига 35 йил тўлгани муносабати билан Олмаота шаҳрида “Марказий Осиё ва Қозоғистонда Ислом: тарихий анъаналар ва замонавий имкониятлар” мавзусида нуфузли халқаро анжуман ўтказилди. Унда турли давлатлардан келган ислом уламолари иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази директор ўринбосари Ғуломиддин Холбоев ҳам қатнашиб, “Сунъий онг (интеллект) ва унинг ҳукми”  мавзусида чиқиш қилди.
 

Дарҳақиқат, сунъий онг (СО) – одам каби фикрлаб, қўйилган муаммога ечим топишга йўналтирилган бугунги технология. Гарчи у турли ускуна ва жиҳозлар кўринишида бўлса ҳам, қарор қабул қилиш, инсоний хулқ-атворга тақлид қилиш каби қобилиятларга эга.


Ахборот асри деб аталаётган бугунга келиб илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари жуда ҳам тез ва шиддат билан ривожланиб бормоқда. Тараққий этган ўлкаларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш кенгайиб, у кўплаб соҳаларга кириб бормоқда. Ушбу “онг”нинг шаръий ҳукмига аниқлик киритиш замона фақиҳлари олдида турган муҳим вазифалардан. Зеро, ундан мусулмонлар ҳам кенг миқёсда фойдаланмоқда.


Ўзбекистон уламолари вакили Ғуломиддин домла Холбоевнинг чиқиши шу маънода катта қизиқиш билан тингланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон уламоси халқаро анжуманда нутқ сўзлади
Ўзбекистон янгиликлари