Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Сентябр, 2025   |   6 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:58
Қуёш
06:17
Пешин
12:19
Аср
16:24
Шом
18:14
Хуфтон
19:26
Bismillah
28 Сентябр, 2025, 6 Рабиъус сони, 1447

Бухоролик имом хатиблар буюк ватандошлари қадамжосини зиёрат қилди

06.10.2020   3112   2 min.
Бухоролик имом хатиблар буюк ватандошлари қадамжосини зиёрат қилди
Бухоро вилоятидаги имом хатиблар учун Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига саёҳат уюштирилиб, улар учун ўқув-семинар ташкил этилди.
 
Жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, нотинч оилаларда барқарорликка эришиш, ёшларни тўғри йўлга бошлашда жойлардаги имом хатибларнинг алоҳида ўрни бор. Бу борада улар диний билимлар билан бирга ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлардан хабардор бўлиши мақсадга мувофиқ.
 
Бухоролик имом-хатиблар буюк муҳаддис мақбарасини зиёрат қилиб, халқаро марказ ва ҳадис илм мактабида яратилган шароитлар билан танишди, илмий-тадқиқот ишлари ҳақида маълумотларга эга бўлди. 
 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов меҳмонларга марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб берди. Шунингдек, айни пайтда халқимизнинг диний ва дунёвий билимларини бойитиш, жамиятда учрайдиган турли иллатларга қарши курашишда имом-хатиблар олдида турган вазифаларга тўхталди. 
 
– Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида диний идоралар вакиллари иштирокида ўқув семинарлар, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда, – дейди Вобкент туманидаги “Сариосиё” масжиди имом хатиби Жўрабек Муродов – Бизнинг Самарқандга сафаримиз ҳам фақат саёҳатдан иборат бўлиб қолмай, буюк бобомиз номи билан аталувчи халқаро марказ ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишиш, шу муқаддас маскан ўқитувчилари, тадқиқотчилари билан ўзаро фикр алмашиш, улар тажрибаларини ўрганиш билан мақсади кўзланган эди.
 
Ўқув-семинарда марказ илмий ходимлари томонидан Имом Абу Мансур Мотуридий, Имом Бухорий ва бошқа буюк алломаларнинг илмий мероси, уларнинг калом ва ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси, бу илмларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
 
ЎзА
Бошқа мақолалар

Қуръони карим тафсир қилинишга муҳтожми?

26.09.2025   2256   2 min.
Қуръони карим тафсир қилинишга муҳтожми?

Қуръони карим оятларини тафсир, шарҳлашга эҳтиёж борми? Бинобарин Қуръони каримнинг қатор оятларида Аллоҳ таоло оятларни тушуниш ва фаҳмлаш осон, енгил эканлиги таъкидланган-ку? Бундан гўёки Қуръон оятларини тушунтиришга ҳожат йўқдек кўринади. Бироқ, оятлар диққат билан ўрганилса, Қуръони каримда икки хил ҳодиса ва нарсалар баён этилиши маълум бўлади.

Улардан бири оддий воқеликка тааллуқли бўлиб, олдинги пайғамбарлар, уларнинг халқлари билан боғлиқ тарихий воқеалар, Aллоҳнинг неъматлари, осмон ва ернинг яратилиши, илоҳий қудрат ва ҳикмат, дўзах азоблари ҳақидаги ҳамда бошқа хабарларни ўз ичига олади.

Иккинчиси эса, шариат аҳкомлари, ихтилофли масалаларни ўз ичига олади.

Қуръонда зикр (дарс, ваъз, насиҳат) деб номланган биринчи турдаги мавзуни, шубҳасиз, тушуниш осон, ҳатто саводсиз деҳқон ҳам ундан ўзи манфаат топиши мумкин. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:

وَلَقَدۡ يَسَّرۡنَا ٱلۡقُرۡءَانَ لِلذِّكۡرِ فَهَلۡ مِن مُّدَّكِرٖ

"Биз Қуръонни зикр (эслатма) учун осон қилиб қўйдик. Бас, эслатма олувчи борми?!" (Қамар сураси, 22-оят).

Оятдаги "Зикр учун" сўзи асосий диққатини Қуръондан ўрганишга қаратади ва фақат шу мақсадда осон, деган маънони англатади, лекин ҳеч қандай ҳолатда бу осонлик қонунлар ва таълимотларнинг талқини билан боғлиқ эмас. Aгар бу турдаги нарсалар ва ҳодисаларнинг таъбирини ҳар ким билса эди, Aллоҳ таоло Пайғамбаримизга Китобни ўргатиш ва тушунтириш вазифасини юкламаган бўларди.

Юқорида таъкидланганидек, Қуръон оятларини тушунтириш, шарҳлашда Пайғамбар алайҳиссаломга муҳтож бўлинади. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай марҳамат қилади:

وَتِلۡكَ ٱلۡأَمۡثَٰلُ نَضۡرِبُهَا لِلنَّاسِۖ وَمَا يَعۡقِلُهَآ إِلَّا ٱلۡعَٰلِمُونَ

"Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар" (Анкабут сураси, 43-оят).

Шундай қилиб, биринчи турга оид оятларни тушуниш осонлиги, Қуръондаги амрларнинг қонуний ва амалий хулосаларини аниқлаб берадиган пайғамбарга эҳтиёжни истисно қилмайди.


"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси