Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2025   |    ,

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:02
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2025, ,

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кун (1-қисм)

23.09.2020   4145   5 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кун  (1-қисм)

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар биронтангизга мусибат етса, мендан (жудо бўлгандаги) мусибатини эсласин. Зеро, бу энг катта мусибатдир", деганлар (Имом Доримий ривояти).

Ўн биринчи ҳижрий сана, ўн иккинчи робиъул аввал, душанба куни. Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқдан келтирилган меш билан ўзларини ғусл қилдиришимизни буюрдилар. Шундай қилдик, у зот алайҳиссалом бироз ором олдилар. Масжидга чиқиб, одамларга намоз ўқиб бердилар. Уҳуд аҳлига мағфират тилаб, уларнинг ҳаққига дуо қилдилар. Ансорларга васият қилиб, дедилар:

– Эй муҳожирлар жамоаси! Ансорлар менга бошпана берган, ишончимни қозонган кишилардир. Бас, ҳурмат эгаларини, яъни уларнинг муҳсинларини эъзозланглар, хатоларини кечиринглар.

– Бир бандага ё дунёни ё Аллоҳ ҳузуридаги нарсаларни танлаш ихтиёри берилди. У Аллоҳ ҳузуридаги нарсани ихтиёр қилди. Шунда Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғладилар, Аллоҳ расулининг бу сўзлари у зотнинг вафотларига тегишли эканини билар эдилар” (Имом Доримий ривояти).

Саид ибн Абдуллоҳ отасидан ривоят қилади: «Ансорлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг аҳволи оғирлашганини кўришгач, масжид атрофида тўплана бошлашди. Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига кириб, у зотга ташқарида ансорлар пайғамбарининг ҳолидан ташвиш чекиб қайғураётганларини билдирди. Хонага кейинроқ кирган Фазл ва ундан сўнг келган Али розияллоҳу анҳу ҳам шу хабарни етказди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлини узатдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлидан ушладилар.

– Нима деяпсиз? – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Ўлиб қолишингиздан қўрқяпмиз, – дедик.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйлари теварагида тўпланаётганини кўрган аёллар ниманидир сезиб, бақириб йиғлашарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўриндан қўзғалдилар, Али ва Фазлга суяниб хонадан чиқдилар, олдда Аббос йўл бошлаб борди. Пайғамбар алайҳиссалом оёқларини зўрға судраб босардилар, то минбаргача бордилар ва биринчи зинага ўтирдилар. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофига жамланишди.

Пайғамбар алайҳиссалом сўзларини Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бошлаб дедилар:

«Эй инсонлар! Айтишларича, менга юзланган ўлимдан қўрқаётган экансиз. Сизнинг бу ишингиз гўё ўлимни инкор қилиш кабидир. Пайғамбарингизнинг ўлимини тан олмаяпсиз. Ўзимга ва сизларга етадиган ўлимнинг хабарини бермадимми? Ажабо! Мендан олдин юборилган пайғамбарларнинг бирортаси уммати орасида мангу яшаб қолганми, мен орангизда абадий қолсам?!

Огоҳ бўлинг! Албатта мен Роббимга қайтувчиман, сизлар ҳам унга қайтувчисиз.

Огоҳ бўлинг! Албатта мен сиздан аввал боргувчиман. Сизлар ҳам менга етиб оласиз.

Огоҳ бўлинг! Ваъдалашган жойимиз ҳавзи Кавсардир... Кавсарнинг суви сутдан оқ, қаймоқдан юмшоқ, асалдан шириндир. Ундан ичган одам ҳеч қачон чан-қамайди. Ҳавзи Кавсарнинг тошлари марварид, ўзани мушкдир. Кимки эртага (маҳшар кунида) бу ерга келишдан маҳрум бўлса, демак у барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.

Огоҳ бўлинг! Кимки эртага бу манзилда бўлишни истаса, тилини ва қўлини ёмонликдан тийсин».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим тўшагида ётарилар аммо шундай ҳолатларидан ҳам умматларини ўйлар, уларнинг холидан хавотир олардилар. Шунда Жаброил алайҳиссаломдан:

Мендан сўнг умматимнинг аҳволи қандай бўлади? деб сўрадилар.

Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссалломга ваҳий нозил қилди: “Ҳабибимга хушхабар бер. Уммати ичида уни уялтирмайман. Ҳашр кунида у қабрдан энг аввал чиқадиган инсонлардан бўлади ва Маҳшаргоҳда тўпланганларнинг саййиди қилинади. То унинг уммати кирмагунича бошқа умматларга жаннатга кириш ҳаромдир”. У зот алайҳиссалом:

Ана энди кўзим қувончга тўлди, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳо дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг хонамда жон таслим қилган эдилар. Расулуллоҳ ёнларида турган сувли идишга қўлларини тиқиб: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Албатта ўлим талвасаси, ўлимнинг аччиғи бор”, дедилар. Кейин қўлларини юқорига кўтариб:

– Рафиқул аъло, Рафиқул аъло, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳо дейдилар: «Вафотларидан сал аввалроқ, яъни ўша куни эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда бир енгиллик пайдо бўлди. Саҳобалар бу ўзгаришдан қувончга тўлиб, уйларига, ишларига тарқалдилар. Аллоҳ расулини аҳли байти билан холи қолдирдилар. Биз ҳам бу ҳолдан бошимиз осмонга етди. Мисли кўрилмаган севинч ва умид билан қувондик. Кутилмаганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:

Мени холи қолдиринг. Бу фаришта ҳузуримга киришга изн сўраяпти, – дедилар.

Мендан бошқа барча аёллар хонадан чиқди. Расулуллоҳнинг боши тиззамда эди. Ўтириб олдилар. Мен уйнинг бир бурчагига бориб турдим. Фаришта билан узоқ суҳбатлашганларидан сўнг мени чақириб, бошини тиззамга қўйдилар ва аёлларга ҳузурига киришни буюрдилар. Кейин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

– Бу Жаброил алайҳиссаломга ўхшамаяпти? – дедим.

Ҳа, эй Ойша. Бу ўлим фариштасидир.

У: “Улуғ ва қудратли Аллоҳ сиздан изн бўлмагунча ҳузурингизга кирмаслигимни буюрди. Агар изн бермасангиз қайтаман. Изн берсангиз, ҳузурингизга кираман. Аллоҳ таоло: “То Муҳаммаднинг ўзи ихтиёр этмагунча жонини олма”, деб буюрди. Айтинг, нимани хоҳлайсиз”, деди.

“Мен: Жаброил алайҳиссалом келгунича менга тегма. Мана ҳозир унинг келадиган вақти бўлди”, дедим.

Жаброил алайҳиссалом келганини ҳис этдим. Аҳли байт уйдан чиқди. Жаброил алайҳиссалом уйга кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга деди:....

(Давоми бор)

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аҳли сунна вал жамоа кимлардан иборат?

22.12.2025   5216   2 min.
Аҳли сунна вал жамоа кимлардан иборат?

Бу уммат бошидан охиригача бир ақида – ашъарий-мотуридийлик ақидасида эди. Муфассирлар, ҳадис шориҳлари, фуқаҳолар, навҳ ва луғат уламолари, буларнинг деярли барчаси эътиқодда бир йўлни тутишган эди. Бу гапни исботлашга ҳожат йўқ, бу ҳақиқат экани кундек равшан аксиомадир. Уламоларнинг таржимаи ҳоллари ҳақида ёзилган китоблар олимларни бу мазҳабларга мадҳ ва мақтов ўлароқ нисбат берганини кўрасиз. Буюк уламолар ҳақида маълумотлар келтирилганда Имом Фалончи, мазҳаби шофеъий, ё ҳанафий, ақидада ашъарий ё мотуридий, дейилган. Кўпинча олимнинг тасаввуфдаги тариқатига ҳам тўхтаб ўтилади. Масалан, Имом Жунайд тариқатида бўлса, Жунайдий нисбати берилади.

Бу одат яқин-яқингача давом этиб келаётган эди. Бунга биров эътироз ҳам билдирмаган, инкор ҳам қилмаган. Бирон олим ҳақида гапирилар экан, фиқҳда тўрт мазҳабда қайсига эргашиши, ақидада ашъарийми мотуридийми қайси манҳажда экани ва тариқатдаги йўли баён қилинмай қолмаган. 

Бу дастур умматни шарқию ғарбини, шимолию жанубини минг йилдан бери ягона қалбга, ягона фикр атрофига жамлаб келади. Бирон одам оғриса, бутун тана ўша касал аъзо учун қайғуриб, даволашга киришарди. 

Тарихимизни зийнатлаб турган, бугунги шармандаликларни бир мунча тўсиб турган тарихий ғалабаларимиз ҳам шу ақида, шу тафаккур воситасида қўлга киритилган.

Ҳиттинда салибчиларни ер тишлатиб, Қуддусни қайтариб олган Салоҳиддин Айюбий ва унинг қўшини айни шу мазҳаб ва тариқатларда бўлишган. Биронталари бугунги салафийликни билган эмас. 

Музаффар Қутз, Зоҳир Бейбарс ва улар билан елкадош бўлган Изз ибн Абдуссалом каби уламолар мазҳабда бўлишган. Айни Жолутда мўғулларни тор-мор келтиришда ҳам асосий қуролимиз бирлик эди. Ўша пайтда бошини баланд кериб: “Бидъатчисизлар, ширк келтиряпсизлар, қабрларни зиёрат қилиш ширк”, деб қичқирадиган шаллақилар бўлмаганди. 
 
Султон Муҳаммадхон Фотиҳ ва унинг қаторидаги олим ва муршидлар динда бир манҳажни тутишган эди. Кофирлар қўлида қолиб кетган шаҳар (Қустантиния)ни фатҳ қилиб, машҳур ҳадисда келган башоратга* ноил бўлишди. Аммо ҳадис мусулмон ашъарий-мотуридий қўмондон ва унинг қўшини ҳақида эканидан қалблари ёниб, ҳасад қилаётган бугунги бемазҳаб тоифалар ҳадиснинг тасдиғини бузиб талқин қилишмоқда. (давоми бор)

Доктор Аҳмад Муҳаммад Фозил,
Истанбулдаги Султон Муҳаммад Фотиҳ жомеъаси,

исломий илмлар куллияси доктори

*Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қустантиния, албатта, фатҳ қилинажак. Унинг амири нақадар яхши амир, қўшини нақадар яхши қўшин!”. (Имом Аҳмад ва Ҳоким ривояти).

Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
Абдулбосит Абдулвоҳид ўғли таржимаси

МАҚОЛА