Пандемия шароитида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020-2021 ўқув йили учун қабул имтиҳонларини очиқ майдонларда ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларида қабул имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилиши белгиланган бўлиб, қуйидаги ҳудудлардаги очиқ майдонларда ўтказилади:
- “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Турон” марказий стадиони – Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри;
- “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби асосий стадиони 1А-биносида – Андижон шаҳар, 3-кичик даҳа, Машраб кўчаси;
- “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Навбаҳор-умид стадиони – Наманган шаҳри, 5-кичик туман;
- “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Насаф” футбол клуби машғулотлар майдони – Қарши шаҳар, Мустақиллик шоҳ кўчаси 5-уй;
- “Мир Араб” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Бухоро спорт мажмуаси стадиони – Бухоро шаҳар, Иброҳим Мўминов кўчаси 9-уй, “Дилкушо” теннис стадиони – Бухоро шаҳар, Ислом Каримов кўчаси 24-уй;
- “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Бухоро спорт мажмуаси стадиони – Бухоро шаҳар, Иброҳим Мўминов кўчаси 9-уй, “Дилкушо” теннис стадиони – Бухоро шаҳар, Ислом Каримов кўчаси 24-уй;
- “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Хоразм спорт мажмуаси – Урганч шаҳар, Байналмилал кўчаси 18-уй;
- “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Сурхон” спорт мажмуаси захира футбол майдони – Термиз шаҳри, А.Навоий кўчаси, 43-Б уй;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган таълим муассасалари бўйича тест синовлари 2020 йил 16 сентябрь куни соат 17:00 да бошланади. Абитуриентлардан тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларга соат 15:30 да паспорт ва ДТМ рухсатномаси билан келишлари талаб этилади.
- “Кўкалдош” ва “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Тошкент шаҳар, Талабалар шаҳарчаси - Мўлжал Беруний метроси чиқиш жойи.
Мазкур таълим муассасалари бўйича тест синовлари 2020 йил, 17 сентябрь куни 1-смена бўйича соат 08:00 да, 2-смена бўйича 17:00 да бошланади. Абитуриентлардан тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларга соат 1-смена бўйича соат 06:00 да, 2-смена бўйича 15:00 да паспорт ва ДТМ рухсатномаси билан келишлари талаб этилади. Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжатлардан бири бўлмаган тақдирда, абитуриент тест синовларига киритилмайди. Шунингдек, абитуриентнинг қайси сменада тест синовлари топшириши ДТМ рухсатномасида кўрсатиб ўтилган.
Абитуриентлар карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартибда тест синовларига киритилади:
- дизенфекция тоннелидан ўтказилади;
- тана ҳарорати масофадан ўлчаш қурилмаси орқали ўлчанади;
- тиббий ниқоб ва қўлқоп билан таъминланади.
ДТМ рухсатномасини қай тартибда олиш бўйича қўшимча маълумот берилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими
Темурийлар даврида тил, адабиёт ва халқнинг савод масаласига алоҳида аҳамият қаратилган. Шунинг учун ҳам ўз даврида бадиий адабиётда дурдона асарлар яратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясига ўрта асрларда битилган темурийлар салтанатидаги тил ва ёзувлар ҳақида маълумотлар берувчи тарихий асарлар ҳамда манбалар жой олади.
Шунингдек экспозициядан, соҳибқирон Aмир Темурнинг эски ўзбек тилидаги ҳужжатлари — 1378 йилда Хоразмда Aбу Муслим авлодларига берган тархон ёрлиғи, 1400 йилда Сиғноқлик Сирожиддинни Шайхул-ислом лавозимига тайинлаш муносабати билан берган фармоннинг муляжи ўрин эгаллайди.
Эски ўзбек тилида туркий хатда битилган ҳужжатлар – Шохруҳ Мирзонинг 1422 йилдаги васиқаси, Aбу Саид Мирзонинг 1468 йили оқ қуюнлилар ҳукмдори Узун Ҳасанга йўллаган дипломатик мактуби, Умаршайх Мирзонинг Марғилон бузургларидан Мир Саид Aҳмадга 1469 йилда берган васиқасининг муляжлари экспозициянинг қимматли экспонати ҳисобланади.
Эски ўзбек тили фақат темурийлар салтанатида эмас балки ўша даврдаги барча туркий элларда расмий тил вазифасини ўтаган. Шунинг учун экспозициядан ушбу фактни тасдиқловчи ҳужжатлар — Фотиҳ Султон Меҳмеднинг 1473 йили оқ қуюнлилар ҳукмдори Узун Ҳасан устидан қозонилган ғалаба тантанасига бағишлаб ёздирган зафар ёрлиғи, 1466 йили Маҳмудхоннинг Фотиҳ Султон Меҳмедга йўллаган мактуби, Aҳмадхоннинг 1477 йилда Фотиҳ Султон Меҳмедга йўлланган хати ҳамда Қрим хонларининг 1453 йилдан бошлаб 1479 йилга қадар усмонли султонларга йўллаган мактубларининг нусхалари жой олади.
Лойиҳалар Тошкент давлат шарқшунослик университети бошчилигида амалга оширилиши режалаштирилган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Ахборот хизмати