Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқлар томонидан “Навоий вилоятида Қуръони карим китоби ичига гиёҳванд модда яширган имом-хатиб (айрим манбаларда “мулла”) қўлга олинди” деган хабар тарқатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу ҳолатни тезкорлик билан ўрганиб, мазкур қўлга олинган шахс Диний идора тизимида мутлақо ишламаслиги тўғрисида тегишли оммавий ахборот воситалари ва интернет манбалари масъулларига хабар берилди. Шундан кейин “имом-хатиб”, “мулла” сўзлари “шахс”, деб қайта таҳрир қилинди.
Таъкидлаш зарурки, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда айрим нохушликларни муборак Ислом дини, масжид ёки имом-домлаларга боғлаш ҳолатлари кузатилмоқда, бу иш гуноҳ ҳисобланади.
Жиноят қилган одамнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам динга бўлган муносабатини олдинги саҳнага олиб чиқилмаслик керак. Бу одам жиноят қилган бўлса, қонуний жазосини олди. Бироқ ҳар қандай имкониятдан фойдаланиш илинжида масжид ё имомни ёмонотлиқ қилишга уриниш оғир гуноҳ. Ҳар бир ижодкор мазкур мавзуларда сўз юритар экан, тасаввурида Аллоҳ таоло ва Унинг Расули, Ислом дини қадр-қиммати пайдо бўлса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англайди.
Ўз навбатида қатъий таъкидлаймизки, гиёҳванд моддаларни сотиш, етказиб бериш билан шуғулланаётган ёки истеъмол қилаётганлар кўзларини очсинлар. Аввало Аллоҳ таоло олдида жавоб беришини унутмасин. Беш кунлик ҳаётда арзимаган сариқ чақага учиб, ҳаром йўл билан пул топиб, гуноҳ ишларни қилиб охиратдаги абадий роҳатдан бенасиб қолишдан эҳтиёт бўлсин. Ёмон иш жазосиз қолмайди, эртага, албатта, қонун олдида жавоб беради. Ундай инсонлар ҳаётда зор, охиратда эса хор бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай маст қилувчи ҳаромдир”, деб қатъий таъкидлаганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадисга асосан гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром ҳисобланади.
Сўзимиз якунида, ОАВ вакиллари, журналистлар, сайт мухбирлари, ижтимоий тармоқлар юритувчилари ва блогерларни муборак Ислом дини, Диний идора, масжидлар, уламолар ва имом-домлалар билан боғлиқ бўлган ҳар қандай хабарларни ёритишда яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ваниҳоят кутилган финал ўйини бўлиб ўтди. “Муфтий соврини – 2025” мини-футбол мусобақаси якуний учрашувида Наманган вакиллиги ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти жамоалари ўзаро беллашди. Иккала жамоа ҳам ушбу мусобақага жиддий тайёргарлик кўриб келишгани яққол намоён бўлди. Боиси уларнинг саралашлардан муваффақиятли ўтиб, юқори босқичгача етиб келгани ҳам бежис эмас.
Финал ўйинини таниқли футбол шарҳловчилари Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ва Ориф Толипов шарҳлаб борди.
Мусобақа якунига кўра:
1-ўрин: Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти жамоаси;
2-ўрин: Наманган вакиллиги жамоаси;
3-ўрин: Самарқанд вакиллиги жамоасига насиб этди.
Муросасиз кечган ўйинни футбол шайдолари олқишлар ила кузатиб боришди. Асосий вақтда жамоалар 4:4 ҳисобида дуранг қайд этишди. Ғолиб жамоа пенальтилар серияси орқали аниқланди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти жамоаси 4:2 ҳисобда мутлақ чемпион бўлишди.
Мусобақадан сўнг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ёрдамчи мураббийи Темур Кападзе, футбол афсонаси Миржалол Қосимов ва бир гуруҳ мутасаддилар бош кубокни финал ўйини ғолиби Қорақалпоғистон жамоасига тантанали тарзда топширди.
Шунингдек, ғолиб жамоа аъзоларининг ҳар бирига биринчи ўрин медали ва ноутбук тақдим этилди.
Наманган жамоасига эса иккинчи ўрин медали ва замонавий телевизор, Самарқанд жамоасига учинчи ўрин медали ва планшет топширилди.
Ҳакамлар, “Энг яхши дарвозабон”, “Энг кўп тўпурар”, “Энг яхши ўйинчи” номинацияларига сазовор бўлган ўйинчиларга ҳам қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, барча ўрин соҳибларига пул мукофотлари ва эсдалик совғалари ҳам тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати