Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримнинг Анкабут сураси, 57 оятида шундай марҳамат қилади:
“Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир”.
Ўлим ҳар кимнинг бошида бор. Аммо, уламолар яхши, солиҳ инсонларнинг узоқ умр кўриши жамият учун манфаатлидир деганлар.
Ўзгалар ғами учун қайғуриб яшаган, ҳуснихулқ соҳиби, маърифат ва маънавият тарғиботчиларидан бири, маданият соҳасида кўп йиллар самарали хизмат қилган Ўзбек Миллий академик драма театри раҳбари, халқ эътиборига тушган инсон Фатҳулла Маъсудов вафот этди.
Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин!
Яқинлари Фатҳулла Маъсудовни ўзгача таъсирот билан ёдга олмоқда. Бу инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, динга, уламоларга ва маърифатга муҳаббатли бўлганлигини эътироф этадилар.
"Имом Бухорий ва Имом Термизийга бўлган юксак ҳурмати ва ўзгача ғойибона меҳри бор эди. Шунданми, ундаги одоб, ўзгаларга бўлган илиқ табассум ва гўзал муносабат, айниқса гўзал аҳлоқи жуда кўпчиликни ҳавасини келтирарди. Одамларга қўлдан келганча холис, самимий яхшиликлар қиларди, фарз ва суннатларга мустаҳкам бўлишга интиларди", дейди дўстларидан бири.
Шу йилнинг февраль ойи бошида аждодлар меросига бағишланган қисқа метражли филм суратга олишни бошладик. Тарихий қаҳрамонлар образлари учун мос либослар ва реквизитлар керак бўлди. Бир нечта жойларга мурожаат қилдик... Афсуски натижа бўлмади. Миллий театр телефон рақамларини топиб қўнғироқ қилдик ва ходимлар директор Фатҳулла акадан рухсат олиш кераклигини айтиб уяли телефон номерларини берди.
Қўнғироқ қилдик, Фатҳулла ака эса одоб ва чиройли муомала билан “қўлимдан келганча холис хизмат қилишга тайёрман, эртага театрга келинг”, деб жавоб бердилар. Очиғи машҳур инсон мухлислари кўп санъаткордан бундай чиройли муносабат ва муомалани кутмаганлигим сабаб бироз ҳайратга тушдим...
Эртасига театрга бордик, бизни дарвозаданоқ илиқ кутиб олишди ва Ахрор исмли Фатҳулла аканинг ёрдамчиси нима лозим бўлса ҳаммасини имкон қадар тайёр қилиб беришини айтди: “Фатҳулла ака менга қаттиқ тайинлаганлар, мен хизматингиздаман” деди.
Ўзимизга керакли нарсалар, либослар ва реквизитларнинг рўйхатини бердик. Ишни гримёр (юзни тарихий шахсга хос қилиб безайдиган шахс) хонасидан бошладик. Пардозчи грим, салла-соқоллар ва хизмат ҳаққи қиммат туришини таъкидлади. Шу пайт Ахрор ака Фатҳулла акага қўнғироқ қилди ва Фатҳулла ака телефон орқали пардозчиларга биз учун хизматилар бепул эканлигини тушунтириб сўзи охирида: Саидаброржон дин ва маърифат учун қўлимдан келганча холис хизматдаман, агар биздан топилмаса бошқа жойдан бўлса ҳам топиб бераман, ҳаққимизга дуода бўлсаларингиз бўлди. Аллоҳ бизларни йўлидан адаштирмасин, мағфират қилсин” – дея таъкидлаб ўтди.
5 кун мобайнида ҳар куни театрга бориб грим қилдирдик ва либосларни олдик, ҳамма биз учун холис хизматда. Кунларнинг бирида Фатҳулла ака қўнғироқ қилиб камчиликлар йўқми дея сўраб қолди. Мен ҳаммаси жойида раҳмат дедим. Имом Бухорий ролини ким ўйнаяпти деб сўраб қолдилар, Институт талабаларидан бири дедим. “Агар имкони бўлса шу образни мен ижро этсам, бир умрлик орзуларимдан бири эди” деди. Биз рози бўлдик. Аммо, тақдир экан Фатҳулла ака вилоятларга сафарга кетадиган бўлиб қолди ва қўнғироқ қилиб узр сўради.
Тасвирга олиш якунланганидан сўнг Фатҳулла акага миннатдорлик билдириб ёрдамлари учун Қуръони карим ва ҳадис китобини совға қилдик. Жуда ҳам хурсанд бўлиб кетдилар. Ўша онда уларнинг сўнги марта менга айтган гаплари ҳали ҳам қулоғимда чалиниб туради:
“Биз ким бўлишимиздан, қайси касб эгаси эканлигимиздан, мавқе ва бой-камбағаллигимиздан қатъий назар Аллоҳникимиз ва бир кун албатта Аллоҳнинг Ўзига қайтамиз. Шу фикрни онгимиз ва қалбимизга сингдириб унга амал қилиб яшашни ва уни халқимизга ҳам етказиб беришни ўзимга фарз ва қарз деб биламан”.
Аллоҳ таоло марҳумнинг қилган яхши амалларини ўзига ҳамроҳ қилиб, Ўз жаннатидан жой ато этсин! Фарзандлари ва аҳлига сабру жамил берсин!
Саидаброр Умаров
Шу йил 10 декабрь Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг вафотига бағишланган кун бўлиб, у Қуръон карим қироатига ҳаётини бағишлаган энг буюк қори бўлган.
“IQNA” ахборот агентлиги “Sada El Balad”га таянган ҳолда хабар беришича, 2024 йил шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг вафотининг 53-йиллиги сифатида нишонланди. У Қуръон қироати ва диний тавошеҳ (нашида) соҳасида Миср ва мусулмон оламида катта из қолдирган зотлардан бири саналади.
Ёшлиги
Шайх Тоҳа Ҳасан Марсий ал-Фашний 1900 йилда Мисрнинг Бани-Сувайф вилоятидаги Ал-Фашн шаҳрида туғилган. Болалигидаёқ Қуръони каримни ёд олган ва бу унинг келажакдаги диний санъатга асос бўлган. Мактаб директорининг топшириғи билан у ҳар куни тонгги маросимларда Қуръон тиловати қилган ва унинг ажойиб овози ёшлигиданоқ эътиборга тушган.
Кейинчалик, шайх Тоҳа “Ал-Азҳар” университетида таълим олиб, Қуръони карим қироати ва таджвид қоидасини мукаммал ўрганди. У шайх Абдулҳамид ал-Саҳарийдан ижоза сертификати олиб, диний билимлари ва қироат санъатида етуклигини исботлади.
Истеъдоднинг шаклланиши
Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг машҳур Қуръон ҳофизи бўлиб етишишида шайх Али Маҳмуд катта ҳиссасини қўшган. У диний тавошеҳнинг “қироли” сифатида танилган бўлиб, Тоҳа ал-Фашний ундан дуо ва мадҳия нашидалари айтишни ўрганган. Кейинчалик у буюк бастакор Закария Аҳмад билан ҳамкорлик қилиб, тавошеҳ жамоасида иштирок этган. Бу ҳамкорлик унинг ўз даврининг энг яхши қори ва ижрочиларидан бири сифатида танилишини мустаҳкамлади.
Шайх Тоҳа ал-Фашний ўзидан кейин нафақат бой Қуръон қироати меросини, балки Ислом санъатида чуқур из қолдирди. Унинг хотираси Қуръонга хизмат қилишга бел боғлаган келажак авлодлар учун илҳом манбаи бўлиб қолмоқда.
Миср радиосидаги фаолияти
Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг Миср радиосига хушовози билан кириб келиши унинг касбий фаолиятида улкан бурилиш нуқтаси бўлди. 1937 йилда Миср радиоси раҳбари Саид Паша Лутфий “Ҳусайн” мажмуаси ҳудудида ўтказилган тадбирда шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг овозидан ҳайратланди ва уни юқори даражадаги қори сифатида тасдиқлади.
Шундан сўнг шайх Тоҳа ал-Фашний Қуръон карим эшиттиришида Қуръон тиловат қила бошлади. Бу эса унинг овозини бутун Миср уйларига етказди ва халқ орасида катта шуҳрат қозонди.
Қироллик саройлари қориcи
Шайх, буюк қори Тоҳа ал-Фашний ҳаётининг энг муҳим босқичларидан бири унинг Қуръон тиловат қилиш учун қироллик саройига таклиф қилингани бўлди. У 9 йил давомида “Обиддин” ва “Рас ат-Тийн” саройларида Қуръон тиловат қилди ва Қирол Форуқ Рамазон ойи кечалари унинг овозини интизорлик билан тингларди.
Шунингдек, Миср собиқ президенти марҳум Жамол Абдунносир ҳам унга ўз қўл тамғаси туширилган кумуш товоқни совға қилди. Бу ҳаракат унинг хизматларига бўлган ҳурмат ва эътироф рамзи эди.
Бебаҳо мерос ва унутилмас овоз
Шайх Тоҳа ал-Фашний Қуръон тиловати соҳасида беқиёс мерос қолдирди. Унинг бетакрор овози ва тиловатдаги маҳоратлари уни Миср тарихидаги энг машҳур қорилардан бирига айлантирди.
Қори ва овоз санъати бўйича алоҳида иқтидор
Қироат мутахассислари шайх Тоҳа ал-Фашнийни мафтункор оҳанг ва ёқимли овоз эгаси деб ҳисоблашади. У 17 мусиқий мақомни нодир осонлик ва нозиклик билан ўзгартириш қобилиятига эга бўлган.
Шайх Тоҳа ал-Фашний Қуръон тиловати ва диний тавошеҳ жанрида улкан мерос қолдирди. Унинг ноёб ижролари ҳанузгача Миср радиоси ва Араб радиоси орқали эфирга узатилади. Бу эса унинг бутун дунёдаги ихлосмандлари учун ёдгорлик вазифасини ўтайди.
Вафоти
Шайх Тоҳа ал-Фашний 1971 йил 10 декабрда 71 ёшида вафот этди. Унинг умри Қуръон ва Аҳл ал-Байт алайҳимуссалом йўлида хизмат қилиш билан ўтди.
Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг исми ҳанузгача унинг ихлосмандлари қалбида сақланиб қолган. Унинг ҳаёт йўли эса келажак авлодлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Шайх Тоҳа ал-Фашний нафақат қори ёки диний нашидлар куйчиси, балки Ислом умматининг қалбида абадий из қолдирган бадиий ва маънавий рамз соҳибидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.