Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2024   |   24 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2024, 24 Жумадул сони, 1446

Узоқ умр, кенг ризқ гарови

9.09.2020   2893   4 min.
Узоқ умр, кенг ризқ гарови

Узоқ умр кўриш, кенг ризққа эга бўлиш – ҳар бир инсон орзуси. Кимдир бу йўлда кунни тунга, тунни тонгга улаб меҳнат қилса, яна кимдир бошқа чоралар ахтаради. Баъзан минг урингани билан иши бароридан келмаётганидан нолийдиган инсонларни учратамиз. Бундай инсонлар кенг ризққа эга бўлиш учун ҳар чорани кўришади-ю, бироқ Набиййи муҳтарам алайҳиссаломнинг биргина ҳадисларини унутиб қўйишади. Бу ҳадис...

“Шарҳус сунна” китобида ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қарамоғида уч қизи бўлса ёки отаси вафот этиб, уч синглиси қарамоғида қолса, уларга меҳрибонлик қилиб, борадиган жойида муросали яшаб кетадиган даражада яхши одоб ўргатса, Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилади”, деганлар. Шунда бир киши: “Ё Аллоҳнинг пайғамбари! Қизи икки нафар бўлса-чи?” деб сўради. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки нафар бўлса ҳам”, дедилар. “Бир нафар бўлса-чи?” деб сўрашганида: “Бир нафар бўлса ҳам”,  дедилар.

Аёл киши турмуш қургунича отаси, ака-укаси ёки бирор бошқа эркак қариндошининг қарамоғида бўлади. Оила қуриши билан эрнинг қарамоғига ўтади. Тақдир тақозоси билан қиз оиласидан ажрашиб келса ёки турмуш ўртоғи вафот этиб, бева қолса, унга ким қарайди? 

Бундай ҳолларда аёлнинг маҳрамлари уни ўз ҳолига ташлаб қўймасликлари, ўксиган кўнглига тасалли бериб, илгаригидек яхшилик қилишлари лозим. Бундай эзгулик хайр-эҳсоннинг энг яхшиси ҳисобланади.

Ривоят қилишларича, бир аёл оғир хасталикка чалинади. Шунда у  дори-дармонига маблағ топа олмай, минг хижолат билан укасининг хонадонига келади. Ҳол-аҳвол сўрашиб, гапни нимадан бошлашни билмай турганида, укаси: “Опа, тинчликми?” деб сўрайди. Опа мақсадини минг истиҳола билан тушунтиради: “Тобим қочиб, шифокорга борган эдим, зудлик билан операция қилиш зарурлигини айтди. Бир қанча дори-дармонлар буюрди. Биласан, жиянларинг ҳали ёш, ёлғизман. Сендан нажот истаб келдим”.

Опанинг нигоҳлари ерга қадалган эди. Ука опанинг аҳволини тушунмади ёки тушунишни истамади. “Опа, кўриб турибсиз, уй қуриб, таъмирлаш ишларини тугатай деб турибман. Ортиқча маблағим йўқ!”.

Опа ота-онасидан ёлғиз ёдгорлиги бўлган укасининг хонадонидан бошини эгиб чиқиб кетди.

Муолажа ўз вақтида кўрсатилмагани боис дард зўрайиб, опа омонатини топширди. Уканинг эса уйига тасодиф туфайли бир кечада ўт кетиб, бор-будидан айрилди.

Шариатимиз аҳкомларида силаи раҳм кенг тарғиб қилинган. Жамиятда қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло раҳмли инсонларга раҳм қилади. Ер юзидагиларга меҳрли, шафқатли бўлинг, осмондагилар сизларга раҳм қилишади. Раҳм (қариндошлик алоқалари) Раҳмонга яқиндир. Ким қариндошликни боғласа, Аллоҳ таоло у билан (раҳмат риштасини) боғлайди. Ким уни узса, Аллоҳ таоло ҳам ундан (раҳмат риштасини) узади” (Имом Абу Довуд ва Имо Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳадисларида умматларини силаи раҳмга чақириб, қариндошлик ришталарини узиш Аллоҳ таоло раҳматидан узоқ бўлишга олиб келиши келтирилган.

Киши яқинларига яхшилик қилмаса, туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, бундай инсонлар бошқаларга ҳам бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади.

Суроқа ибн Жаъшамдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Суроқа, сенга энг улуғ садақанинг ёки садақадан ҳам улуғроқ нарсанинг далолатини берайми?” дедилар. “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, деди. “Ҳузурингга қайтиб келган ва сендан бошқа таъминотчиси бўлмаган аёл зотига икром кўрсатмоғинг”, дедилар.

Оиласидан ажрашган, боқувчисини йўқотган кишиларга, кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувватли бўлиш, уларга ҳам руҳан, ҳам маънан кўмак бериш Аллоҳ таолонинг раҳматига эришиш учун муҳим восита эканини унутмайдик.

Қариндошлик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб, бундай деганлар:  “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас, у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Демак, узоқ умр кўриш, кенг ризққа эга бўлишнинг асосий омили биргина шу ҳадисда айтиб ўтилган. Шунга амал қилсак, ишонинг, умримиз узун, ризқимиз кенг бўлади, иншоаллоҳ!

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қуръонга хизмат қилган машҳур қори

24.12.2024   691   4 min.
Қуръонга хизмат қилган машҳур қори

Шу йил 10 декабрь Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг вафотига бағишланган кун бўлиб, у Қуръон карим қироатига ҳаётини бағишлаган энг буюк қори бўлган.

“IQNA” ахборот агентлиги “Sada El Balad”га таянган ҳолда хабар беришича, 2024 йил шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг вафотининг 53-йиллиги сифатида нишонланди. У Қуръон қироати ва диний тавошеҳ (нашида) соҳасида Миср ва мусулмон оламида катта из қолдирган зотлардан бири саналади.

Ёшлиги

Шайх Тоҳа Ҳасан Марсий ал-Фашний 1900 йилда Мисрнинг Бани-Сувайф вилоятидаги Ал-Фашн шаҳрида туғилган. Болалигидаёқ Қуръони каримни ёд олган ва бу унинг келажакдаги диний санъатга асос бўлган. Мактаб директорининг топшириғи билан у ҳар куни тонгги маросимларда Қуръон тиловати қилган ва унинг ажойиб овози ёшлигиданоқ эътиборга тушган.

 Кейинчалик, шайх Тоҳа  “Ал-Азҳар” университетида таълим олиб, Қуръони карим қироати ва таджвид қоидасини мукаммал ўрганди. У шайх Абдулҳамид ал-Саҳарийдан ижоза сертификати олиб, диний билимлари ва қироат санъатида етуклигини исботлади.

Истеъдоднинг шаклланиши

  Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг машҳур Қуръон ҳофизи бўлиб етишишида шайх Али Маҳмуд катта ҳиссасини қўшган. У диний тавошеҳнинг “қироли” сифатида танилган бўлиб, Тоҳа ал-Фашний ундан дуо ва мадҳия нашидалари айтишни  ўрганган. Кейинчалик у буюк бастакор Закария Аҳмад билан ҳамкорлик қилиб, тавошеҳ жамоасида иштирок этган. Бу ҳамкорлик унинг ўз даврининг энг яхши қори ва ижрочиларидан бири сифатида танилишини мустаҳкамлади.

 Шайх Тоҳа ал-Фашний ўзидан кейин нафақат бой Қуръон қироати меросини, балки Ислом санъатида чуқур из қолдирди. Унинг хотираси Қуръонга хизмат қилишга бел боғлаган келажак авлодлар учун илҳом манбаи бўлиб қолмоқда.

Миср радиосидаги фаолияти

 Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг Миср радиосига хушовози билан кириб келиши  унинг касбий фаолиятида улкан бурилиш нуқтаси бўлди. 1937 йилда Миср радиоси раҳбари Саид Паша Лутфий “Ҳусайн” мажмуаси ҳудудида ўтказилган тадбирда шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг овозидан ҳайратланди ва уни юқори даражадаги қори сифатида тасдиқлади.

  Шундан сўнг шайх Тоҳа  ал-Фашний Қуръон карим эшиттиришида  Қуръон тиловат қила бошлади. Бу эса унинг овозини бутун Миср уйларига етказди ва халқ орасида катта шуҳрат қозонди.

Қироллик саройлари қориcи

Шайх, буюк қори Тоҳа ал-Фашний ҳаётининг энг муҳим босқичларидан бири унинг Қуръон тиловат қилиш учун қироллик саройига таклиф қилингани бўлди. У 9 йил давомида “Обиддин” ва “Рас ат-Тийн” саройларида Қуръон тиловат қилди ва Қирол Форуқ Рамазон ойи кечалари унинг овозини интизорлик билан тингларди.

Шунингдек, Миср собиқ президенти марҳум  Жамол Абдунносир ҳам унга ўз қўл тамғаси туширилган кумуш товоқни совға қилди. Бу ҳаракат унинг хизматларига бўлган ҳурмат ва эътироф рамзи эди.

Бебаҳо мерос ва унутилмас овоз

Шайх Тоҳа ал-Фашний Қуръон тиловати соҳасида беқиёс мерос қолдирди. Унинг бетакрор овози ва тиловатдаги маҳоратлари уни Миср тарихидаги энг машҳур қорилардан бирига айлантирди.

Қори ва овоз санъати бўйича алоҳида иқтидор

   Қироат мутахассислари шайх Тоҳа ал-Фашнийни мафтункор оҳанг ва ёқимли овоз эгаси деб ҳисоблашади. У 17 мусиқий мақомни нодир осонлик ва нозиклик билан ўзгартириш қобилиятига эга бўлган.

   Шайх Тоҳа ал-Фашний Қуръон тиловати ва диний тавошеҳ жанрида улкан мерос қолдирди. Унинг ноёб ижролари ҳанузгача Миср радиоси ва Араб радиоси орқали эфирга узатилади. Бу эса унинг бутун дунёдаги ихлосмандлари учун ёдгорлик вазифасини ўтайди.

Вафоти

 Шайх Тоҳа ал-Фашний 1971 йил 10 декабрда 71 ёшида вафот этди. Унинг умри Қуръон ва Аҳл ал-Байт алайҳимуссалом йўлида хизмат қилиш билан ўтди.

Шайх Тоҳа ал-Фашнийнинг исми ҳанузгача унинг ихлосмандлари қалбида сақланиб қолган. Унинг ҳаёт йўли эса келажак авлодлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

Шайх Тоҳа ал-Фашний нафақат қори ёки диний нашидлар куйчиси, балки Ислом умматининг қалбида абадий из қолдирган  бадиий ва маънавий рамз соҳибидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.

Мақолалар