Cавол: Ҳозирги кунда умрада одам кўпайгани учун Ҳажарул асвад олдида одамлар кўпайиб кетди. Улар ичида Ҳажарул асвадни ўпаман деб, аёллар ҳам тиқилинчга киришмоқда. Уларнинг бу ишлари хато эмасми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бундай тиқилинч пайтларда аёл киши асло Ҳажарул асвадга яқинлашмаслиги керак. Бу ҳақда “Дуррул мухтор” китобида бундай дейилган: “Аёл киши тиқилинчда Ҳажарул асвадга яқинлашмайди. Чунки аёл киши эркакларга ёпишишдан қайтарилган”.
Қолаверса аёл киши тиқилинч ҳолатда Ҳажарул асвадга яқинлашса, авратларини очилиб кетиши, номаҳрамларга ёпишиш каби ўзи билмаган ҳолатда бир қанча гуноҳларни содир этиб қўяди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, аёллар ҳеч қачон Ҳажарул асвадни ўпмасин дейилмайди, чунки уни истилом қилиш ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ Ҳажарул асвадни қиёмат куни икки кўрар кўзи бор, нутқ қилар тили бор ҳолда чиқаради. У ўзини ким ҳақ ила истилом қилган бўлса, ўшанга гувоҳлик беради”, (Имом Термизий ривояти).
Юқоридаги ҳадисга эътибор берилса, унда “истилом қилган бўлса”, дейилмоқда. “Истилом” сўзи Ҳажарул асвадни ўпишдан кўра кенгроқ маънони ифолайди. Бировга озор бермасдан Ҳажарул асвад олдига бориб, уни ўпилади. Тиқилинч бўлса, яқинроғига бориб, қўлини ёки қўлидаги ҳасса ёки шу каби бирор нарсани Ҳажарул асвадга текказиб, шуни ўпади. Бунинг ҳам иложи бўлмаса, ўша томонга юзланиб, қўлларини кўтариб, такбир, таҳлил, ҳамд ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтади. Шуларнинг барчаси “истилом” дейилади.
Кимдир Умра ёки Ҳажга бориб, Ҳажарул асвадни ўпа олмаган бўлса, Умра ёки Ҳажи нуқсонли бўлди дегани эмас. Чунки узоқдан туриб унга қараб қўл кўтариш ҳам ўпишнинг ўрнига ўтади. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўргатганлар.
Шунингдек, барча мўътабар диний манбаларда Ҳажарул асвадни истилом қилиш ҳар доим суннат эмас, балки тавофнинг суннатларидан экани таъкидланган. Яъни тавофни бошламоқчи бўлган киши уни истилом қилиб бошлайди. Бошқа вақтда бу амал суннат ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқлари билан халқимизнинг бағрикенглик ва қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида "Қурбон ҳайити" (Эид ал-Адҳа) муносабати билан Афғонистон аҳолисига 183 тонна озиқ-овқат маҳсулоти ортилган навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юклари Балх вилоятига етказилди.
Инсонпарварлик юклари Ҳайратон шаҳридаги "Астрас" компанияси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис, шунингдек, икки томон расмийлари иштирокида топширилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, гуруч, шакар, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган таомлар, қизил ловия ва мош ўрин олган.
Афғонистон расмийлари Ўзбекистон Президенти ва халқига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдириб, Қурбон ҳайити муносабати билан самимий табрикларини йўллашди.