“Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир” (Муминун сураси, 1-3-оятлар).
Ушбу ояти каримани Аллоҳ таоло аниқликни билдирувчи “қод” ҳарфи билан бошлади. Бу ердаги нажотдан охиратдаги нажот тушунилади. Ушбу оятлар нозил бўлган вақтда мўминлар ҳали нажот топган эмасдилар. Лекин уларнинг нажот топиши шу қадар аниқ бўлганидан ўтган замон шаклида келтирилган. Кейинги оятларда Аллоҳ таоло ўша шак- шубҳасиз нажот топувчи мўминлар кимлар эканини баён этади.
“Улар намозларида хушуъ қилувчилардир”. Хушуъ – қўрқув ва сокинликнинг жамланмасидир. У намоздаги энг маҳбуб кўриниш бўлиб, унда қалб қўрқувда, тана эса сокинликда бўлади. Бундай сифатга эга бўлган мўмин нажотдан умид қилишнинг битта сабабини ўзида мужассам этган бўлади.
“Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир”. “Беҳуда нарсалар” бу – араб тилидаги “лағв” сўзининг ўзбек тилидаги таржимасидир. У ҳар қандай манфаатсиз ишни ўз ичига олади. Лағвдан юз ўгириш мўминларнинг иккинчи белгиси сифатида келтирилиши унинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини билдиради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ўзига алоқаси бўлмаган нарсаларни тарк қилиши киши исломининг гўзаллигидандир” (Имом Термизий ривояти).
Энди эса бу борада улуғ уламоларимиздан нақл қилинган ривоятларга тўхталсак:
Ўзининг адолатпарварлиги билан дунёга донг таратган машҳур тобеъин Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: “Кимки гапини амалидан деб билса, ўзига фойда бермайдиган нарсалар (мавзулар)да гапини камайтиради”. Чунк, инсон одатда ўзига наф келтирмайдиган амалларни қилишдан чекинади.
Яна бир улуғ тобеъийн Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан бундай деганлари нақл қилинади: “Аллоҳ таолонинг бандадан юз ўгиришининг аломати – уни беъмани ва унга алоқаси бўлмаган ишлар билан машғул қилиб қўйишидир”.
Демак, юқоридаги ҳадиси шарифнинг акси ўлароқ мўмин- мусулмон инсоннинг ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан машғул бўлиши исломининг гўзаллигига путур етказар экан.
Ҳазрати Луқмондан “Биз кўриб турган бундай улуғ мақомга қандай эришдингиз?” деб сўрашганда у зот “Ростгўйлик, омонатдорлик ва ўзимга алоқаси бўлмаган нарсаларни тарк қилиш билан”, дея жавоб берган эканлар.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Уч нарса ақлни зиёда қилади: уламоларнинг этагидан маҳкам тутиш, солиҳлар билан бирга бўлиш ва ўзига алоқаси бўлмаган мавзуда гапирмаслик”.
Улуғларимиз бемаъни гаплардан, бемазмун суҳбатлардан шунчалик тийилишганки, ҳатто тўрт мавзудан бошқа гапларни гап деб ҳисоблашмаган. Улар: Аллоҳ таолони зикр қилиш, Қуръон ўқиш, илмий мавзуда бирор савол сўралса унга жавоб бериш ва касби-кор учун дунёвий мавзуларда гаплашиш.
Оят ва ҳадисдан олинадиган фойдалар:
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.