Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
بسم الله والله أكبر اللهم منك ولك اللهم تقبل مني
Ўқилиши: Бисмиллаҳи. Валлоҳу акбар. Аллоҳумма минка ва лака. Аллоҳумма тақоббал минний.
Маъноси: Аллоҳнинг номи билан. Аллоҳ улуғдир. Аллоҳим, бу Сендан ва Сен учундир. Аллоҳим, мендан қабул эт.
اللهم تقبل هذا منى كما تقبلت من حبيبك محمد و خليلك إبراهيم عليهما السلام
Ўқилиши: Аллоҳумма тақоббал ҳаазаа минний кама тақоббалта мин Ҳабийбика Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Халийлика Иброҳим алайҳимассалом.
Маъноси: Аллоҳим! Бу қурбонлигимни ҳабибинг Муҳаммад, халилинг Иброҳим алайҳимассаломдан қабул қилганингдек қабул қилгин.
إِنِّي وَجَّهْتُ وَجْهِيَ لِلَّذِي فَطَرَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ حَنِيفًا وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ
Ўқилиши: Инний важжаҳту важҳий лиллазий фаторос самааваати вал арз ҳанийфан ва маа анаа минал мушрикийн.
Маъноси: Мен тўғри йўлни танлаган ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни ихтиро этган Зотга қаратдим. Мен мушриклардан эмасман.
قُلْ إِنَّ صَلَاتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَايَ وَمَمَاتِي لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ
Ўқилиши: Қул инна солаатий ва нусукий ва маҳйаая ва мамаатий лиллаҳи Роббил ъаламийн.
Маъноси: Айтинг: “Албатта, намозим, ибодатим ва ҳаёту мамотим оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳ учундир”.
لَا شَرِيكَ لَهُ وَبِذَلِكَ أُمِرْتُ وَأَنَا أَوَّلُ الْمُسْلِمِينَ
Ўқилиши: Лаа шарийка лаҳу ва бизаалика умирту ва анаа аввалул муслимийн.
Маъноси: Унга (ҳеч қандай) шерик йўқдир. Мана шу (ақида)га буюрилганман ва мен (Аллоҳнинг буйруқларига) таслим этувчиларнинг аввалиман.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.