Шу кунларда юртимизнинг айрим ҳудудларида ҳижрий 1442 йил учун (милодий 2020-2021 йил) мўлжалланган намоз вақтлари тақвим китобининг қалбаки нусхаси тарқатилаётгани кузатилган.
Таъкидлаймизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан шакллантирилган, соҳа мутахассислари ва астрономия институти билан мувофиқлаштирилган ҳақиқий намоз вақтлари тақвим китоби айни пайтда Диний идора ҳузуридаги “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этиш жараёнидадир.
Шу йилнинг 20 август санасидан тақвим китобини сотувга чиқариш режалаштирилган. Ушбу тақвим китобига Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси ҳам олинган.
Мўмин-мусулмонларни огоҳ этамизки, намоз вақтида фарз эканини инобатга олган ҳолда ҳақиқий намоз вақтлари тақвим китобини харид қилишингиз жуда ҳам муҳимдир. Шариатимиз таълимотида намоз вақтлари Қуёшнинг чиқиши, қиёмга келиши ва ботиши ҳолатлари билан боғлиқлиги алоҳида таъкидланган. Диний идора томонидан чоп этилаётган тақвим китобида айнан мана шу жиҳатларга катта эътибор қаратилган.
Қалбаки тақвимдаги намоз вақтларининг тўғри эканига ҳеч ким кафолат бермайди.
Эслатиб ўтамизки, Диний идора томонидан чоп этилган тақвим китобининг муқова қисмида ҳақиқийлигини ифода этувчи махсус ҳимоя белгиси мавжуддир.
Азиз ўқувчилар, ишончли, мазмундор ва ҳар томонлама сифатли тақвимни 20 августдан кейин республикамиздаги барча китоб дўконларидан харид қилинг.
Нашриётнинг ўзидан ҳам харид қилсангиз, янада қулай нархларда олишингиз мумкин.
Мурожаат учун телефон: 71-240-05-19
“Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сиз ҳеч қачон ютқазмайдиган, касодга учрамайдиган учта тижорий келишув ҳақида эшитганмисиз? Унда ушбу оятга қулоқ тутинг:
"Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар,
- намозни тўкис адо этиб,
- Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар" (Фотир сураси, 29-оят).
Изоҳ: "..ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар". Бу ушбу оятнинг асосий хулосасидир. Дунёдаги тижоратда фойда ҳам, зарар ҳам бўлиши мумкин. Лекин юқорида санаб ўтилган уч амални – Қуръон тиловати, намоз ва инфоқни – бажарган инсонлар Аллоҳ билан бўлган "тижорат"дан ҳеч қачон ютқазмайдилар. Бу тижоратнинг фойдаси бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бўлади. Бу дунёда қалб хотиржамлиги, барака, ҳаётда маъно топиш кабилар, у дунёда эса Аллоҳнинг розилиги, жаннат ва абадий саодатдир. Бу тижорат – ҳақиқий ва абадий муваффақиятдир.
Доктор Аҳмад Исо Маъсоравий