Шу йил 8 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига гўёки номзодлар кўриб чиқилиб, Azon.uz сайти таъсисчиси Мубашшир Аҳмад маъқулланди, деган мазмундаги хабар сохта ва мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.
Мазкур асоссиз хабар тарқалган заҳотиёқ, Azon.uz таҳририяти ушбу хабар нотўғри экани, унга кўр-кўрона ишониб кетмасликка чақириб, раддия эълон қилди.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида Усмонхон Алимов ҳазратлари фаолиятларини давом эттирмоқдалар.
Биз, фазилатли муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишларини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраймиз.
Аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини таълимотларига кўра, қаттиқ қораланади, қонунчиликда эса жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтамиз.
Ўз навбатида мўмин-мусулмонларни мана шундай фитна ва иккиланишларга сабаб бўладиган ёлғон хабарларни тарқатмасликка чақирамиз.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳанафий мазҳабининг етук фақиҳи Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Танқийҳул фатовол Ҳомидийя” китобида бундай деганлар: “Талаба илм олиш учун йўлга чиқса, унинг моддий шароитини таъминлаш мусулмонлар зиммасига лозим бўлур. Агар унга етарли маблағни ажратмасалар, шу маблағ улардан қозининг буйруғи ила мажбуран ундириб берилур. Шунингдек, закотни вақтида адо қилмай, зиммасида закот бериш қарзи бўлган кишиларни ҳам уни адо этишга (толиби илмга беришга) мажбурланурлар”.
Моликий мазҳабининг етук фақиҳи Қасрий ибн Муҳаммад ал-Мухтор ибн Усмон ибн ал-Қасрий, ал-Ийдайлабий раҳимаҳуллоҳ “Толиби илмлар ҳар йили мусулмонлардан юз динор миқдорида молиявий маблағ олишга ҳақли бўлурлар” – деб фатво берганлари айтилган.
Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: “Раддул Муҳтор” китобида бундай деганлар: “Байтул-мол яъни давлат бюджетидан ажратиладиган ёрдам пулларининг бериладиган ўринларидан бири – олимлар ва бошқа ишларни ташлаб, шаръий илм олишга астойдил киришган талабалардир”. Валлоҳу аълам.
Баҳодир Баҳромжон ўғли,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси.