Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Феврал, 2025   |   9 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:07
Қуёш
07:27
Пешин
12:42
Аср
16:06
Шом
17:51
Хуфтон
19:06
Bismillah
08 Феврал, 2025, 9 Шаъбон, 1446

Ношукрлик – неъмат заволи (1-қисм)

17.07.2020   2918   7 min.
Ношукрлик  –  неъмат  заволи (1-қисм)

Аллоҳ таолонинг биз бандаларга ато этган неъматлари жуда ҳам кўп бўлиб, энг буюк неъмати – иймон, яъни Аллоҳни таниш ва У Зотнинг Ўзигагина ибодат қилишдир. 

Иймон Аллоҳ таолога шукр қилиш билан мукаммал бўлади.  

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Кимда ким Аллоҳнинг унга берган неъматларини танимай, билмай, фақатгина ейдиган ва ичадиган нарсаларнигина неъмат деб биладиган бўлса, ҳақиқатда илми жуда ҳам кам бўлиб, азобини ҳозир қилибди. Кимда ким дунёдан беҳожат бўлмаса, унга бирон бир дунё йўқдир».   

Ушбу мақолада шукрнинг ҳақиқати, шукрли бўлиш нақадар улуғ неъматлиги ва ношукр бўлиш неъматлар заволи экани ҳақида сўз юритилади.   

Шукр ҳақида таъриф  

Шукр араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга шукр сўзини ишлатиш машҳур бўлган. 

Шукрли инсон – Роббига берилган неъматлар учун кўп шукр айтувчи, ўзига буюрилган вазифаларни сидқидилдан ва тиришқоқлик ила адо этувчидир. 

Уламоларимиз шукрнинг истилоҳида бир неча тарифларни айтганлар. 

Роғиб: «Шукр – неъмат тасаввури ва изҳоридир. Куфр эса – неъматни унутиш ва яширишдир», деган. 

Кафавий: «Шукр урфда неъмат учун берилган ҳар бир мукофотдир. Шукрнинг асли - неъматни тасаввур ва изҳор қилишдир. Шукр бандадан бўлганда, эҳсонга нисбатан бўлган ирфондир. Аллоҳ таолодан бўлганда эса, савоб ҳамда гўзал мақтовдир», деб айтган. 

Муновий: «Шукр икки хил бўлади: Биринчиси тил шукри бўлиб, у неъмат берувчига мақтов айтиш билан адо бўлади. Иккинчиси эса аъзоларнинг шукри бўлиб, неъматга яраша мукофот тақдим қилиш билан адо этилади», деган.  

Ибнул Қаййим: «Шукр – Аллоҳ неъматининг банда тилида мақтов ва эътироф, қалбида шуҳуд ва муҳаббат, аъзоларида эса бўйсуниш ва тоат тарзида зоҳир бўлишидир», деб айтган. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», дея марҳамат қилади. (Иброҳим, 7).  

Ушбу оят ҳақида марҳум аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзларининг «Тафсири ҳилол»  китобида қуйидагича ёзади: «Шукр неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларни айтиш ва у неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлда мустақим эканини кўрсатади. Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доим кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади.  Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради».  

Шукр ҳақида оятлар 

Қуръони каримда шукр ҳақида  оятлар жуда кўп бўлиб, бу ўринда улардан баъзиларини келтирамиз: 

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло:  

«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?! Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи зотдир», деб марҳамат қилган. (Нисо, 147). 

Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги шукр қилувчилик сифати - банданинг озгина қилган амалига ҳам кўплаб савоблар бериш ила уни мукофотлайди, дегани бўлади. 

Ибн Жарир Табарий бу оят тафсирида бундай дейди: «Эй мунофиқлар, Аллоҳ таоло агар унга итоат этсангиз ва буйруқларига ижобат этиб, қайтариқларидан тийиладиган бўлсангиз, сизларни дўзахнинг энг тубига солишига ҳожати йўқ. Зотан, сизларни азоблашдан У зотга бирон бир манфаат йўқ. Ким не қилса, ўз танлови ила қилур". 

Қатода ушбу оят ҳақида: «Дарҳақиқат, Аллоҳ жалла саноуҳу шукрли ва мўмин бандани азобламайди», деб айтган. 

Демак, шукр ва иймон бир-бирига яқин бўлиб, иймонли инсон шукрли бўлиши ҳам лозим экан. Шунингдек, доимо Ҳақ таолога шукр ила юрувчи инсонни У Зот азобламас ҳам экан. 

Аллоҳ таоло «Бақара»  сурасининг 152-оятида: «Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз», деб марҳамат қилган.

Имом Абу Лайс Самарқандий ушбу оят ҳақида бундай дейди: «Аллоҳ таолонинг ушбу ояти маъноси  «Эй бандалар, Мени тоат ила эсланг, шунда сизларни мағфират ила эслайман», ёки  «Мени инсонлар ичида зикр қилинг, сизларни фаришталар ичида зикр этарман», ёки бўлмаса, «Мени хурсандчилик онларида зикр этсангиз, сизларни қийинчилик онларингизда эсларман», дея марҳамат қилингани бўлади.  

Ҳақиқий неъмат илмдир. Зотан, илмдан бошқа барча неъматлар роҳатдан бошқа нарсага ўзгаради. Таом ейилгач, бир муддатдан сўнг ташқарига  чиқишни талаб этади. Кийим ҳам кийилавергач, иссиқ ва совуқ таъсирида эскириб, ҳолати ўзгаради. Илмдан эса соҳиби сира ҳам малолланмайди. Балки кўпинча зиёдасини талаб қилаверади». 

Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан шукр деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади.  

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло «Наҳл»  сурасининг 114-оятида: «Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолида енг. Ва агар унга ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинг», деб марҳамат қилган. 

Ушбу оят тафсирида аллома Шайх Муҳаммад Али Собуний бундай ёзади: «Сизларга Аллоҳ таоло мубоҳ қилган ҳалол покиза неъматларни енглар. Аллоҳ сизларга ато этган улуғ неъматга, агар У Зотга иймону ихлос ила ибодат этадиган бўлсангиз, Ундан бошқа ҳеч кимга ибодат қилмаслик ила шукр қилинглар».  

Ҳақиқий шукр ~ неъмат берувчи Зотни таниш ва Унгагина ибодат қилишдир. 
 
Аллоҳ азза ва жалла:  

«Эй Оли Довуд, шукр қилинглар! Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир», дея марҳамат қилган(Сабаъ, 13). 
 
Ибн Аби Ҳотим айтади: «Собит Буноний раҳимаҳуллоҳ: «Довуд алайҳиссалом оила аъзолари, фарзандлари ва аёлларига куннинг вақтларини ибодат учун тақсим қилиб берган эди. Куннинг ва туннинг бирон бирон вақти йўқки, унда Довуд алайҳиссаломнинг оила аъзоларидан бири намоз ўқимаган бўлса».

Бу оят ҳақида Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Эй Оли Довуд, шукр қилинглар!», яъни эй Довуд алайҳиссалом аҳллари, сизларга дин ва дунёингиз борасида берилган неъматлар учун шукрли бўлингиз. 

Муҳаммад ибн Каъб Қуразий: «Шукр – Аллоҳга тақво ва солиҳ амал этмоқдир. Бу сўз, феъл ва амалда шукрда қоим бўлганларга айтилиб, Довуд алайҳиссалом аҳллари шундай бўлган эдилар», деб айтган. 

Фузайлдан ривоят қилинади: «Довуд алайҳиссалом: Эй Роббим! Сенга қандай шукр этаманки, шукр Сен ато этадиган неъматдир», деди. Шунда Аллоҳ таоло унга: «Эй Довуд, буни неъмат эканини англаган онингда шукр қила олдинг», дея ваҳий қилди. 

Ибн Аби Ҳотим ривоятлари. 

Абу Абдураҳмон Ҳубулий: «Намоз – шукр. Рўза ҳам – шукр. Аллоҳ ризосини кўзлаб қилинган ҳар бир амал – шукрдир. Шукрнинг энг афзали эса – ҳамддир», деган. 

Ибн Жарир ривояти.

(давоми бор).

Суннатуллоҳ Абдулбосит

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ватанга муҳаббат – иймон белгиси

7.02.2025   2250   6 min.
Ватанга муҳаббат – иймон белгиси

Ёшларни мурғаклик вақти дан она меҳри, ота эъзози ила тарбиялаб бориш улар нинг Ватанига муҳаббатли, одоб-ахлоқли, маърифатли бўлиб улғайишига сабаб бўлади.


Шонли тарихимизда юртимиз ҳимояси йўлида жонларини қурбон қилган аждодларимизнинг номлари ҳали-ҳануз юксак эҳти ром ила тилга олинади. Чунки улар Ватанга муҳаббатни амалда исботлаб, келажак авлодга ўрнак бўлдилар.


Динимиз таълимотида кишининг ўз Ватанига муҳаббатли бў лиши юксак қадриятлардан экани таъкидланган. Имом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Башарият ўз ерларини қандай бўлса, шундайлигича, гарчи у ер қа ровсиз, қўрқинчли бўлсада, яхши кўрадилар. Ватанни севиш инсон қалбидаги табиий туйғу бўлиб, у ин сонни ўз Ватанида роҳат топишига сабаб бўлади. Ундан йироқлашса, соғинади, унга душман ҳужум қилса, ҳимоя қилади, у ҳақда ножоиз гап айтилса, ғазабланади”.


Иброҳим ибн Адҳам раҳи маҳуллоҳ айтади: “Нафс истак ларини ибодат билан муолажа қилдим, лекин нафсимнинг Ва танга интилишидай оғир нарса ни топмадим... Мен қолдирган нарсаларнинг бирортаси Ва танни тарк этишдек оғир бўл ган эмас”. Имом Замахшарий раҳи маҳуллоҳ: “Ҳамма ўз Ватанини, яшайдиган ерини, туғилган жо йини ва ватандошларини яхши кўради”, деган (“Асосул балоға”).


Албатта, Ватанга бўлган муҳаббат туйғуси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам бегона эмас. У зот Маккадан чиқиб кетаётганла рида унга қараб: “Эй Макка, қанча лар чиройлисан. Сен мен учун энг се вимлисан. Агар қавмим мени сендан қувиб чиқармаганида, сендан бошқа ерда яшамаган бўлар эдим”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллал лоҳу алайҳи ва саллам қачон сафардан қайтсалар ва Мадинанинг деворлари кўрина бошласа, туяларининг юриши ни тезлатар, агар хачирда бўлсалар, уни ниқтар эдилар” (Имом Бухорий ри вояти). Яъни, соғинчдан шундай қи лар эдилар. Аллоҳ таоло биз бандаларини ҳидоят йўлларига чорлар экан, жумладан, бундай дейди: «Савобли ва тақволи ишда ҳамкорлик қилин гиз, гуноҳ ва адоват ишларида ҳам корлик қилмангиз» (Моида сураси, 2-оят). Тақво фақат ибодат қилиш ёки садақа беришда эмас, балки Ва танни севиш, уни асраш ҳам тақводир. Аллома Шайх Муҳаммад Шо кир раҳимаҳуллоҳ айтади: «“Тақво” деганда, фақат намоз, рўза ва шу каби ибодатларни тушунманг. Ал лоҳга ҳақиқий тақво қилиш ҳамма нарсада бўлади. Раббингизга ибодат қилишда ҳам тақво қилинг, унда сусткашлик қилманг. Биродарла рингиз борасида ҳам Аллоҳга тақво қилинг, уларнинг бирортасига озор етказманг. Ватанингиз борасида ҳам Аллоҳга тақво қилинг, унга хиёнат қилманг, уни душманнинг қўлига топшириб қўйманг. Ўз нафсингиз борасида ҳам Аллоҳга тақво қилинг, унинг саломат бўлишига бепарво бўлманг, ёмон хулқ билан хулқлан тириб қўйманг». Демак, ояти каримадан маълум бўладики, умумжамият ишларида ҳамкорлик қилиш зиммамизга фарз дир. Бу ишда ҳар ким имконияти даражасида ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.

Айниқса, Ватан равнақи, унинг тинчлигини асраш, турли таҳдид лардан ҳимоя қилиш нафақат мудо фаа тизими кишиларининг вазифа си, балки ҳамма қилиши шарт бўл ган илоҳий кўрсатмадир. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Уммат шу нарсага итти фоқ қилганки, шариат аҳкомлари бешта зарур нарсаларни ҳимоя қи лишга қаратилган. Улар: дин, жон, насл, мол ва ақл” (“Ал-мувофақот”). Модомики, Аллоҳ таоло ўз шариа тини мана шу беш нарсани муҳофа за қилишга қарата жорий этган экан, нима учун банданинг ана шу нарса ларни асраш йўлида жон фидо қили ши ибодат бўлмасин? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким оиласини ҳимоя қилиб ўлдирил са, у шаҳиддир. Ким динини ҳимоя қи либ ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким жони ни ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳид дир” (Имом Термизий ривояти). Имом Байҳақий “Сунан”да, Тоялисий ”Мус над”да ривоят қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар бир киши бошқа бир кишининг жонини омон қолдиришга ишонтириб, сўнгра уни ўлдирса, мен у қотилдан безорман, гарчи ўлдирилган киши кофир бўлса-да”. Ватангадолик – энг оғир кулфат. Инсон учун энг оғир жазо ҳам шу. Шунинг учун ҳам шариат аҳкомла рининг жиноятга жазо бериш бобла рида энг жирканч гуноҳ қилган (ои ласи бўлатуриб зино қилган) киши ларни Ватандан қувғин қилиш жа зоси белгиланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда қалбида иймони йўқ мунофиқлар ҳақида бундай дейди: «Агар биз уларга: “Ё ўзларингизни ўлдиринг ёки ватанларингиздан чиқиб ке тингиз”, деб буюрганимизда эди, оз қисмидан бошқаси уни қилма ган бўлар эди» (Нисо сураси, 66-оят). Имом Абу Ҳайён Андалусий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазкур оятда ватанни ташлаб чиқиб кетиш жуда оғир иш эканига далолат бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло уни ўз жо нига қасд қилиш билан бирга зикр қилди” (“Баҳрул Муҳийт”). Қайси са бабдан бўлишидан қатъи назар, ин сон учун ватандан айрилиш ўлим билан баробар мусибатдир. Пайғамбар алайҳиссалом айта дилар: “Сизлардан қай бирингиз тонг отганда уйи тинч, тани соғ, уйида бир кунлик егулиги бўлса, гўёки унинг уйида дунёнинг ҳамма неъматлари мужассам бўлибди” (Имом Термизий ривояти).

Демак, инсон учун ўз уйи да, тинч-осойишта, ватанида соғ ва омонликда умргузаронлик қилиши катта бахт ва буюк неъматдир. Неъматни эса, зое қилмаслик, ак синча уни асраб-авайлаш, унинг шукронасини бажо келтириш ҳар бир банда учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг

биринчи ўринбосари

МАҚОЛА