Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Март, 2026   |   22 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:24
Қуёш
06:42
Пешин
12:38
Аср
16:39
Шом
18:29
Хуфтон
19:41
Bismillah
11 Март, 2026, 22 Рамазон, 1447

Экспертлар Ислом молия соҳасининг пандемиядан кейинги даврдаги қийинчиликлари ва имкониятлари ҳақида

08.07.2020   1814   2 min.
Экспертлар Ислом молия соҳасининг пандемиядан кейинги даврдаги қийинчиликлари ва имкониятлари ҳақида

29 июндан 3 июлгача Astana Finance Days конференцияси онлайн форматда ўтказилиб, унда ўзгарувчан дунёдаги бозорларнинг ривожланиши ва пандемиянинг жаҳон иқтисодиётига таъсири муҳокама қилинди.
Қозоқ ва хорижлик экспертлар иқтисодий вазият қандай ўзгараётгани, ҳаётимизга қандай таъсир қилаётгани ва яқин орада қандай технологиялар "энди аввалгидек бўлмайди"ган дунёнинг ажралмас қисмига айланиши мумкинлигини муҳокама қилишди. Хусусан, жаҳон иқтисодиёти, молиявий технологиялар, капитал бозори, Остона халқаро молия маркази ҳуқуқи, ислом молияси ва инсон капиталини ривожлантириш каби соҳаларга эътибор қаратилди. Ислом молияси нима ва у Марказий Осиё ва дунёда қандай ривожланмоқда? Қозоғистонда бу йўналишнинг истиқболлари қандай? Остона халқаро молия маркази минтақадаги биринчи платформа бўлиб, бизнесларни тез ўсиб бораётган ва истиқболли инвестиция сегментига – ИСЛОМИЙ молияга мунтазам кириш имконини беради.
Ислом молиясининг энг йирик соҳаси ислом банкидир, ундан ташқари суғурта (такафул) ва ислом капитали бозори фаол ривожланмоқда. Қозоғистон давлат ва муниципал лойиҳалар учун ҳам, хусусий лойиҳалар учун ҳам муқобил молиялаштириш манбаларини яратиш мақсадида ислом молияси саноатини ривожлантиришни режалаштирмоқда. Бунинг учун мамлакат ва Остона халқаро молия маркази энг яхши халқаро амалиёт ва стандартларга жавоб берадиган барча зарур инфратузилма ва норматив-ҳуқуқий базани яратди. Inbusiness.kz хабарига кўра, Остона халқаро молия марказидаги исломий молиявий хизматлар саноати ислом банклари, активларни бошқариш бўйича компаниялар, инвестиция фондлари, такафул ва ретакафул компаниялари, бошқа ислом молиявий ташкилотлари, шунингдек, етакчи халқаро ислом молия институтларининг иштирокчиларини ўз ичига олади.
Пандемия ислом молия секторига қандай таъсир қилади? "Wahed Invest" компаниясининг бош стратеги Мэҳди Бенслиман фикрича, коронавирус пандемияси фонида кузатилаётган ҳозирги иқтисодий инқироз глобал иқтисодиёт учун ташвишли қўнғироққа айланган. Шунинг учун бозор иштирокчилари пул топиш усулларига яқиндан қарашлари лозим. Шу билан бирга, ислом молия соҳасида фаолият юритаётган компаниялар инқироздан яхши натижалар билан чиқиши мумкин. "Бу инқироз биз учун инвестиция контекстида ишлаш усулини ўзгартиришга чақириқ. Улар экологик жиҳатларга урғу берган ҳолда янада барқарор бўлиши керак", - дейди нотиқ.
Инқироздан сўнг Мэҳди Бенслиман ислом молия соҳасидаги компаниялар "инвестиция ва молиялаштириш бўйича яхши позицияларга"эга бўлади, деб ҳисоблайди. Натижада ҳозирги инқироз ислом молия институтлари ривожланишининг кейинги босқичини бошлаши мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қуръони каримдаги мўъжиза

10.03.2026   1451   4 min.
Қуръони каримдаги мўъжиза

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Баъзан Қуръондаги бир оятни ўнлаб марта ўқиймиз…
Лекин ундаги кичик бир сирга эътибор бермаймиз. Аслида эса ўша сир бизга тушуниш ва тадаббурнинг кенг эшигини очиб беради.
 Доктор Зағлул ан-Нажжор раҳимаҳуллоҳ Қуръондаги битта сўз устида тўхтаб, уни Қуръон тили ва ундаги сўз танлашнинг нақадар нозик экани ҳақида чуқур тафаккур саёҳатига айлантирган.
У киши Аллоҳ таолонинг қуйидаги каломи ҳақида мулоҳаза юритадилар:


﴿وَتَرَاهُمْ يَنظُرُونَ إِلَيْكَ وَهُمْ لَا يُبْصِرُونَ﴾


“Уларни сенга қараб турганини кўрасан, лекин улар кўрмайдилар” (Аъроф).
Бу ерда икки сўз ўртасидаги чуқур фарққа эътибор қаратилади. Биз эса кўпинча уларни бир хил маънода деб ўйлаймиз:
النظر — назар  
البصر — басар 

“Назар” нима?
Бу — бир нарсани кўз билан кўриш, лекин бу кўришда ақл ва қалб иштирок этмаслиги.
Юзлар, кийимлар, ранглар олдингдан ўтиб кетади…
Аммо сен улардан ҳеч нарсани эслаб қолмайсан, чунки сен фақат “қарадинг”, холос — диққат ва тадаббур бўлмади.
Қанча марта бир одамни кўргансиз, кейин унинг кийим ранги ҳақида сўралса эслай олмайсиз?
Бу — басиратсиз назар.

“Басар” нима?
Бу — кўз билан кўриш, лекин бу кўришда ақл ва қалб ҳам иштирок этади.
Яъни: диққат, тушуниш, олдингдаги нарсани идрок қилиш.
Бу шунчаки ўтиб кетувчи тасвир эмас…
Балким инсонга таъсир қиладиган, қалбида из қолдирадиган онгли кўришдир.
Шунинг учун басар — назардан чуқурроқ ва кучлироқ.
Шу сабабли Аллоҳ таоло айтади:


﴿قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ﴾

Бу ерда:
“Назарларини паст қилсинлар” (Нур, 30) демади, балки “басарларини паст қилсинлар” деди.
Чунки ҳақиқий хавф кўз олдидан тасвир ўтиб кетишида эмас…балки унга диққат билан, шаҳват уйғотадиган даражада тикилиб қарашда.
Шунда оддий “назар” қасддан қилинган, лаззат излайдиган “басар”га айланади.
Мана шу ерда илоҳий амр — кўзни тийиш келади.

Шунингдек, Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири:
“Ал-Басир” — Ҳаммасини кўрувчи
Биз “Ан-Нозир” демаймиз.
Аллоҳ таоло айтган:

﴿إِنَّهُ كَانَ بِعِبَادِهِ خَبِيرًا بَصِيرًا﴾

Яъни Аллоҳ бандаларини тўлиқ, мукаммал, ҳамма томони билан қамраб олган кўриш билан кўради. Ундан ҳеч нарса яширин қолмайди.

Яна бир гўзал жиҳат:
Қуръон биздан коинот ҳақида тафаккур қилишни талаб қилганда кўпинча “назар” сўзини ишлатади:
 

﴿أَفَلَا يَنظُرُونَ إِلَى الْإِبِلِ﴾

“Улар туяга назар солмайдиларми?”

 ﴿أَفَلَا يَنظُرُونَ إِلَى السَّمَاءِ﴾

“Осмонга назар солмайдиларми?”


 ﴿فَلْيَنْظُرِ الْإِنسَانُ مِمَّ خُلِقَ﴾

“Инсон нимадан яратилганига назар солсин”.


Чунки бу махлуқотлар шунчалик буюкки, инсон уларнинг барча сирларини тўлиқ қамраб ололмайди.
Шунинг учун бизнинг вазифамиз — таажжуб ва тафаккур билан назар солиш, тўлиқ қамраб олиш эса фақат Аллоҳга хос.
Ҳар бир сўзида сир бор Зотга тасбеҳлар бўлсин.
Қуръондаги ҳар бир калима — нозиклик,
ҳар бир ҳарф — ҳикмат,
ҳар бир оят — ғафлат уйқусидан уйғотувчи даъватдир.

 
(Саффат: 159) ﴿سُبْحَانَ اللَّهِ عَمَّا يَصِفُونَ﴾ 


Аллоҳим! Бизга фақат қарашни эмас, басират нурини насиб эт.
Оятларингни уйғоқ кўзлар, ҳозир қалблар ва идрокли ақллар билан ўқишни насиб қил, ё Роббул оламин.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

 

Мақолалар