Маълумки, Робиъул аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллад топган ой ҳисобланиб, мусулмон оламида бу ой ўзгача шукуҳ ва кайфиятда ўтказилади. Бу ойда ихлосли мўмин-мусулмонлар пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва суннатларига эргашиб, гўзал ахлоқлар занжирини мустаҳкамлайдилар.
Очни тўйдириш, ёлғиз ва кексалар ҳолидан хабар олиш, етимпарварлик, ўзларида борини бошқаларга улашиш, муҳтожларга кўмак бериш, беморларни зиёрат қилиш, бир сўз билан айтганда, кўнгил олиш суюкли пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг одатлари эди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг таклиф ва тавсиялари билан олиб борилаётган мавлид суҳбатлари, жойларда улашилаётган мавлид ҳадялари боис юртимиз, хонадонларимизга нур ва барака ёғилмоқда.
Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигидаги вакиллик жамоаси "Фарғона саховат интернат уйи"га ташриф буюриб, у ерда истиқомат қилаётган ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинди. Фойдаланувчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб, маиший ва хўжалик маҳсулотлари туҳфа қилинди.
Шунингдек, жойларда имом-хатиблар томонидан маҳаллалардаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ёлғиз ва кексалар зиёрат қилиниб, ҳомийлар иштирокида уларга мавлуд ҳадялари улашилмоқда. Илм аҳиллари томонидан мавлид ойи бошидан буён Фарғона вилоятидаги мингдан ортиқ хонадонларга ташриф қилиниб, кўнгиллар шод қилинмоқда.
Бу каби хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Аллоҳ азза ва жалла (фаришталарга) айтади: «Бандам бирор ёмонликка шайланса, уни ёзманглар. Агар уни қилса, битта ёмонлик ёзинглар. Агар бирор яхшиликка шайланса-ю, уни қилмаса, битта яхшилик деб ёзинглар. Агар уни қилса, ўнта (яхшилик) ёзинглар» (Имом Муслим ривояти).