Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Банданинг куннинг аввалида нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган вақти ҳам бўлиши керак. Бу худди савдогарларнинг шериклари билан ҳар йил, ой, ҳафта ёки кун охирида дунё ҳирсида қиладиган ҳисоб-китобига ўхшайди. Улар буни беш кунлик дунё учун бўладиган фойдани қўлдан чиқариб юбормаслик мақсадида қиладилар. Бас, шундай экан, қайси оқил абадийлик учун бўладиган фойдани кўзлаб, ўз нафсини тергамаслиги керак?!
Савдогар шериги билан ҳисоб-китоб қилганида сармоя, фойда ва зарарга назар солади. Агар фойда кўрган бўлса, шеригига раҳмат айтади. Зарар кўрса, тўлаб беришини ва бундан кейин бу ишга йўл қўймаслигини таъкидлайди.
Шунга ўхшаш, банданинг динидаги сармояси фарзлардир. Фойдаси нафллар ва фазилатлардир. Зарари эса маъсиятлардир. Ушбу тижоратнинг мавсуми кундуз кунидир.
Банда аввал нафсини фарзлар бўйича тергайди. Агар уларни яхшилаб адо этган бўлса, Аллоҳ таолога шукрлар қилади ва нафсини шунга ўхшаш ишларни кўп қилишга тарғиб қилади. Агар бирор фарзни ўтказиб юборган бўлса, қазосини бажаришга шошилади. Агар уни нуқсонли адо этган бўлса, кўпроқ нафл ибодатлари ила ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилади. Агар маъсият қилган бўлса, нафсни жазолайди, азоблайди ва бошқа чораларни кўради. Хулласи калом, банда ўзининг қилган каттаю кичик ҳар бир ишида нафсини тергаб туриши лозим.
Нафсни тергаб туриш ўта фазилатли ишдир. Бу ишга Аллоҳ таоло амр қилган.
Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! (Ҳар бир) жон эрталик кун учун нима тақдим қилганига назар солсин», деган (18-оят).
«Эрталик кун»дан мурод қиёматдир. Қиёмат нисбатан жуда яқин вақт, шунинг учун ҳам у «эрта» дейилади. Демак, ҳар бир инсон қиёмат куни учун нима иш қилганини ўйлаб қўйиши керак.
Албатта, қиёмат куни инсонга мол-дунё, мансаб, насаб, ёр-дўст ёрдам бера олмайди, балки иймон, Ислом ва қилинган яхши амаллар ёрдам беради. Шунинг учун ҳар бир одам фурсат борида қиёматга тайёргарлигини кўриб қўйиши лозим. Бунда ўтган ишларни ҳисоб-китоб қилиб туришга амр бор. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг. Амалларингиз тортилишидан олдин уларни ўзингиз тортинг», деганлар.
Аллоҳ таоло Нур сурасида:
«Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангиз», деган (31-оят).
Тавба хато ва айб саналган амални қилиб бўлгандан кейин унга афсус-надомат чекишдан бошланади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Мен ҳар куни Унга юз марта тавба қилурман», – дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ағорр ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, (баъзан) қалбимни булут босади. Ва албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтурман», – дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида:
«Албатта, тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, зикр қиларлар, бас, карабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар», деган (201-оят).
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кеч кирса, оёғига дарра билан ура туриб, «Бугун нима иш қилдинг?» дер экан.
Маймун ибн Меҳрон дейди: «Ўзини ўзи шеригидан кўра қаттиқроқ тергамаган одам тақводорлардан бўла олмайди. Ишни қилиб бўлгандан кейин шериклар бир-бирларини тергайдилар-ку!»
Абдуллоҳ ибн Саломнинг бир боғ ўтин орқалаб кетаётганини кўрганлар:
«Эй Абу Юсуф! Болаларинг ва ғуломларинг кўтарса ҳам бўларди?!» – дедилар.
«Нафсимни текшириб кўришни ирода қилдим. Ёқтирармикан ёки йўқ?!» – деди у.
Ҳасан Басрий:
«Мўмин киши ўз нафсини Аллоҳ таоло учун тергаб туради. Бу дунёда ўзларини тергаб турган қавмларнинг у дунёдаги ҳисоби осон бўлади. Бу дунёда ишни ҳисоб-китобсиз қилганларнинг ҳисоби қиёмат куни машаққатли бўлади», деганлар.
«Маломатчи нафс ила қасам» ояти тафсирида Ҳасан: «Мўминнинг фақат нафсини маломат қилиб турганини кўрасан: «Бу сўзим ила нимани ирода қилдим? Бу еганим ила нимани ирода қилдим? Бу ичганим ила нимани ирода қилдим?» Фожир эса ўзини ўзи тергамай кетаверади», – деган.
"Мукаммал саодат йўли" китобидан
Аллоҳ таоло бизга бир садақамизни етти юз баробар кўпайтириб беришини ваъда қилди. Шундай экан, нега энди муҳтожларга эҳсон қилишга иккиланамиз?!
Ривоятларда келишича, Муҳаллабий деган бир вазир ўтган бўлиб, аввалбошда камбағал бўлган экан. Дунё матоҳларидан бирор нарсаси бўлмаган ҳам экан. Шу ҳолида у сафар қилади. Борган жойида ҳам ейишга бирор нарса топа олмайди. Гўшт ейишни қаттиқ иштаҳа қилса-да, гўштга етгулик пул топа олмайди ва:
Аё, харид қилсам ўлим сотилурму,
Бул маийшат хайрсиз бўлди манга,
Вооҳ, бу ҳаётдин ўлим тотли бўлурму,
Бу хушсиз ҳаётдин келиб мани халос этса…
У кишининг ҳамсафари бўлиб, исми Абу Абдуллоҳ Сўфий эди. У байтни эшитиб, бир дирҳамга гўшт сотиб олиб, пишириб Муҳаллабийнинг қўлига тутқазади. Кейин эса улар ўз йўналишлари бўйича ажралиб кетишади.
Кунлар ўтиб Муҳаллабий Бағдодда вазир даражасига кўтарилади. Бу ёқда Абу Абдуллоҳ Сўфийнинг шароити оғирлашиб, қийналиб қолади. У вазирнинг ҳузурига боради ва бир парча қоғоз бериб, уни соқчидан киргизиб юборади. Қоғозда қуйидагилар ёзилган эди:
Аё вазирингга етказ, унга жонимни фидо айладим,
Йигит ҳеч замон гапин ёддан чиқармас.
Ёдингдаму йўқчиликдан қийналиб айтган гапинг,
“Аё, харид қилсам ўлим сотилурму” деганинг…
Вазир Муҳаллабий хатни ўқигач, ўтган кунлари ёдига тушиб, гўшт егиси келганида гўшт олиб пишириб берган ҳамсафарини эслайди. Кўзлари ёшга тўлиб, Аллоҳнинг неъматлари ичида яйраб яшаётганини, қандай қилиб бу мартабаларга эришиб, халифанинг вазири бўлиб қолгани ҳақида тафаккур қилади. Кейин эса: “Бу хатни ёзган кишига етти юз дирҳам бериб юборинглар”, деб буюради ва хат остига жавоб тариқасида мана бу оятни ёзиб қўяди:
«Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчи кишиларнинг (савобининг) мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди...»[1] (яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда).
Бу орқали вазир ҳамсафарига “Менга бир дирҳам эвазига олиб берган гўштинг ҳаққини Аллоҳ таоло етмиш баробар кўпайтириб берди”, демоқчи эди.
Шоир айтади:
Яхшилик ўгурганнинг мукофоти йўқолмагай ҳеч,
Холиқу халқ орасиндаги суннат зоил ўлмагай ҳеч.
Ҳеч бир кишидан миннатдорчилик кутманг!
Ҳакимлардан бири айтади: “Ким қилган яхшилиги учун миннатдорчилик, раҳмат кутса, шубҳасиз, у охират савобини дунёда олишга шошилибди”.
Яхшилик қилиш мақтовга арзирли харажатдир
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: “Ҳар нарсада исроф бор, иллоки ҳусни хулқни қўлга киритишда, яхшилик қилишда, одамгарчиликни юзага чиқаришда исроф йўқ”.
Бир ҳаким зотнинг гапини доимо ёдингизда тутинг: “Яхшилик қилувчи киши ҳеч чоҳга тушмайди. Мабодо тушган тақдирда ҳам, бир тиргак топади”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 261-оят.