Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентлар ҳужжатлари масофавий тарзда qabul.muslim.uz сайти орқали қабул қилинади.
Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига:
– 2020 йилнинг 15 июнидан 5 июлигача (шу куни ҳам).
Талаб қилинадиган ҳужжатлар:
– паспорт (электрон шаклда);
– аттестат ёки диплом (академик лицей, ўрта махсус касб-ҳунар коллежини тамомлаганлик тўғрисида) электрон шаклда;
– тил билиши тўғрисидаги сертификат (аттестат ёки дипломида ёзилган чет тилидан бошқа хорижий тилда топширмоқчи бўлганлар учун) электрон шаклда.
Олий диний таълим муассасаларига:
– Тошкент ислом институти ва Мир Араб Олий мадрасасига
2020 йилнинг 15 июнидан 15 июлигача (шу куни ҳам);
– Ҳадис илми мактабига 2020 йилнинг 15 июнидан 5 июлигача (шу куни ҳам).
Талаб қилинадиган ҳужжатлар:
– паспорт (электрон шаклда);
– ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлаганлик тўғрисидаги ҳужжат (диплом) электрон шаклда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими
#xabar #vaqf #muhokama
Шу йил 21 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида “Вақф” хайрия жамоат фонди Васийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фонднинг жорий йилнинг шу давригача бўлган иш фаолияти, хайрия ишлари кўлами ва келгусидаги истиқболли дастурлари кўриб чиқилди.
Йиғилишда сўзга чиққан нотиқлар фонд томонидан кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган салмоқли ишларни юқори баҳолашди. “Вақф” фонди томонидан амалга оширилган хайрия ишлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли ошгани қайд этилиб, уйга муҳтож 43 та оилага ҳомийлар кўмагида тўлиқ жиҳозланган уй қуриб берилгани, жарроҳлик амалиёти, даволаниш ва ногиронлиги бўлган фуқаролар соғликларини тиклаш учун 1200 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилгани ижобий натижа сифатида баҳоланди. Шунингдек, ёрдамга муҳтож оила фарзандларига ўқув қуроллари тарқатилгани ва чекка ҳудудларда қудуқ қазиб, сув чиқариш ишлари амалга оширилгани ҳамда ўқув марказлари, тиббиёт муассасалари ва хорижий ҳамкорлар билан алоқалар ҳам эътироф этилди.
Шундан сўнг фонд олдида турган муҳим вазифалар, жумладан “Вақф” мулкларини шакллантириш ва янгиларини харид қилиш, фонд марказий аппарати ва ҳудудий филиаллар штат жадвалларини қайта шакллантириш, фонднинг халқаро алоқаларини ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди. Васийлик кенгаши аъзолари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикрлари ва таклифларини билдириб ўтишди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди мулкларини шакллантириш, уларни кўпайтириш бу соҳада амалга оширилаётган хайрия ишлари салмоғининг ошишига хизмат қилиши қайд этилиб, зарур ҳолларда чет элдаги вақф мулкларини ўрганиш, хориждаги вақф фондлари билан ҳамкорлик қилиш кераклиги айтиб ўтилди.
Муфтий ҳазратлари фонднинг келгуси фаолиятида ҳар доимгидек ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш, ўқув юртларида ўқиётганларнинг тўловларини қоплаш ва меҳр-мурувват тадбирлари салмоғини ошириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, фонд фаолиятини оммалаштириш, кўчмас мол-мулклардан самарали фойдаланиш, хорижий илғор тажрибаларни ўрганиш ва маблағлар айланмасида шаффофликни таъминлаш кабиларга урғу қаратилди.
Йиғилишда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати