Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога шукрки, юртимиздаги инсон манфаатларига қаратилган ислоҳотлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда, тақдим этилган таклиф-ташаббуслар ҳаётийлиги билан муҳим аҳамият касб этаётир. Натижада мамлакатимиз дунё миқёсида ўз ўрни, ўз сўзига эга бўлиб, довруғи янада юксалмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил 17-21 сентябрь кунлари АҚШга қилган сафари ҳам самарали мулоқотлар, манфаатли учрашувлар ва фойдали келишувларга бой бўлди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида жаҳон ҳамжамиятини бугунги кунда муҳим бўлган масалаларга эътибор қаратиб, бир қатор таклифларни илгари сургани океанорти сафарининг энг муҳим нуқтаси бўлди.
Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган юксак даражага чиқди. Биргаликда қарийб 140 та дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилгани, айниқса, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилингани фикримизни яққол тасдиқлайди.
Шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг бир қатор нуфузли тузилмаларига сайланди ва уларнинг ишида фаол иштирок этмоқда. Биргаликда глобал кун тартибига оид, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш, камбағалликка ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари бўйича йирик халқаро тадбирлар ўтказилмоқда.
Юртбошимиз ўз чиқишида “Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бормоқда”, дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, бугун юртимизнинг барча жабҳасида изчил ислоҳотлар давом этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ошишига, юрт равнақи ва дунё миқёсида муносиб ўрин эгаллашида муҳим омил бўлаётир. Айниқса, барча йўналишда “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган тамойил асосида иш олиб борилаётгани бу ислоҳотларнинг янада самарали кечишига, халқимизнинг розилигига замин бўлмоқда.
Аҳоли билан ишлашда маҳаллалар, оилалар кесимида иш олиб борилаётгани, барча мутасадди ташкилот вакиллари қаторида диний соҳа ходимлари, хусусан, имом-хатиблар ҳам халқ билан мулоқотни йўлга қўйгани бу ишларнинг янада самарали кечишида муҳим ўрин тутмоқда.
Президентимиз ўз нутқида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этиш, диний бағрикенгликни қарор топтириш ва турли таҳдидларга қарши биргаликда курашишга ҳам алоҳида тўхталди.
Сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланди. Ҳақиқатан, кейинги пайтларда дунёда исломни ёмонотлиқ қилишга уринишлар, турли фитналар кенг тарқалмоқда. Аслида, буларнинг динимизга умуман алоқаси йўқ. Ислом одамларни Ер юзида тинчлик-осойишталикда аҳил-иноқ бўлиб яшашга чорлайди. Шу мақсадда ҳар қандай ҳолатда ҳам раҳм-шафқат ва бағрикенглик каби юксак инсоний фазилатларни тарғиб этади.
Манбаларда ҳақиқий мўмин бошқаларга қўли билан ҳам, тили билан ҳам озор бермаслиги кераклиги уқтирилади. Бир ҳадиси шарифда саҳобалардан бири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси мусулмон афзал саналади?” деб сўради. Шунда у зот: “Ҳақиқий мусулмон тили ва қўлидан бошқа мусулмонлар саломат бўлган кишидир”, деб жавоб берди.
Бинобарин, қайси динга мансуб бўлмасин, одамлар инсон бўлгани учун ҳурмат қилинади, ҳимоя этилади ва ҳар бири ўз ҳуқуқларига эга бўлади. Қисқача айтганда, динимиз — бағрикенглик дини. Бу тушунча бугун давлатимиз сиёсатида ҳам муҳим ўрин олаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Президентимизнинг олий минбардан туриб жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш таклифи ҳам бежиз эмас. Чунки кейинги йилларда Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқарога ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда ва бу борада дунё мамлакатларига намуна бўлаётганини ҳам қайд этиш даркор.
Ҳозирги даврда турли диний конфессиялар ўртасида ўзаро бир-бирини тушуниш, мулоқот қилиш ва аҳил-иноқ яшаш тинчликни қарор топтиришнинг бош омили бўлмоқда. Қуръони каримда ҳам Ҳақ таоло: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик...” (Ҳужурот, 13), деб хитоб қилади.
Маълумки, давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрда ҳам БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққанди. Бинобарин, Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган. Резолюция нафақат БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан, балки 50 дан ортиқ давлатлар ҳаммуаллифлигида қабул қилинган эди.
Бу Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида оқилона ислоҳотлар ва амалий чора-тадбирлар олиб борилаётгани баробарида мамлакатимиз жаҳонда бағрикенглик тарғиботчиси ва ташаббускори бўлаётганидан далолат.
Юртбошимизнинг мазкур Ассамблеядаги яна бир муҳим ташаббуси 2024 йилда Ўзбекистонда “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифи бўлди. Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватанидир. Буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш бугунги кун учун ғоят долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бугун тараққиётнинг янги босқичида тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлоддан-авлодга қолдириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Зеро, муборак динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, миллий қадриятларимизни, азиз авлиёларимизнинг хотирасини тиклаш, бебаҳо меросини ўрганиш, қадамжоларини обод қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар Ўзбекистонни илм-фан, маданият, маърифат марказига айлантиришдек эзгу ниятларга, юксак мақсадларга пойдевор бўлмоқда.
Ушбу чиқишда давлатимиз раҳбари “Биз экстремизм балоси тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларимизни кучайтиришимиз зарур”, деб таъкидлади. Мазкур йўналишда авваллари экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштириш масаласига алоҳида урғу берилди. Жумладан, беш марта “Меҳр” инсонпарварлик миссияси ўтказилгани, 530 нафардан зиёд фуқаролар, аввало, аёллар ва болалар Яқин Шарқ ва Афғонистондаги ҳудудлардан юртимизга қайтарилгани Президентимиз нутқида алоҳида таъкидланди. Ушбу шахсларнинг барчасига тиббий, руҳий, ижтимоий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилганига эътибор қаратилди. Ушбу тажриба ҳам анжуман иштирокчилар томонидан эътироф этилди.
Мана шундай таклиф ва ташаббуслар сессия иштирокчилари, делегациялар аъзолари ва сиёсий етакчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг нутқини БМТ Бош котиби юксак баҳолаб, унда билдирилган таклифлар, ташаббуслар долзарб глобал ва минтақавий муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамиятга эгалигини, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини урғулади.
Аллоҳ таоло юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни бардавом айласин ва дунёда мамлакатимиз нуфузини янада оширсин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кишилик тарихини кузатсак, киши ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанишини билиб оламиз. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг буйруқлари ва Унинг Расули кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонни ўрганган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик туфайли жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган, ўзлари хўрланишган.
Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради, киши орзу-мақсадларига фақат илм орқали етишади. Илму ирфондан юз ўгирган ёки илм олишга лаёқати паст бўлган жамият эса ҳамиша кимгадир юкуниб яшашга маҳкум бўлди. Зеро, Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримда: «...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» (Зумар сураси, 9-оят) деб бу борада аниқ мезонни белгилаб берди.
Азал-азалдан бу юртнинг нури бутун дунёга таралиб, порлаб тургани сир эмас. Масалан, Имом Бухорийни ким билмайди? Имом Термизийни, имом Доримийни-чи? Ёки Бурҳониддин Марғиноний, Абу Муъийн Насафий каби улуғ зотларни ким эътироф этмайди? Бу улуғ имомларнинг илмий мерослари асрлар давомида ушбу заминнинг буюк тарихидан далолат бериб келмоқда. Бутун Ислом олами Бухоро сўзини эшитганда чексиз ҳурмат бажо келтириши ҳаммамизга маълум. Бундай эҳтиром, аввало буюк ватандошимиз – Имом Бухорий ҳазратлари, қолаверса, юртимизда етишиб чиққан уламолар шарофатидан.
Мовароуннаҳр диёри ҳар бир асрда Ислом оламига буюк алломаларни, дунё тан олган олимларни етказиб бергани тарихий ҳақиқат. Масалан, ҳижрий II асрда атоқли фиқҳ олими Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва улуғ муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак яшаб ўтишган бўлса, кейинги аср Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ва Абу Ийсо Термизийларнинг даври бўлди. Тўртинчи асрда Абу Мансур Мотуридий, бешинчи юзйилликда Абул Муъин Насафий, олтинчи асрда Абул Қосим Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Алоуддин Косоний, еттинчи асрда Абул Баракот Насафий каби улуғ Ислом олимлари етишиб чиқди.
Илм-фаннинг бошқа соҳаларини олиб кўрсак, бу борадаги ютуқлар ҳам илғор бўлган. Масалан, Косинуслар теоремасини биринчи бўлиб Абу Райҳон Беруний кашф қилган бўлса-да, олти юз йилдан кейин Оврупада француз олими Веитга нисбат берилди. Палеонтология ва седиментология соҳасида илк марта тажриба ўтказиб, бу бўйича китоб ҳам ёзган Абу Али ибн Сино бўлса-да, Албертга «Буюк Алберт» унвони берилди.
Биргина тиббиёт соҳасида юртимиздан чиққан улуғ олим ва ҳаким Абу Али ибн Синони бутун дунё замонавий медицинанинг отаси деб тан олгани, унинг тиббиётга оид «Ал-Қонун» каби шоҳ асари XVI асргача Ғарбдаги барча тиббиёт дорилфунунларида дарслик қилиб ўқитилгани, замонавий тиббиёт жуда кўп жабҳада Ибн Синодан ўрганганини гапириб ўтирмаймиз. Чунки бу далилларни Шарқу Ғарбда ҳамма жуда яхши билади.
Улуғ ватандошимиз Мусо Муҳаммад Хоразмий биринчи бўлиб алгебра фанига асос солган, «алгебра» истилоҳи унинг «Ал-жабр вал-муқобала» рисоласидан олинган, олимнинг номи эса «алгоритм» шаклида фанга кирган, унинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда таржима қилиниб, шу асосда дарслик ёзилган. Яна бир улуғ олимимиз Аҳмад Фарғоний фалакшуносликнинг (астрономия) отаси саналади, унинг «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум» китоби XII асрда Оврупа тилларига таржима қилиниб, «Алфраганус» деган лотинча ном билан бир неча аср мобайнида Ғарб университетларида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган. Дунёда биринчи ҳисоблаш маркази Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек раҳбарлигида қурилган. XV асрда Мирзо Улуғбекнинг машҳур расадхонасида ишлаган Ғиёсиддин Жамшид Коший биринчи бўлиб ўнли касрларни кашф этган. Оврупада эса ундан 175 йил кейин Симон Стевин бундай сонлар ҳақида илк фикрларини оммага тақдим этди.
Яна бир атоқли қомусий олимимиз Абу Райҳон Беруний Христофор Колумбдан анча олдин уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган, Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобусни ясаган, Ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчаган, конуслар теоремасини француз олими Вентдан 500 йил олдин кашф этган.
IX асрнинг 1-ярмида халифа Маъмун томонидан Бағдодда ташкил этилган «Байт-ул ҳикма» («Билим уйи») деб аталган академияга ҳам марвлик Абу Али Яҳё ибн Мансурдан кейин Муҳаммад Хоразмий раҳбарлик килган эди. Бу даврда Хоразмий насаби шу даражада машҳур бўлиб кетдики, кимнинг Хоразмий насаблик шогирди бўлса, обрў ҳисобланар эди.
Энди шу жойда озгина бугунги кунимизга назар ташлайлик. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монелик йўқ, аксинча, чорлов бор, имконият бор. Аммо бизда рағбат йўқ, ихлос суст, ғайрат-ҳаракат етишмаяпти. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтиришларга, ношаръий маросимларга сарфлаб юборяпмиз. Илм олишга, ҳеч бўлмаса, дунё ҳаяжон билан воқиф бўлаётган хабар-маълумотлар билан танишиб қўйишга эса вақт-имкон «топа олмаяпмиз». Яқин ўтмишимиздаги оила дастурхони устида хонадон каттасининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат қилгани, тожир, ҳунарманд ва зироатчилар узоқ қиш оқшомларида бир устоз этагини тутиб, илм мажлислари ташкил этишгани, ёшларнинг илм талабида ҳатто қўшни юртлардаги устозларникига қатнашгани каби ҳолатлар бугун эриш туюладиган бўлиб қолди.
Кундалик ташвишларни бир чеккага суриб туриб, ўтмиш ва бугунимизни қиёслаб кўрайлик. Кеча ким эдик, кимларнинг ворисларимиз деган саволни бериш билан бирга унга ечимни излайлик. Ажаб эмаски, шунда инсоният тамаддунида ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлиш билан бир қаторда дунё пешқадамларига айлансак.
Маҳмуд Маҳкам