Садақа беришнинг фазилатларини савоб ва ажрларини келтириб ўтишдан олдин садақа сўзини яхшилаб тушуниб олишимиз лозим. “Садақа” сўзи луғатда “Яхшилик, эҳсон” маъноларини билдиради. Истилоҳда эса, Аллоҳ таоло розилиги учун бериладиган ҳар қандай нарса ёки бажариладиган амал садақа саналади. Одатда “Садақа” дейилса, фақат муҳтожларга, фақир кишиларга бериладиган ҳар қандай нарса тушунилади. Аслида, хайр-эҳсоннинг барча турларини шу сўз билан атаса бўлаверади. Садақа мажбурий ва ихтиёрий бўлади. Мажбурий бўлган садақа турига фарз ва вожиб бўлган закот, ушр, фитр, каффорот кабилар киради. Фарзу вожибдан кейинги ўринда турадиган ихтиёрий садақага эса ҳар қандай хайр-эҳсон, худойи (таом тариқасида беришлик), хайрия ташкилотларига, жамғармаларга, етимхона ва қариялар уйларига, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кабилар киради. Баъзи тушунмаган кишилар орасида фарз, яъни, мажбурий садақа билан нафл (ихтиёрий) садақани аралаштириб юбориш ҳоллари учрайди. Бундайлар фарз бўлган закотни беришмайди-ю, аммо садақа деб, турли зиёфат, турли маросимлар ўтказиб, ўзларича садақа қилган бўлишади. Аслида эса, ҳожатларидан ташқари тижорий (савдо айланмаси учун) мол-мулклари нисобга (маълум белгиланган миқдорга) етган кишилар, ўша моллари (бойликлари)нинг қирқдан бир (40/1) улушини (қисмини) ҳақдорларга (закот олишга лойиқ бўлган инсонларга) беришлари мажбурий садақа, яъни “Закот”дир. Закот ибодати исломнинг бешта фарзидан бири ва бу закот ибодатини адо қилишлик айни муборак Рамазони шариф ойларида амалга оширилса, савоби, ажри, янада кўпайишлигига олиб келади. Энди эса, садақа беришнинг фазилатлари ҳақида ҳадиси шарифларни келтирамиз.
Садақа беришнинг фазилатлари жуда кўп ва машҳурдир.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуддан (разияллоҳу анҳу) ривоят этишларича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сизларнинг қай бирингизга ўз мол-мулкингиздан кўра меросхўрларнинг мол-мулки севимли?” деб сўрадилар. Шунда асҳоби киром: “Бизларга ўз мол-мулкларимиз маҳбуброқ, ё Расууллоҳ”, деб жавоб беришди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): марҳамат қилдилар: “ Унинг олдин юборгани ҳақиқий мол-мулкдир. Меросхўрларнинг мол-дунёси эса кейинда қолганидир.” Яъни Аллоҳ таоло йўлида ўзи нафақа қилган мол-дунёси ҳақиқий эҳсон ҳисобланади”.
Ҳадисда айтилади: “Садақа қилинглар, зеро садақа сизларни дўзахдан қутқаради “(Имом Табароний “Авсат “ларида Абу Нуайм эса “Хуля “да ривоят этишган)
Яна бир ҳадиси шарифда бундай ривоят этилади: ”Садақа қилинглар, бас, садақа жасадингизни дўзах оташидан сақлайди”. (Имом Табароний “Авсат” китобларида ва Абу Нуайм “Хуля”да ривоят эшитган.)
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): ”Кишининг топган молини ўз оиласига сарфлаши ҳам садақа ва эҳсондир”, деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Бетобларингингизни (касалларингизни) садақа бериш билан даволанглар”, яъни дори-дармон қилиш баробарида хайру-эҳсон ва садақа қилиш, иншааллоҳ дардлардан шифо топишда ёрдам қилади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ таоло кечиримли бўлган бандасининг иззат-шарафини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун ўзини ҳокисор тутса, Аллоҳ таоло унинг мартабасини баланд қилади”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Сарвари Коинот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Муоз ибн Жабалга (розияллоҳу анҳу) садақа яхшилик эшикларидан бири эканини таъкидлаб, дедилар:
“Сени хайр (яхшилик) эшикларига далолат қилайми?” (яъни, яхшилик эшиклари қандай амаллар билан очилишини айтиб берайми) дея, ушбу уч нарсани санаб бердилар: 1) Рўза тўсиқ бўлади; 2) Садақа худди сув оловни ўчиргандек хатоларни ўчиради; 3) Кишининг ярим кечада ўқиган намози солиҳларнинг шиори бўлади”. Ҳадисда ворид бўлганидек, садақа хатоларни ўчирса, албатта у (садақа) Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ғазабини ҳам ўчиради. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Садақа аллоҳнинг ғазабини ўчириб, ёмонликни қайтаради” (Имом Термизий ва Ибн Ҳиббон ривояти). Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа беришга тарғиб қилиб, унга одамларни қизиқтирганлар.
Ҳадиси муборакларида бу борада бундай марҳамат қиладилар:
Абу Барзадан (розияллоҳу анҳа) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бир банда бир парча нон садақа қилса, Аллоҳ жалла ва аъло уни Уҳуд тоғи баробарида кўпайтиради”, дедилар”. (Табароний ривояти).
Юқорида келтирилган Ҳадиси шарифлар мазмунига кўра, ихлос билан қилинган озгина садақа (эҳсон) Аллоҳнинг ҳузурида жуда катта мукофотга сазовор бўлишлиги, билиб-билмай қилган хато-камчиликларимиз ўчирлиши, касалларимизга даво бўлишлигини, бало-офатлардан омон бўлишлигимизни, биз учун яхшилик эшиклари очилишлигини, мартабаларимиз баланд бўлишлигини ва садақа сабабли сизу-бизнинг жасадимизни дўзах оташидан Аллоҳ таоло сақлашлигини, ва озгина қилган садақамизни ҳам Аллоҳ таоло уни (садақамизни) (савобини) кўпайтириб беришлигини англаймиз.
(Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Хай-эҳсон фазилатлари” китоби асосида тайёрланди).
Жумамуратов Яқуб,
Тахиатош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” масжиди имом-хатиби.
Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.
Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.
Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.
Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.
Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.
Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.
Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни, яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.
Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.
Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.
Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.
Холмурод МАМАЖОНОВ,
Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби