Маълумки мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин тартиблари жорий этилган. Шунга кўра таълим муассасаларида карантин таътили эълон қилинган бўлиб, ўқув-машғулотлари масофавий таълим шаклида олиб борилмоқда.
Шунингдек, талабаларнинг ўқув йилини якунлаши ҳамда битирувчи босқич талабаларининг якуний аттестациялари ва битирув малакавий иши ҳимоялари ҳам масофавий таълим шаклида ўтказилади.
Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида тасдиқланган қабул Низомига кўра ўрта махсус ислом таълим муассасаларида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 15 июндан 5 июлгача, олий диний таълим муассасаларида эса 15 июндан 15 июлгача ўтказилиши белгиланган.
Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида диний таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш юқорида қайд этилган муддатларда онлайн, масофавий шаклда амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Аввалги йилларда қабул имтиҳонлари ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 3 та фан (Чет тили, Тарих, Маънавият ва маърифат) бўйича тест синови шаклида;
Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасида “Араб тили” фани бўйича ижодий имтиҳон, “Фиқҳ ва ақоид”, “Ўзбекистон тарихи” фани бўйича тест синови шаклида;
Ҳадис илми мактабида “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис”, “Араб тили” фани бўйича ижодий имтиҳон, “Ўзбекистон тарихи” фанидан тест синови шаклида ўтказилган эди.
Юртимизда карантин тартиблари давом этаётгани ва абитуриентларга қулайликлар яратиш мақсадида 2020-2021 ўқув йили учун диний таълим муассасаларига кириш тест имтиҳонларини истисно тариқасида фанларни қисқартириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, ўрта махсус ислом таълим муассасаларига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тугатганлиги ҳақида ҳужжат (диплом)га эга бўлган фуқаролар, олий диний таълим муассасаларига ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган битирувчилар қабул қилинади.
Кириш имтиҳонлари ўтказишнинг тасдиқланган тартиби ва қабул жараёнларига оид маълумотлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлар саҳифалари орқали бериб борилади.
Салоҳиддин Шерхонов
Таълим ва илмий-тадқиқот
бўлими мудири
Альберт Энштейн дарс ўтиш жараёнида тўққиз масалани тўғри ёзиб, ўнинчисининг жавобини атай хато чиқарди. Синфда ўтирганлар кулиб юборди. Шунда Энштейн ҳам қўшилиб кулиб қўйди ва сўзида давом этди:
“Мен тўққиз масалани тўғри ёзганимда ҳеч ким мени табрикламади. Аммо биргина хато қилганимда ҳамма кулиб юборди. Ҳаётда жуда кўп одам воқеа-ҳодисаларга, кишиларнинг тутумларига шундай ёндашади. Яъни, ўзидан бошқаларнинг ютуғини назардан қочириб, хатосини тез кўришади. Ўзига нисбатан эса, ундай эмас... Сизларга бу масалани атай хато ишлаб кўрсатишимдан мақсад, эртанги ҳаётингизда ана шундай вазиятларга тўғри ёндашинг. Зеро, хато қилмайдиган ягона одам бу – ҳеч нарса қилмайдиган одамдир”.
Дарҳақиқат, биз ожиз бандалар Аллоҳнинг ҳузурида қанча хатолар, гуноҳ ишлар қиламиз ва Унинг мағфиратидан умидвор бўламиз. Лекин бир инсон хато қилса тезда қўлимизни бигиз қилиб кўрсатамиз. Айниқса, бизга нисбатан нимадир содир этиб қўйса, кечирмаймиз. Жағимиз толгунча шикоят қилаверамиз. Бу синовли, ўткинчи дунёда ёндашувимизни тўғрилаб олайлик, азизлар! Шунда яшаш ҳам осонлашади, ҳаловатимиз ҳам йўқолмайди...
Акбаршоҳ Расулов