Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан яна бир ёлғон хабар тарқаб қолди. Эмишки, бир йил келадики, унда мусулмонларга зарар бўлади, бу ойда Рамазоннинг биринчи куни жума кунига тўғри келади, рўзанинг ўн бешинчи кунида осмондан қаттиқ овоз келади, овозни эшитганлар дарҳол эшик деразаларни маҳкам ёпиб, саждага йиқилинглар ва саждада “Субҳанал Қуддус, Роббуна Қуддус”, деб айтинглар, шунда нажот топасизлар. Яна иккита овоз келади. Уларнинг биринчиси Жаброил алайҳиссаломнинг овози ва иккинчиси шайтонларнинг овози. Ушбу пайтда уйдан чиқмай ўтиринглар ва ҳоказолар....
Бундан илгари эса Рамазоннинг келиши ҳақидаги хўшхабарни кишиларга етказган кишига дўзах харом қилинади деган хабар тарқаган эди.
Бу каби хабарларни эшитиб, уларни тезлик билан тарқалаётгани, кишиларнинг бу каби ёлғон хабарларга ишонишларини кўриб ачинасан киши. Аслида буларнинг барчаси илмсизлик ва аҳмоқликдан бошқа нарса эмас. Чунки, илмдан, ҳадиси шарифлардан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадис айтишдаги услубларидан озгина хабари бор киши бу каби ҳадисларнинг ғирт тўқима, мантиққа тўғри келмайдиган гап сўзлардан иборат эканлигини яхши билади.
Азизлар! Кўзингизни очинг. Асоссиз ва тўқима гапларга ишонманг. Бошқаларга тарқатманг. Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам номларидан тўқилган сохта ҳадисларни авж олишига шерик бўлманг. Ислом душманлари тарафидан ўйлаб топилган бу каби хабарларни овоза қилиш билан уларнинг гуноҳига шерик бўлманг. Бир хабарга ишонишдан олдин, уни ўзгаларга юборишдан илгари шу соҳанинг мутахасисларидан маслаҳат олинг. Чунки бу Аллоҳ таолонинг қатъий буйруғидир. “Агар билмасангиз, зикр аҳлларидан сўранг” (Анбиё сураси, 7-оят). “Эй иймон келтирганлар! агар фосиқ хабар келтирса уни аниқлаб кўринглар..." (Хужурот сураси, 6-оят).
Қолаверса, Ислом динида ёлғон сўзлаш гуноҳи оғир бўлган амаллардан ҳисобланади. Агар бу ёлғон Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан тўқилган бўлса, азоби янада оғир бўлади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деганларидир», деди». (Тўртовлари ривоят қилганлар). Имом Муслимнинг ривоятида: «Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дейилган.
Бошимизга тушган бу мусибатдан, атрофда бўлаётган воқеа ҳодисалардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб, мусулмонлар қалбига қўрқув, саросима ва ваҳима солаётган нобакорларнинг найрангига учиб қолманг.
Ундан кўра Қуръони каримда келган дуоларни, саҳиҳ ҳадисларда келган кўрсатмалар, дуо ва истиғфорларни кўпайтиришлик билан Роббимиздан нажот ва енгиллик сўрайлик.Зеро унутмайликки, Рамазон ойи кириши билан Аллоҳнинг раҳмат, мағфират эшиклари очилади. Шундай улуғ кунларда динимиз ақийдасига зид нарсаларни тарқатиш гуноҳи кабирадир. Аллоҳ барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин.
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг
Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати
Шу йил 17 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Хўжакент» жоме масжидида навбатдаги маънавий-маърифий йиғилиш ўтказилди.
Сайёр учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, ЎМИ Молиявий назорат ва таҳлил бўлими бошлиғи Исломиддин домла Зуҳриддинов, Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар домла Камолов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Мусохон домла Бобоев, вилоятнинг туманлар/шаҳарлари бош имом-хатиблари, шунингдек, Бўстонлиқ туманидаги масжидлар имом-хатиблари, ноиблар, “Ҳаж – 2025” зиёратчилари ва маҳалла фаоллари иштирок этди.
Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда Зайниддин домла Эшонқулов мазкур китобнинг бугунги ҳаётимиз билан нақадар уйғун экани, динимизда ҳам инсон ва унинг қадр-қиммати улуғланиши, ҳар бир диний соҳа ходимининг бугунги кундаги фаолияти учун дастурамал бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу китоб вилоятдаги барча масжидларга тарқатилди.
Тадбир давомида вилоят бош имом-хатиблари ва туман-шаҳар бош имом-хатиблари учун намунавий махсус кийим намунаси тақдимот қилинди. Унда чакмон, духоба ва миллий дўппилар намойиш қилинди.
Шунингдек, Тошкент вилояти, хусусан, Бўстонлиқ туманида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Унда вилоятдаги имом-хатиблар фаолиятидаги ютуқлар эътироф этилиб, баъзи камчиликлар бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Сайёр йиғилиш иштирокчилари Бўстонлиқ туманининг 24 та масжиди ҳамда 24 та маҳалласига бириктирилди.
Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 110 та оилага, отинойилар 4 тоифага мансуб 23 та оилага, умумий ҳисобда 133 та оилага кирилиб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб борилди.
3 та хонадонда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлган фуқаро билан суҳбатлашилди, унинг тушунчалари тўғриланди.
Нотинч оилалар ўрганилиб, улар яраштирилди.
Шунингдек, 10 та хонадонда ичкиликка ружу қўйган кишилар билан суҳбатлар ўтказилди.
Маънавий кўмакка муҳтож 12 та оила ила мулоқот қилинди.
Мухтасар айтганда, биргина шу тадбир доирасида барча жиҳат қамраб олинди.
Тошкент вилоятидаги навбатдаги сайёр йиғилиш Юқори Чирчиқ туманида ўтказилиши режалаштирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати