Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Декабр, 2025   |   1 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:45
Пешин
12:26
Аср
15:16
Шом
17:01
Хуфтон
18:20
Bismillah
21 Декабр, 2025, 1 Ражаб, 1447

Эътиқод дурдоналари: Аллоҳ таолога нисбатан мўминнинг одоблари

18.04.2020   5510   29 min.
Эътиқод  дурдоналари: Аллоҳ таолога нисбатан мўминнинг одоблари

Аллоҳ таолога иймон келтириш баёни

2 - إِلَهُ الْخَلْقِ مَوْلاَنَا قَدِيمٌ      وَمَوْصُوفٌ بِأَوْصَافِ الْكَمَالِ

Маънолар таржимаси:

Барча махлуқотларнинг илоҳи эгамиз қадимдир ва комил сифатлар билан сифатлангандир.

 

Назмий баёни:

Эгамиз қадимдир олам илоҳи,

Бенуқсон комилдир Унинг сифоти.

 

Луғатлар изоҳи:

إِلَهُ  – бу калима فِعَالٌ вазнида бўлса ҳам مَفْعُولٌ яъни مَأْلُوهٌ маъносидадир. Худди  كِتَابٌ калимаси فِعَالٌ  вазнида бўлса ҳам  مَكْتُوبٌ  “ёзилган” маъносида бўлгани каби. مَأْلُوهٌ нинг маъноси مَعْبُودٌ яъни, “ибодат қилинувчи Зот”дир.

الْخَلْقِ – калимаси اَلْمَخْلُوق маъносида келган. Бундаги اَلْ “истиғроқия”[1]дир. Шунга кўра бу калима барча махлуқотларни ўз ичига қамраб олади. الْخَلْقِ إِلَهُ ушбу изофа “ихтисос”ни (ўзига хос хусусиятни) ифодалайди. Яъни барча махлуқотларнинг илоҳлиги фақат Аллоҳга хос, деган маънони билдиради. 

مَوْلاَنَا – бу калима الْخَلْقِ إِلَهُ дан бадал бўлиб, луғатда “эгамиз”, “мададкоримиз” маъноларини англатади.

قَدِيمٌ – қадим калимаси луғатда “борлигининг ибтидоси йўқ” маъносини англатади. Қадим калимаси умумий уч хил маънода ишлатилади:

  1. Зотий қадим – “борлигининг ибтидоси йўқ” маъносида бўлиб, фақат Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилади;
  2. Замоний қадим – “бор бўлганига узун замон ўтган” маъносини билдириб, ўзбек тилидаги “эски” сўзига тўғри келади. Албатта, ушбу сўз бу маънода Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилмайди;
  3. Изофий қадим – “бир нарсанинг вужудга келиши иккинчисидан кўра олдинроқ бўлган” маъносини англатади. Масалан, отанинг фарзандидан олдинроқ дунёга келганини ифодалаш учун “ота фарзандидан қадимдир” дейилади. Албатта, бу маънода ҳам фақат бандаларга нисбатан ишлатилади.

وَ – мутлақ жамлаш учун келтирилган атф ҳарфи. Атф луғатда “бирикмоқ” маъносига тўғри келади. Истилоҳда эса икки исм ёки икки феълни эъроб жиҳатидан олдингиси ҳукмини кейингисига ҳам ўтказиш атф қилиш дейилади. Атф қилиш уларнинг ўрталарига атф ҳарфларини келтириш билан бўлади. Атф ҳарфлари тўққизта бўлиб, бир-бирларидан фарқли маъноларни ифодалайди:

  1. اَلْوَاوُ бу ҳарф мутлақ жамлаш учун келтирилади. Масалан, وَحَسَنٌ أَحْمَدُ جَاءَ (Аҳмад ва Ҳасан келди). Яъни ушбу атф ҳарфи фақатгина Аҳмад келганидек, Ҳасан ҳам келганини ифодалайди, холос. Шунинг учун бу ҳарф мутлақ жамлашни ифодалайдиган ҳарф дейилади.
  2. اَلْفَاءُ бу ҳарф тартиб ва кетма-кетликни ифодалайди. Масалан, فَحَسَنٌ أَحْمَدُ جَاءَ (Аҳмад келиши биланоқ орқасидан Ҳасан келди). Яъни ушбу атф ҳарфи Аҳмаднинг олдин келганини ифодалаш билан бирга Ҳасаннинг ҳам ортидан кетма-кет келганини билдиради.
  3. ثُمَّ бу ҳарф тартиб ва муддат ўтишни ифодалайди. Масалан,   حَسَنٌ ثُمَّ أَحْمَدُ جَاءَ (Аҳмад келгандан сўнг Ҳасан келди). Яъни ушбу атф ҳарфи Аҳмаднинг олдин келганини ифодалаш билан бирга Ҳасаннинг анча кейин келганини билдиради.
  4. أَوْ бу атф ҳарфи танлаш имконини қолдириш ёки шубҳаланишни ифодалайди. Масалан, حَسَنٌ أَوْ أَحْمَدُ جَاءَ (Аҳмад ёки Ҳасан келди). Яъни ушбу атф ҳарфи эшитувчига Аҳмад ё Ҳасандан қайси бири келганини танлаш имконини қолдириш учун ёки айтувчининг қайси бири келганини аниқ билолмай турганини ифодалаш учун ишлатилади.
  5. أَمْ бу атф ҳарфи аниқ тайин қилиш сўровини ифодалайди. Масалан, حَسَنٌ أَمْ أَحْمَدُ جَاءَ (Келган Аҳмадми Ҳасанми?).
  6. لاَ бу атф ҳарфи атф қилингандан ҳукмни инкор қилишни ифодалайди. Масалан, حَسَنٌ لاَ أَحْمَدُ جَاءَ (Аҳмад келди, Ҳасан эмас). Яъни ушбу атф ҳарфи Ҳасандан келиш ҳукмини инкор қилмоқда.
  7. لَكِنْ бу атф ҳарфи ҳукмни тўғрилаб қўйишни ифодалайди. Масалан,

  حَسَنٌ لَكِنْ أَحْمَدُ جَاءَ مَا (Аҳмад келмади, лекин Ҳасан келди).

  1. بَلْ бу атф ҳарфи олдинги ҳукмдан воз кечишни ифодалайди. Масалан, حَسَنٌ بَلْ أَحْمَدُ جَاءَ (Аҳмад келди, балки (у эмас) Ҳасан келди). Яъни ушбу атф ҳарфи Аҳмаднинг келгани ҳақидаги ҳукмдан воз кечилганини ифодаламоқда.
  2. حَتَّى бу атф ҳарфи чегарани ифодалайди. Масалан,

 حَسَنٌ حَتَّى أَحْمَدُ جَاءَ (Аҳмад келди, ҳатто Ҳасан ҳам келди). Яъни ушбу атф ҳарфи Аҳмаддан Ҳасангача бўлган ҳамманинг келганини, аммо ундан кейингилар келмаганини ифодаламоқда. Шунингдек ушбу ҳарф жор ҳарфи ҳам ҳисобланади. Аҳмад Ҳодий Мақсудий раҳматуллоҳи алайҳ  حَتَّى нинг жор ҳарфи ва атф ҳарфи бўлиши орасидаги фарқни битта мисолда ажойиб равишда тушунтириб берган:

– Жор ҳарфи бўлганда: رَأْسِهَا  حَتَّى السَّمَكَةَ اَكَلْتُ (Битта балиқни едим, ҳатто боши қолди холос).

– Атф ҳарфи бўлганда: رَأْسَهَا حَتَّى السَّمَكَةَ اَكَلْتُ (Битта балиқни едим, ҳатто бошини ҳам еб қўйдим).

مَوْصُوف – васф деганда маълум бир зотга маъно эътиборидан далолат қилган нарса тушунилади.  Сифат ва васф бир хил маънони англатади. Фақатгина сифат сифатланмишдаги маълум бир белгини ифодаласа, васф сифатловчининг таърифини англатади.

بِأَوْصَافِ – بِ ҳарфи “мусоҳаба” (бирга бўлиш) маъносида келган жор ҳарфи бўлиб مَوْصُوف га мутааллиқдир.

 الْكَمَالِ  – музофун илайҳ. Луғатда “нуқсонсиз тўлиқ” маъносига тўғри келади. 

Матн шарҳи:

Ўший раҳматуллоҳи алайҳ бошқа ақида китоблари услубига риоя қилиб, дастлаб “илоҳиёт” бобига тааллуқли масалаларни баён қилишга киришган. Илоҳиёт қисмида ўрганиладиган масалаларнинг мағзи мўмин банданинг Роббисига нисбатан одобларини ўрганиш бўлади. 

 

Аллоҳ таолога нисбатан мўминнинг одоблари

Одоб улуғ фазилатларга эришишга сабаб бўладиган асосий восита ҳисобланади. Шу сабабли ҳар бир замон ва маконда инсонлар маълум бир одобларга риоя қилишга муҳтож бўладилар. Ана шу эътибордан динимизда энг оддий нарсаларга нисбатан бўладиган одобдан тортиб Аллоҳ таолога нисбатан одобгача батафсил баён қилиб қўйилган. Мазкур одобларни ўрганиб, уларни ўзининг ажралмас сифатига айлантириб олган мўмин банда дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатли ҳаётга эришади. Ислом таълимотларидаги ушбу одобларнинг энг улуғи – Аллоҳ таолога нисбатан одоб ҳисобланади. Уламолар Аллоҳ таолога нисбатан одобларни ўрганувчига олдин У зотни Ўзи ва Расули танитганидек таниб олиш лозимлигини уқтирадилар.  

Шу маънода Аллоҳ таоло ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади: 

– Аллоҳ таоло осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зотдир;

– Аллоҳ таоло осмонлару ердаги бирор зарра ҳам Унга махфий бўлмаган, барчасини ададлари билан билиб турувчи Зотдир;

– Аллоҳ таоло Ундан олдин бирор нарса бўлмаган, барча нарсалар йўқ бўлиб кетганда ҳам доимо бор бўлиб турувчи Зотдир;

– Аллоҳ таоло бирор нарсадан ожиз қолмайдиган, барча нарсага қодир Зотдир;

– Аллоҳ таоло бандаларига ҳатто улар санаб ҳам чиқа олмайдиган даражада кўплаб неъматларни ато қилиб турувчи Зотдир;

– Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамду сано айтиб улуғлашларига ва қуллик қилишларига ҳақли бўлган ягона Зотдир.

Булардан бошқа сифатларини ҳам Қуръон ва суннатда баён қилинганидек таниб олиш керак бўлади.

Аҳмад ибн Осим Антокий раҳматуллоҳи алайҳ: “Кимки Аллоҳ таолони кўпроқ таниган бўлса, Ундан кўпроқ қўрқувчи бўлади”, – деган. 

Мўминнинг Аллоҳ таолога нисбатан одоблари деганда, асосан, қуйидаги одоблар тушунилади:  

Биринчи одоб – Аллоҳ таолога муҳаббатли бўлиш.

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан бири У зотга муҳаббатли бўлишдир. Мўмин банданинг қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати билан тўлиқ бўлиши лозим. Аллоҳ таолога муҳаббатли бўлиш деганда қуйидаги ишлар тушунилади:

– Аллоҳга бўлган муҳаббат бошқа барча муҳаббатлардан муқаддам туриши керак;

– Барча яхши кўрилган нарсалар Аллоҳга бўлган муҳаббатдан келиб чиқиши керак;

– Банда қалбидаги Аллоҳ муҳаббати бошқа барча муҳаббатларни бўйсундириши керак.

Ушбу муҳаббатга эга бўлиш мўмин киши учун қанчалар аҳамиятга эга экани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта (хислат) борки улар кимда бўлса, у иймон таъмини албатта ҳис қилади. Кимгаки Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан энг севимли бўлса, яхши кўрган кишисини Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ уни қутқазганидан сўнг куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.

Демак, мўминлик бахтини ҳис қилиш учун Аллоҳга муҳаббатли бўлиш керак.

Иккинчи одоб – Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш.

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан бири У зотни кўп зикр қилиш ҳисобланади. Аллоҳга иймон келтирган, Уни яхши кўрган банда қалбида муҳаббат ва рағбат билан, тилида дуо-ю тасбиҳлар билан, бошқа аъзоларида тоат-ибодатлар билан доимо У зотнинг зикрида бардавом бўлиши лозим. Аслида ушбу ишларнинг барчаси иймон тақозоси ҳисобланади. Чунки бу ишлар мўминлар учун Роббиларининг буйруғидир:

“Эй иймон келтирганлар Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этинглар”[2]

Оятда келган “кўп зикр қилинглар” деган буйруқ тил билан зикр қилишни ҳам, қалб билан зикр қилишни ҳам ўз ичига қамраб олади. Эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этишга бўлган буйруқдан эса банданинг асосий вақти зикр билан ўтиши лозимлиги тушунилади. Чунки бир нарсанинг аввали ва охири айтилса одатда ўртаси ҳам улар билан қўшиб тушунилади. 

Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш бандага дунё ва охиратда кўплаб манфаатлар келтиради:

– Аллоҳнинг зикри сабабли қалблар ором олади. Бундай қалб мусибат чоғида ҳам жазавага тушмайди;

– Аллоҳнинг зикри сабабли шайтондан сақланилади. Чунки шайтон Аллоҳ зикр қилинган жойдан қочади;

– Аллоҳнинг зикри яхши ишларни кўп қилишга сабаб бўлади. Зеро Аллоҳнинг зикри энг улуғ солиҳ амаллардан ҳисобланади.

Учинчи одоб – Аллоҳ таолонинг ҳукмларига риоя қилиш.

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зотнинг ҳукмларига риоя қилишдир. Банда Аллоҳ таолонинг буйруқларига сўзсиз итоат этиши, қайтариқларидан қатъи равишда қайтиши лозим. Бу ҳақида севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Аббос шахсида бутун умматларига шундай насиҳат қилганлар:

Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида эдим. У зот: “Эй бола, мен сенга бир калималарни ўргатиб қўяман: Аллоҳни (Унинг шариатини) сақлагин, У сени (тўғри йўлда) сақлайди, Аллоҳни (Унинг шариатини) сақлагин, Уни олдингда топасан, агар сўрасанг Аллоҳдан сўра, агар ёрдам истасанг Аллоҳдан иста, билгинки, агар сенга бирор нарсада фойда бериш учун бутун уммат тўпланса ҳам, Аллоҳ сенга битиб қўйган фойдадан бошқа бирор фойда бера олмаслар, агар сенга бирор нарсада зарар бериш учун бутун уммат тўпланса ҳам, Аллоҳ сенга битиб қўйган зарардан бошқа бирор зарар етказа олмаслар, қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуригандир”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда қайси бир банда тўғри йўлда бардавом бўлишни хоҳласа, Аллоҳ таолонинг ҳукмларига риоя қилиши, бу йўлда машаққатларга дуч келса, Аллоҳдан ёрдам сўраб сабр билан ҳаракат қилиб бориши тавсия қилинган.  Динимизнинг мўминларга берадиган бахту-саодатидан баҳраманд бўлишни истаган киши албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу насиҳатлари асосида ҳаёт кечириши лозим.

Тўртинчи одоб – Аллоҳга ибодат қилишда ихлосли бўлиш.

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири У зотга ибодат қилишда ихлосли бўлишдир. Зеро амалларнинг қабул бўлиши ихлосга боғлиқ бўлади. Қанчадан-қанча машаққат билан адо этилган амалларнинг қиёмат кунида заррача фойда келтирмаслиги ихлос йўқлиги сабабли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амалларни ихлос балан адо этишга тарғиб қилиб шундай деганлар:

Муовия ибн Абу Суфёндан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта амаллар идиш сингаридир. Агар таги яхши бўлса, юқориси ҳам яхши бўлади, агар таги яроқсиз бўлиб қолган бўлса, юқориси ҳам яроқсиз бўлиб қолади”, – деяётганларини эшитдим”. Ибн Можа ривоят қилган. 

Яъни банданинг амаллари ичига нарса солиб тўлдириб қўйилган идишларга ўхшайди. Идишдаги нарсаларнинг таги бузилмаган бўлса, юқориси чиройли бўлиб тураверади. Худди шу сингари амалларнинг ҳам асли бўлган ният ва ихлос ўзгармаган бўлса, амалларнинг зоҳири ҳам гўзал бўлиб тураверади. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Қалб подшоҳдир, аъзолар эса унинг аскарларидир, агар подшоҳ яхши бўладиган бўлса, аскарлари ҳам яхши бўлади, агар подшоҳ ёмон бўладиган бўлса, аскарлари ҳам ёмон бўлади”, – деган.

Абу Сулаймон: “Қачон банда ихлосли бўладиган бўлса, кўп васваса ва риё уни тарк этади”, – деган.

Демак, банда амаллари қабул бўлиб, Қиёмат кунида ўзига манфаат келтиришини истаса, Роббисига нисбатан одобли бўлиши, яъни Унга ибодат қилишда ихлосли бўлиши лозим. 

Бешинчи одоб – доимо Аллоҳнинг кузатиб турганини ҳис қилиб туриш.

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири У зотнинг кузатиб турганини доимо ҳис қилиб яшашдир. Бу иш Аллоҳ таолонинг буйруғи ҳисобланади:

“Ва билингки, Аллоҳ ичингиздагини албатта билади. Бас, Ундан огоҳ бўлинг”[3].

Яъни Аллоҳ таоло асл мақсадларингизни билиб турибди. Шунинг учун унинг жазосига гирифтор бўлишдан ҳазир бўлинг.

Суфён Саврий бу ҳақида шундай деган: “Сен доимо Унга бирор иш махфий бўлмайдиган зот кузатиб турганини ҳис қилиб туришинг, ваъдасига хилоф қилмайдиган зотдан умидвор бўлиб туришинг, жазолашга қодир зотга (исён қилишдан) сақланишинг лозим”. 

Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшаш бандани доимо тоат-ибодатларга ғайрат қилишга, маъсиятлардан сақланишга ундаб туради.

Олтинчи одоб – Аллоҳ таолодан қўрқиш.

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зотдан қўрқишдир. Аллоҳ таолодан қўрқмаслик Унга нисбатан беодоблик ҳисобланади. Бу беодоблик инсонни Аллоҳга исён қилишга, У зот ҳаром қилган нарсаларни содир этишга олиб боради. Шунинг учун ҳам У зот Ўзидан қўрқишга амр қилган:

“Ва агар мўмин бўлсангиз, мендан қўрқинглар”[4].

Аллоҳдан қўрқиш банда учун ўта муҳим бўлганидан ориф зотлар уни тарғиб қилишга катта эътибор қаратганлар:

– Абул Қосим Ҳаким: “Ким бирор нарсадан қўрқса, ундан қочади, Аллоҳдан қўрққан Унга қочади”;

Бишр Ҳофий: “Аллоҳдан қўрқиш фақат тақводорнинг қалбигагина ўрнашадиган мулкдир”;

– Абу Ҳафс: “Хавф қалбнинг чироғидир. Қалбдаги яхши ва ёмон нарсалар ушбу чироқ билан кўрилади”;

– Яҳё ибн Муъоз: “Бечора одам боласи, агар дўзахдан камбағалликдан қўрққанчалик қўрққанида, албатта жаннатга кирган бўлар эди”.

Аллоҳ таолодан қўрқиш банда учун кўплаб манфаатлар келтиради:

– Маъсиятлардан қайтариб туради;

– Тоат-ибодатларга ундаб туради;

– Қалб доимо Аллоҳни ёд этиб туради;

– Қалб Аллоҳ қўрқуви билан тўлиқ бўлгани сабабли бошқа қўрқувларга ўрин қолмайди.

Еттинчи одоб – Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш.

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зотдан ҳаё қилишдир. Банда Аллоҳ таолонинг ўзини доимо кўриб, ҳолатларидан хабардор бўлиб турганини билиши ва У зотдан ҳаё қилиши лозим. Аллоҳдан ҳаё қилиш қандай бўлишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай тушунтирганлар:

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишда ҳаё қилинглар”, дедилар. Биз: эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, биз албатта ҳаё қиламиз, дедик. У зот: “Ундай эмас, лекин Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бошни ва ундаги нарсаларни сақлашингиз билан, қоринни ва ундаги нарсаларни асрашингиз билан, ўлимни ва чириб кетишни эслаб юришингиз билан бўлади. Ким охиратни хоҳласа дунё зиёнатини тарк қилади. Кимки ушбуларни қилса ўша киши Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.   

Яъни Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш учун банда:

– Бошини ва ундаги қулоқлари, кўзлари ва тилини маъсиятлардан тийиши керак;

– Қалбини гуноҳ нарсаларни қасд қилишдан асраши керак;

– Ҳаром озуқаларни истеъмол қилишдан сақланиши керак.

Кимда ушбу сифатлар топилса, ўша киши Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади. 

Руҳий тарбия уламолари ушбу ҳадиси шарифнинг маъноларини турли содда услублар билан осонгина тушунтириб қўйганлар:

Бир киши Иброҳим Адҳамнинг олдига келиб: “Эй Абу Исҳоқ, нафсим гуноҳ маъсиятларга ботиб кетди, сизда гуноҳ-маъсиятлардан қайтарадиган бирор нарса борми?” – деди.

Иброҳим Адҳам: “Агар айтадиган насиҳатларимни тинглаб уларга риоя қила олсанг сенга бирорта ҳам гуноҳ зарар бермайди”, – деб жавоб берди.

Ҳалиги киши: “Уларни айта қолинг, эй Абу Исҳоқ”, – деди.

Иброҳим Адҳам бешта хислатни санади:

  1. Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг, Унинг берган ризқини емагин!

Ҳалиги киши: “Унда қаердан ейман, ахир ердаги барча нарса Унинг берган ризқи бўлса!”.

Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса, У берган ризқни еб туриб, яна Унга исён қилишни ўзингга эп кўрасанми?!”.

Ҳалиги киши: “Йўқ албатта, иккинчисини айта қолинг”, – деди.

  1. Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг, Унинг ерида турмагин!

Ҳалиги киши: “Эй Иброҳим бу биринчисидан ҳам даҳшатлироқ-ку. Машриқ ҳам, мағриб ҳам уларнинг орасида нима бўлса ҳаммаси Унинг мулки-ку, Уники бўлмаган қаерда тураман?”. 

Иброҳим Адҳам: “Эй инсон У берган ризқни есанг, Унинг ерида яшасанг, яна Унга исён қилсанг, шуни ўзингга эп кўрасанми?!”.

Ҳалиги киши: “Йўқ, асло эп кўрмайман, учинчисини айта қолинг”, – деди.

  1. Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг, У сени кўрмайдиган бир жойни топ-да, исёнингни ўша ерда қил!

Ҳалиги киши: “Ҳой Иброҳим, бу нима деган гап? У зот барча сирлардан хабардор бўлса, қалбдан кечаётган нарсаларни ҳам билиб турса, бирор нарса ҳам Унга махфий бўлмаса?!”.

Иброҳим Адҳам: “Ҳой одам, Унинг берган ризқини есанг, У берган маконда яшаб туриб, Унинг сени кўриб, барча сирларингдан хабардор эканини била туриб, яна Унга исён қилишни ўзингга эп кўрасанми?”.

Ҳалиги киши: “Йўқ, асло эп кўрмайман, тўртинчисини айта қолинг”.

  1. Агар ўлим фариштаси руҳингни олиш учун келса унга: “Тўхтаб тургин, тавба қилиб олай”, дегин.

Ҳалиги киши: “У буни қабул қилмайди-ку”, – деди.

Иброҳим Адҳам: “Агар тавба қилиб олишинг учун ўлимни ўзингдан қайтариб тура олмасанг, жонингни олиш учун келган пайтда асло ортга сурмаслигини билсанг, қандай қилиб халос бўлиш ҳақида умид қиласан?!”.

Ҳалиги киши: “Бўлди, бешинчисини ҳам айтинг”.

  1. Қиёмат кунида Забониялар (дўзахга кирганларни азоблашга тайин қилинган фаришталар) сени дўзахга олиб кетишга келсалар, улар билан бирга бормагин.

Ҳалиги киши: “Улар бунга қараб ўтирмайдилар-ку, – деди”.

Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса нажот топишдан қандай умидвор бўлаяпсан?!”.

Ҳалиги киши: “Эй Иброҳим, бўлди, етарли бўлди, мен Аллоҳга истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан”, – деди. 

Саккизинчи одоб – Аллоҳ таоло учун тақво қилиш.

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зот учун тақво қилишдир. Тақво нима эканини уламолар қисқа ва лўнда сўзлар билан тушунтириб қўйганлар:

 – Абу Абдуллоҳ Рўзборий: “Тақво – сени Аллоҳдан узоқлаштирадиган нарсадан ўзингни олиб қочишингдир”;

– Ибн Ато: “Тақвонинг ташқи ва ички тарафи бордир. Ташқи тарафи шариат ҳукмларига риоя этиш, ички тарафи эса ният ва ихлосдир”.

Тақвонинг жуда кўплаб самаралари бор:

– Аллоҳ таоло тақводор банда билан бирга бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

“Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар билан биргадир”[5].

Аллоҳ таолонинг тақводор банда билан бирга бўлиши деганда уни ҳидоят қилиши, маъсиятлардан сақлаши, унинг амалларини қабул қилиши каби маънолар тушунилади.

– Тақводор банда душманларнинг макридан нажот топади:

“Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макри сизга ҳеч зарар қилмас”[6]

– Ҳақ ва ботил орасини ажратадиган бўлади:

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради”[7].

Тақводорларга Аллоҳ таоло ҳақ ва ботил, ҳидоят ва залолат орасини ажратадиган нур бериб қўяди. Натижада улар залолатга кетмайдилар.

Тўққизинчи одоб – Аллоҳ таолога таваккул қилиш.

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зотга таваккул қилишдир. Банданинг Аллоҳ таолога таваккул қилиши унинг иймони комил экани белгиси бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган: 

“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилувчиларгина мўминлардир”[8].   

Руҳий тарбия уламолари таваккул қилишнинг мўмин учун ниҳоятда аҳамиятли эканини таъкидлаганлар:

– Яҳё ибн Муъоздан: “Киши қачон таваккул қилувчи бўлади”, деб сўрашди. У: “Қачон Аллоҳнинг “Ал-Вакил” (барча ишларда Унга суяниладиган Зот) эканига рози бўлса”, дея жавоб берди;  

– Бишр Хофий: “Баъзилар Аллоҳга таваккул қилдим, дея Аллоҳга нисбатан ёлғон гапиради. Агар у Аллоҳга таваккул қилганида албатта Роббисининг унга қилган нарсасига рози бўлган бўлар эди”, – деган.

Аллоҳ таолога таваккул қилишнинг кўплаб манфаатлари бор:

– Таваккул қилувчини Аллоҳ таоло инсонлар ва жинларнинг ёмонликларидан сақлайди:

“Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи  кифоядир”[9].

– Таваккул мўминнинг қалбида қувват пайдо қилади. Аллоҳга таваккал қилган мўмин банда ҳақ йўлида бирор маломатчининг маломатидан қўрқмасдан ҳаракат қилади. Чунки у Аллоҳнинг изнисиз ўзига бирор бир фойда ҳам, зарар ҳам етмаслигини билади.

– Таваккул қилувчи тирикчилик йўлида мўътадил бўлади. Чунки у ризқи Аллоҳ белгилаб қўйганидан ортиқ бўлмаслигини билади. Тирикчилик учун сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга оширади, бироқ натижани Аллоҳдан кутади. Сўфи Оллоҳёр бобомиз айтганидек:

Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас,

Кетар қадринг қадардин ҳаргиз ошмас.

Яъни эй банда, ҳар қанча чирансанг ҳам Аллоҳ белгилаб қўйган ризқдан бир томчи ҳам ортиқ ололмайсан. Сенинг зиммангда фақат ризқ учун сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш бор холос, ризқинг эса Аллоҳ таолонинг сен учун тайинлаб қўйган нарсасидир. 

Ўнинчи одоб – Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш.

Банданинг Роббисига нисбатан муҳим одобларидан бири ҳар бир амалида Аллоҳ розилиги учун ҳаракат қилишидир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун рад қилса, албатта иймонини комил қилибди”, – дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.  

Аллоҳ таолони яхши кўриш пайғамбарларни ва солиҳ бандаларни яхши кўришни ҳам тақозо қилади. Пайғамбарлар ва солиҳ бандаларни яхши кўриш эса уларга эргашиш ва уларнинг кўрсатмаларига риоя қилишни тақозо қилади.

Ўн биринчи одоб – қазо ва қадарга рози бўлиш.

Мўмин банда учун иймони тақозо қиладиган муҳим ишлардан бири – Роббиси тайин қилган қазо ва қадарга рози бўлишдир. Мўмин киши ўзига етган нарсанинг етмасдан қолиши мумкин эмаслигига, ўзига етмаган нарсанинг эса етиши мумкин эмаслигига иймон келтирган бўлади. Шу эътиқодига кўра ўзига бирор хурсандлик етса, шукр қилишга, бирор хафаликка дучор бўлса, сабр қилишга ўтади. Бундай эътиқоднинг фақат мўминларда бўладиган улкан саодат эканини севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа сўзлари билан тушунтириб қўйганлар:

Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг ишидан ажабланаман, албатта ишининг барчаси хайрлидир, бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда бўлмайди. Агар унга бирор хурсандлик етса, шукр қилади, бу унга хайрли бўлган бўлади. Агар унга бирор хафалик етса, сабр қилади, бу ҳам унга хайрли бўлган бўлади”, – дедилар”. Имом Муслим[10] ривоят қилган.

Ушбу тушунчанинг мўминлар учун қанчалар катта бахту-саодат экани мўмин ва мўмин бўлмаган кишининг мусибатга учраган ҳолатида яққол намоён бўлади. Ҳа, бундай ажойиб бахтга эришиш учун киши фақат мўмин бўлиши ва иймони тақозосига кўра ҳаёт кечириши лозим.

Шунинг учун ҳам баъзи уламолар ушбу ҳадисни таърифлаб: “Ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир, ёки бутунлай Исломдир, дейилса ҳам ҳеч бир муболаға қилинмаган бўлади”, – деганлар.

Ушбу одобларга риоя этиб уларнинг самараларидан дунё-ю охиратда баҳраманд бўлишга Аллоҳ таоло барчаларимизни муваффақ қилсин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

БОРЛИҚНИНГ ТАДБИРИНИ ҚИЛИБ ТУРУВЧИ ЗОТ

 

[1] اَلْ накра исм олдидан келса, ўша исм маърифага айланади. Ушбу اَلْ ё жинсни тўлалигича маърифа қилиш учун, ёки қайсидир бир таниш бўлагини маърифа қилиш учун ишлатилади. Жинсни тўлалигича маърифа қилиш учун келгани “жинсия” дейилади, қайсидир бир таниш бўлагини маърифа қилиш учун келгани “аҳдия” дейилади. “Аҳдия”  اَلْ га мисол: ضَيْفٌ فَأَكْرَمْتُ الضَّيْفَ جَاءَنِي (меникига меҳмон келди ва мен келган меҳмонни яхши кутиб олдим).

“Жинсия”  اَلْ нинг ўзи икки хил маънони ифодалаш учун келади:

  1. Истиғроқ учун (жинс вакилларини тўлалигича қамраб олиш учун). Масалан, وَخُلِقَ الإِنْسَانُ ضَعِيفَا (Барча инсонлар заиф қилиб яратилгандир).
  2. Жинс ҳақиқатини баён қилиш учун. Масалан, نَاطِقٌ حَيْوَانٌ اَلْإِنْسَانُ (Барча инсонлар(нинг ҳақиқати) нутқ қилувчи жонзотдир).

[2] Аҳзоб сураси, 41, 42-оятлар.

[3] Бақара сураси, 235-оят.

[4] Оли Имрон сураси, 175-оят.

[5] Наҳл сураси, 128-оят.

[6] Оли Имрон сураси, 120-оят.

[7] Анфол сураси, 29-оят.

[8] Анфол сураси, 2-оят.

[9] Талоқ сураси, 3-оят.

[10] Муслим ибн Ҳажжож ибн Қушайрий Найсабурий ҳижрий 204 йилда ҳозирги Эрон ҳудудига кирувчи Найсабур номли жойда туғилган. Илм талабида Басра, Ҳижоз, Миср, Шом ва Бағдод каби диёрларни кезиб чиққан. Бу зотнинг “Саҳиҳу Муслим” номли китоби жуда машҳур бўлган. Бундан ташқари “Муснадул кабир”, “Ал-куна вал асмо” ва “Китабу авладис соҳаба” каби кўплаб китоблари бўлган. Имом Муслим ҳижрий 261 йилда 55 ёшда Найсабурда вафот этган.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мазҳабсизлик хатарлари

16.12.2025   4301   17 min.
Мазҳабсизлик хатарлари

Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг шуҳрати янада кенг ёйилаётганлиги хаммага маълум. Аммо буни кўра олмайдиганлар томонидан бунга қарши турли найранглар ўйлаб топилаётганлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Мусулмонлар орасида фитна қўзғаб, ўзаро келишмовчиликларни келтириб чиқариш ва жамият хаётида барқарорликни издан чиқаришда исломни нотўғри талқин қилиб, унинг номидан турли нотўғри ғоя ва оқимларни пайдо қилиш энг сермахсул қуролга айланиб қолди. Айни шу асосда мазҳабсизлик муаммоси ҳам пайдо бўлганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас. Мазҳабсизлик ғояси асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган мехнатларини бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча мусулмон адашган экан деган хулоса келиб чиқади. Бундай бўлиши мумкин эмас, буни тилга олишни ўзи қийин. Бу пайғамбаримиз с.а.в.нинг суннатларига хам тўғри келмайди, зеро У киши шундай мархамат қилади: “Аллох умматимни бирор залолатга жамламас”. Бошқа бир хадисда: “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллохнинг ҳузурида ҳам яхшидир” – дейилган.

Ўзбек халқи неча асрлардан бери суннийликнинг тўрт фиқхий мазҳабидан бири бўлмиш ҳанафийлик мазҳабига амал қилиб келади. Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётнинг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар ўртасидаги хар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гурухларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.

Халқимиз ўз мустақиллигини қайтадан қўлга кириганидан сўнг динимизга кенг йўллар очиб берилди. Диний маърифий соҳаларда турли мусулмон давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Аммо шу билан бирга четдан мазҳабсизлик ғояси ҳам кириб келди. Улар ўзларининг нотўғри аммо зоҳирда гўзал даъватларига бир қанча юртдошларимизни ишонтиришга улгурди. Улар халқимизнинг азалдан амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳабини нотўғрига чиқарди. Бу эса ҳанафий мазҳабига амал қилувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди. Натижада мусулмонлар ўртасида низо, тортишув юз бериб ихтилофлар авжига чиқди. Мазҳабларга эргашишдан қайтариш ҳали динни тўлиқ билмайдиган, Қуръоннинг таржима ва тафсири у ёқда турсин, уни тўғри ўқий олмайдиган юртдошларимизнинг диний ҳукмлар ҳақида тортишиб бир- бирини адашганга чиқаришларига сабаб бўлди.

Турли хил ихтилоф ва келишмовчилик таъсирида ўз яқинларидан, халқидан ва юртидан норози кайфиятда бўлган экстеримизмга мойил кишилар пайдо бўлди. Улар энди нафақат мазҳабга амал қилувчилар билан балки ўзаро бир- бирлари билан келишмас эди. Уларнинг ўзлари хам турли номсиз фирқаларга ажралиб кетди. Бундан эса турли экстремистик рухдаги ғаразли кучлар унумли фойдаланди. Ўлкамизга четда шаклланган радикал оқимлар кириб келди ва тарқоқ номсиз фирқаларни ўзларига қўшиб олди.

Рамазон ал- Бутий: “Мазҳабсизлик- ислом шариатига тахдид солиб турган энг катта бидъат” деб айтгани бежиз эмас. Зеро динимиз мусулмонларни ўзаро бирлашишга ва фирқаларга бўлинмасликка буюради.

واعتصموا بحبل الله جميعا ولاتفرقوا

 

Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини (яъни динини) махкам тутинг ва бўлиниб кетманг” деб марҳамат қилади. Оли Имрон сураси 103-оят.

Бошқа бир оятда:

فاسألوا أهل الذكر ان كنتم لا تعلمون

 

“Агар билмасангиз зикр аҳилларидан сўранг” Анбиё 7-оят.

Ушбу ояти каримада бир инсон шаръий масалада илми бўлмаса ўзича қарор қабул қилмай балки дарров аҳли илм олим инсонлардан сўрашликка буюрилдилар. Келинг энг аввло мазҳаб сўзини қандай маънода эканлигини тушуниб олайлик.

“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили – булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб чиқиб қамраб олганидир.

Бу ҳақда аллома Ибн Ражаб (ваф. 795/1393) ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” асарида қуйидаги сўзни айтганлар: “Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан фақат биттаси қолганига ўхшайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини атрофга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан яъни, Усмон мусҳафида ёзилган хатидан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”.

Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:

Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмларини ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами ва марҳамати бўлди”.

Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: “Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатий бўлиш худди тоғнинг чўққисига чиқишдек бўлса, мазҳаб имомлари – Қуръон, ҳадис ва шуларга асосланган манбалардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Чўққига чиқувчилар мазкур буюк тўрт имом кўрсатган йўлдан бирини тутсалар осонгина, қийналмасдан мақсадига эришади”.

Имом Бадруддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.

Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилган.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, бир-бирларига ёки Расулуллоҳга эргашганлар”.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан яна бири – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилишдир:

"فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ"

 

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Тўғри мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, уларга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” китобида шундай деганлар: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадир. Бир юртда улардан қайси бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши (оят ва ҳадислардан ўзи мустақил ҳукм чиқаришга қодир бўлмаган киши) учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас.

Агар бир юртда барча мазҳаблар тарқалиб, машҳур бўлган бўлса, ҳамда у мазҳабларнинг уламолари ҳам етарли бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун улардан бирини танлаб, ўша мазҳабга эргашиши жоиз бўлади”.

Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Юқоридаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг Ўзбекистонимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар.

Машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг “Мажмаъул муассас фил мўъжамил муфаҳрас” асарида ўзлари шофеий бўлишларига қарамасдан ҳанафий мазҳабимизни мақтаб шундай деганлар: “Ҳанафий мазҳабида бизнинг мазҳабимизда учрамайдиган мустаҳкам асосга эга қоидалар бор”.

Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан ортиғи айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар.

Хуллас, мазҳаблар, хусусан ҳанафий мазҳабимиз ҳақидаги мақтов ва эътирофлар ниҳоятда кўп бўлиб, бу жойда уларнинг барчасини келтиришга имкон йўқ.

Афсуслар бўлсинки, мана шундай барча етук олимлар эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, “мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, катта хато қилмоқдалар. Хатоларининг асосий сабаби – улар мазҳаб ўзи нима, асосчилари кимлар эканлигини билмасликларидандир, яъни жаҳолатдандир.

Мазҳаббошилар саҳиҳ ҳадисларни ҳасанидан, ҳасан ҳадисларни заифидан, носих ҳадисларни мансухидан ажрата оладиган бўлганлар. Шунингдек, улар оят, ҳадис ва осорларнинг (саҳобалардан ривоят қилинган хабарларнинг) маънолари ва шарҳларидан хабардор бўлганлар ҳамда оят ва ҳадислардан ҳукм олиш учун зарур бўлган бир қанча илмларни билганлар. Бизни ҳозирги замонда бундай зотларни топиш амримаҳол ишдир.

Ҳижрий еттинчи асрда яшаган Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу мавзуга доир қуйидаги фикрларни айтганлар: “Мужтаҳиднинг ҳукмига қарши саҳиҳ ҳадис топган киши унга амал қилиши учун алоҳида шартлар бор. Бу шартларни ўзида мужассам қилган кимса бизнинг замонамизда ўта оздир”.

Эътибор берайлик, Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий еттинчи асрда туриб, бизнинг замонамизда бундай одам оздир, демоқдалар. Ҳозирги ўн бешинчи ҳижрий асрда бундай шартларни ўзида мужассам қилган зотлар бормикан?

Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар “талфиқ” дейдилар. Динда адашмаслик учун, тўрттадан маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим.

Уламоларимиз: “Ҳатто илми юқори даражага етиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини аниқлаш даражасига етган одам ҳам бировларга бу ҳақда гап очмасин, фатво бермасин. Ўзи амал қилса, рухсат”, – деганлар.

Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар орасида ихтилоф чиқармаслик учун кўрилган чора-тадбирлардир. Бундай чоралар айниқса оммавий диний илмсизлик ҳукм сураётган маконлар ва замонлар учун жуда ҳам зарур.

Маълумки, аҳли сунна вал-жамоадаги тўрт мазҳабнинг барчасини эътироф этамиз ва ҳурмат қиламиз. “Усулул фиқҳ” китобларида таъкидланганидек, улардан фақат биттасига тақлид қиламиз, яъни эргашамиз.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80 йилда таваллуд топганлар.

Имоми Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 93 йилда таваллуд топганлар.

Имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 150 йилда таваллуд топганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 164 йилда таваллуд топганлар. Демак, энг аввал туғилган, саҳобалар асрида таваллуд топган Имом – бизнинг Имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдир. У зот Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига замондош бўлганлари маълум, бошқа мазҳаббошилар эса саҳобаларнинг суҳбатларини топмаганлар. Шунинг учун улар Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар. Мазҳаб бошлиқларидан бири Имоми Шофеий Имоми Аъзамни шундай эътироф қиладилар: “Одамлар ҳаммалари ва барча уламолар Қуръону ҳадисни англашда ва масъала илмида гўё Имоми Аъзам Абу Ҳанифа қарамоғидаги оила аъзоларидир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан рақобот қилиш даражасига чиққан инсон йўқ”.

Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ эса, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни улуғлаб, шундай тавсиф этганлар: “Мен ҳадис илмини билишда, жаноби Расулуллоҳнинг охирги ҳадисларини етказишда ва энг саҳиҳ ҳадисларни англаб етишда Имоми Аъзамга ўхшаган бошқа инсонни учратмадим”. Бу зот доимо Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар.

Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари ўз ота-боболари танлаган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига ихлос ила эргашишлари ўта муҳим ва жуда зарурдир!

Тасаввур қилинг! Агар ҳамма инсонлар мазҳабсизлик сахросига йўл олса, нима бўлади?

Бу саволга замонамиз уламоларидан бўлмиш Муҳаммад Саъид Рамазон бутий р.а. хазратларини сўзларини иқтибос қилиб келтирамиз. У киши айтадилар: “Агар ҳамма одамларни уй жой қурилиши лойиҳаларида муҳандисларга эргашишдан, уларнинг хизматидан фойдаланишдан ва уларга таянишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Саломатликлари билан боғлиқ муаммоларда кишиларни шифокорларга эргашишдан, уларга таянишдан ва уларнинг сўзларига сўзларига амал қилишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Ишлаб чиқариш ва тирикчилик воситаларида одамларни ана шу ишлаб чиқариш мутахасисларига эргашишдан, уларнинг билим ва махоратларидан фойдаланишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Агар ҳамма одамларни ана ўша мутахасисларга эргашишни тарк қилишга, унинг ўрнига ўша ишларнинг барчасида ўзлари ижтиход қилишларига, изланиш ва ижтиходдан кейин келадиган шахсий қаноатига суянишга чақирадиган бўлсак, кейин ўша одамлар даъватимизни тасдиқлаб, айтганларимизни қилишса, нима бўлади?

Албатта, бу иш орқасидан келиб чиқадиган нарса – бу шубхасиз, тамаддунни, экин- текинни ва наслни барбод қиладиган бош- бодоқликдир. Одамлар уйларини обод қиламан деб, хароб қилиб юборадилар, даволанаман деб, жонларини халок қиладилар, ишлаб чиқараман, саноатни ривожлантираман деб, бошларига фақирликни ва таназзулни орттириб оладилар. Чунки улар ижтиҳодни ўз ўрнига қўйа билмадилар ва шартларига риоя қилмай туриб, уни татбиқ қилдилар. Одамларнинг ҳамкорлик, ўзаро ёрдам бериш, илм ўрганиш ва тўғри йўлни топишда бир- бирлари билан боғликларидан иборат Аллоҳнинг борлиқдаги суннатига бепарволик қилдилар ”.

Хулоса қилиб айтганда Ислом динидаги мазҳабларнинг турли-туманлиги камчилик бўлмасдан балки бир ҳикматдир. Бу умматларга енгиллик ва осонликдир. Аммо бу ҳикматни тушунмасдан ихтилоф чиқариш эса катта мусибатдир. Бу англашилмовчиликдан кўпрок мусулмонларнинг ўзи зарар кураётганлари ҳам маълум. Шунинг учун ихтилофларга бормасдан илм-маърифатга ёндошиш эса асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Шуни хам айтиб утиш керакки ихтилоф чиқараётганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилади. Бунга сабаб уларнинг ёшлиги ва шу соҳа бўйича билимларининг етишмаслиги, қолаверса, кимларнингдир сўзларига алданиб қолишларидир. Инсоннинг онги биринчи қабул қилган маълумот нотўғри булсада, тўғри хабар сифатида қабул қилар экан. Шундан кейин унга тўғри маълумот берилса ҳам нотўғри деб қабул қилади. Шунинг учун биринчи олинаётган маълумот ҳақиқий тўғри эканини аниқлаш ва кейингина уни хотирада сақлаш лозим бўлади.

Иброҳим домла САИДОВ,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

МАҚОЛА