Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Январ, 2025   |   5 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:33
Аср
15:27
Шом
17:11
Хуфтон
18:30
Bismillah
05 Январ, 2025, 5 Ражаб, 1446

Карантиндан қандай фойдаланяпсиз? Соҳамизда ишлаётган барча (имом-хатиб, ноиб, мударрис, отинойилар)ларга тавсиялар

10.04.2020   2034   6 min.
Карантиндан қандай фойдаланяпсиз? Соҳамизда ишлаётган  барча (имом-хатиб, ноиб, мударрис, отинойилар)ларга тавсиялар

Имомларни жамият пешвоси, деймиз. Бу гап айни синовли кунларда янада ёққол ўз ифодасини топмоқда. Ҳозир кўпчилик инсонлар тоат-ибодатга, оилавий аҳлликка, фарзандлар тарбиясига кўпроқ эътибор бермоқда, хайрли ишларга кўп бел боғламоқда, эҳтиёжманд кишилар ҳақида ҳар қачонгидан кўп қайғурмоқда. Аслида, бу каби хайрли ишлар имомларнинг кундалик фаолияти саналади. Шу кунларда имом-хатибларнинг бу борадаги ишларининг салмоғи янада сезиларли даражада ортган.  

Ҳеч нарса беҳикмат бўлмайди... Бугунги синовли кунлар ҳам. Мўмин-мусулмон киши ҳар қандай ҳолатда тафаккур ила Аллоҳга таваккал қилади, хайрли ишларга интилаверади. Шу боис бугун оммавий тарзда тарқалаётган коронавирусдан ўзимиз ва ўзгаларнинг соғлигини сақлаш учун энг мақбул йўл карантинни лозим тутишимиз даркор. Умр қисқа, деймиз. Карантин даври эса ундан минг чандон қисқа. Ана шу вақтни оиламиз бахту осойишталиги, фарзандларимиз таълим-тарбиясига сарфлашимиз айни муддао.

Ҳар қандай вабонинг кенг тарқалишининг олдини олишда бутун дунёдаги энг самарали услуб карантин ҳисобланади. Бунинг яққол исботини Хитой каби давлатлар мисолида кўриш мумкин. Хитой қатъий тартиб асосида карантин жорий қилиб тезлик билан ёйилиб, ҳатто баъзиларнинг ўлими билан якунланаётган вабо устидан назорат ўрната олди.

Карантин [итал. quarantena – қирқ кун], карантинлаш – ўта хавфли юқумли касалликлар тарқалишини чеклашга қаратилган эпидемияга қарши маъмурий ва санитария тадбирлари мажмуи.

Дунё аҳлининг ҳаловатини ўғирлаган вабо туфайли ҳозир жуда кўп давлатларда карантин эълон қилиниб, йиғин ва тадбирлар, халқаро қатновлар бекор қилинди. Тўй-маъракалар, таълим муассасалари, диний маросимлар, ҳаттоки масжидларнинг вақтинча тўхтатилиши бу вабонинг нақадар жиддий эканини кўрсатади. Афсуски, бу вабодан юртимиз ҳам истисно бўлгани йўқ. Ўзбекистонда «CОVID-19»га чалинган беъморлар аниқланиши билан дарҳол карантин жорий қилинди.

Карантин ҳолати яқин тарихимизда ҳали кузатилмагани боис баъзи юртдошларимиз ваҳима, қўрқувга тушиб қолди. Бунга бир жиҳатдан ахборот воситалари ва интернет тармоғининг ривожи ҳам ўз «ҳисса»сини қўшди. Агарда вабога қарши фақат шифокорлар ва фақат масъул мутасаддилар эмас, барчамиз бирдек курашадиган бўлсак, у тезда даф бўлади. Унинг учун халқимиздан тартиб-интизом, бирдамлик ва фидокорлик талаб этилади. Шунингдек, атрофдагилар ҳам карантин ҳолатида барча тартиб қоидаларга риоя қилиб, сабабларни ҳозирласалар, вабони ҳеч қандай ортиқча хавотирсиз енгиш мумкин.

Шу билан бирга, карантин даври – ҳар бир касб эгаси, жумладан, имом-хатибларимиз учун ўз устида ишлашга жуда қулай фурсат. Ҳадиси шарифларимизда: "Бўш вақтингизни ғанимат билинг, банд бўлиб қолишингиздан олдин" деб айтилгани ҳаммамизга маълум.

 Ҳозирги карантин вақтидан унумли, сермазмун, сермаҳсул ва сермаъно фойдаланиб, имом-домлалар ўзларининг қироатларига эътибор беришлари, мўътабар манбаларни такрорлашлари, ақида, қироат, тафсир, фиқҳ, ҳадис китобларини ўқиб, фанлардан пухтароқ изланишлари, билганларини мукаммаллаштириб олишлари тавсия этилади. Қолаверса, ўзлари ҳам ижод қилиб, китоб, мақола ёзишлари, илмий иш қилишлари учун Худои таолодан яхши имконият. Доно халқимиз ҳам: "Бекор ўтиргандан, бекор ишла", "Бекорчидан Худо безор" деб бежиз айтмаган.

Абу Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:

Қавмга уларнинг ичидан Аллоҳнинг Китобига қорироқлари имом бўлади. Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари бўлади...” – дедилар” (Муҳаддис имомлардан бешталари ривоят қилганлар). 

Абу Марсад Ғанавийдан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар намозингизнинг қабул қилиниши сизларни масрур қиладиган бўлса, уламоларингиз имомлик қилсин,” – деганлар” (Имом Ҳоким ривоятлари).

Демак, Ислом дини имом-хатиб зиммасига катта вазифалар юклайди. Имом-хатиб Аллоҳ таолонинг марҳамати билан диний ва дунёвий илмлардан баҳраманд бўлиб, улуғ устоз, мударрис ва муаллимлардан етарли ва зарур билимларни олади. Шунингдек, халқимиз ибодатларни тўғри адо этишида, маросимларни рисоладагидек ўтказишида ва динимизнинг эзгу таълимотларини мўмин-мусулмонларга тўғри етказишда имом-хатибнинг хизмати жуда ҳам каттадир.

Ҳозирги карантин даври имомларимиз диний ва дунёвий билимларини мустаҳкамлаш учун муҳим палладир. Замон талаби ҳам шуни тақозо этмоқда. Шунинг учун ҳам ҳар бир имом-домла бугунги карантин даврида ўз устиларда мунтазам ишлашлари, касб маҳоратлари, билим савияларини ошириб олишлари зарур. Айниқса, ақида, қироат, тафсир, ҳадис, фиқҳ, сийрат фанлари бўйича илмларини янада сайқаллаб, мўътабар китобларни яна бир карра мутолаа қилишлари талаб этилади. Шундагина имом ҳақиқий пешво мақомини янада мустаҳкамлайди ва халқ ҳурматини қозонади.

Шундай экан, бугунги кун имом-хатиблари зиммаларидаги юксак масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда асл ва эзгу диний маърифатни, Мотуридия таълимоти, Ҳанафий мазҳаби ҳукмларини яна бир бор мутолаа қилиб, келгусида оммага чиройли равишда етказишлари зарур.

Имом Аъзам рахматуллоҳи алайҳи: "Билмаган нарсаларимни оёғим остига қўйганимда, бошим кўкка етар эди," – деган эканлар. Барча соҳаларда янгилик ва кашфиётлар пайдо бўлмоқда. Илму фан, техника ва ахборот алмашувлари жиддий суръатлар билан кучайиб бормоқда. Мана шундай шароитда имом-хатибларимиз, диний уламоларимиз ўз устиларида ишлаб, илмий савияларини оширишларини замоннинг ўзи тақозо қилмоқда.

Бинобарин, имом-хатибларимиз ҳар куни диний билимларини зиёда қилиш ҳаракатида бўлиш билан бирга юртимизда, дунёда рўй бераётган воқеа ва ҳодисалардан хабардор бўлишлари ҳамда карантин мезонларига амал қилишларини Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг халқ оммасига етказишлари даркор.

Худо хохласа, карантиндан сўнг вазият барқарорлашганда масжидлар очилади. Имомларимиз яна меҳробга чиқиб мўмин-мусулмонларга намоз ўқиб берадилар, минбарга чиқиб хутба ва маърузалар қиладилар. Ўша пайтда қироатларини янада гўзал қилган, билимларини янада мустаҳкамлаган имом-домлаларимиз халқимиз меҳр-муҳаббатини янада кучлироқ қозонади ва янада кўпроқ маърифат улашади, иншо Аллоҳ.

Имомларимиз кўплаб ваъз насиҳатлар қиладилар. Таълим ва тарбиянинг энг самарали кўриниши бу – маърифат улашаётганнинг ўзи аввало шахсий намуна курсатишидир. Шу боис имомларимиз бугун ҳар бир ҳолатда ўз илмларини ошириб, тоат-ибодатда мустаҳкам бўлиб, халқимиз ва дунё аҳлидан бало ва офатларни тезда кўтарилишини сўрашлари ҳозирги куннинг энг асосий ишидир.

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Намозда қироат масаласи

4.01.2025   3588   2 min.
Намозда қироат масаласи

Ҳанафий мазҳабимиз фиқҳ китобларида намоздаги қироатга доир масалалар, шу­нингдек, қироат ҳамда алоҳида боб ёки фаслларда батафсил баён қилинган. Чунки қироат намоз ичидаги фарзлардан биридир. Намозда қироат мукаммал бўлмоғи зарур.
Фиқҳ китобларимизда, шунингдек, на­мозга тегишли илмларни ўқиб-ўрганиш тунги нафл (таҳажжуд)нинг савобидан ор­тиқроқ ва афзал экани ҳам таъкидланган.

Биз “Ҳидоя”, “Мухтасарул-виқоя”, “ал-Их­тиёр”, “Маслакул-муттақийн” ва бош­қа ўн­лаб ҳанафий мазҳабимиз фиқҳ китобла­рида баён этилган намозда Қуръон оятла­рини хато қилмасликка доир масалаларни ва фатволарни жамлаб, икки қисмли китоб қилинади.
Китобнинг 1-қисми беш вақт намозда зам сура қилиб ўқиладиган оятлар қироатида юз берадиган хатоликларга доир муҳим маълумотлар тўпланди. Қуйида шу китобнинг 1-қисмидан парча ҳавола этмоқдамиз:

  1. Намозхон Масад сурасининг “Таббат ядаа абии Лаҳаб” (تبت يدا أبي لهب ) жумласини “Таббат адаа аби Лаҳаб” (تبت أدا أبي لهب ) деб ўқиса, намози бузилади.
  2. Қурайш сураси қироатида “Риҳлата-ш-шитаи ва-с-сойф” (رحلة الشتاء والصيف) жумласидаги “сойф” (صيف) ни “сийн” (س) билан “сайф” (سيف) деб ўқиса, намози бузилади.
  3. Шунингдек, мазкур жумладаги “шитааун” (شتاء) сўзини “то” (ط) ҳарфи билан “шитоун” (شطاء) деб ўқиса, намози бузилади.
  4. Мазкур сура охиридаги “…каъасфин…” (كعصف) сўзининг (ҳарфлари ўрнини алмаштириб) “каъафсин” (كعفص) деб ўқиса, намози бузилади.
  5. Маъун сураси қироатида “…ядуъъу-л-ятийм” (يدع اليتيم) жумласини “…ядуу-л-ятийм” (يدع اليتيم) деб “айн”ни ташдидсиз (яъни, битта қилиб) ўқиса, намози бузилмайди. Лекин “дол”ни сукунли қилиб “ядъу-л-ятийм” (يدع اليتيم) деб ўқиса, намози бузилади.
  6. Фалақ сураси қироатида “ва мин шарри ғосиқин изаа вақаб” (ومن شر غاسق إذا وقب) жумласидаги “ғосиқин” сўзини “фосиқин” деб ўқиса, намози бузилади.
  7. Наас сураси қироатида “…Мина-л-жинна­ти ва-н-наас” жумласини “мина-л-жинната” деб насб қилиб ўқиса, намози бузилади.
  8. Фийл сурасидаги “…кайдаҳум фий тазлийл” (كيدهم في تضليل) жумласини “Зо-изғи” (ظ) ҳарфи билан ўқиса, баъзи уламолар “намоз дуруст бўлмайди”, дейишган.
  9. Тийн сураси бошланишида “Ва-т-тийн” сўзини “то-итқи” (ط) ҳарфи билан ўқиса, намози бузилади.
  10. Ихлос сурасининг “Қул ҳуваллоҳу аҳад” (قل هو الله احد) жумласидаги “аҳад” (احد) сўзини “те” (ت) ҳарфи билан “аҳат” (احت) деб ўқиса, намози бузилади.

    Давоми бор...

Имом Сарахсийнинг “Муҳит” асари ва бошқа манбалар асосида
ЎзРФАШИ катта илмий ходими, ТошДШУ доценти
Баҳриддин УМУРЗОҚОВ тайёрлади.